Бир қишни ўтказишга 3-4 миллион сўм етмайди - Қишлоқда қишлаш ғам-ташвиши. Видео

қишлоқ

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Сурхондарё
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу йилги қиш шу даврлар ичида алоҳида тайёргарлик талаб этадиган алоҳида жараён деб кўрилмоқда. Боиси шу йил баҳорида газ ва светга ўрнатилган расмий чекловлардир.

Худди шу мезон қишдан омон чиқиш ташвишини мамлакатнинг бутун бир аҳолисига баробар тааллуқли этиб қўйган, чунки ҳатто қурбли бадавлатлар ҳам уйини иситишга иқтисод қилишдан қайғуриб, бунга ўзгача бошини қотирган.

Қишлоқ аҳолиси эса азалдан қиш тараддудини қўлбола, жайдари усуллар орқали кўришади.Ўтин тайёрлаб, таппи тайёрлашади.Улар орасида электрга суянадиган, ўтин, кўмир сотиб олишга қурбли қатлам ҳам бор, бироқ бу борада табақалашишни намоён этувчи бундай кишилар сони ҳар бир қишлоқ манзилида бармоқ билан санарлидир.

Алоқадор мавзулар:

Зотан ҳозирда мамлакатнинг турли қисмларида, қишлоқ жойлари электрнинг деярли узлуксиз таъминоти йўлга қўйилган.

Бу қишда муаммоларни аритадиган асосий восита деб ҳам қаралади, бироқ бунга таянадиганлар сони озчилик.

Қишлоқликлар қандай бўлмасин қишнинг қаҳратон , аёз келмаслигига умид билан кўз тикиб, қўлдан, қурбдан келган чораларини ишга солишга уринадилар.

Кўпга келган қиш

Кузнинг сўнгги ойлари серқуёш кунлари билан етарли бўлса-да, ўртада қишдан дарак жуда совуқ об-ҳаво ҳам рўй берди.

Шеробод туманининг марказдан 20 км йироқликдаги Айинни қишлоғига қишга тайёргарлик борасидаги аҳволни боришдан олдин ана шундай ҳаволи кунлар энди тугаб, яна илиқ кунлар туркуми бошланаётганди.

Аммо худди шу ҳавода ҳам кечки пайт уйнинг ичида печка ёқмасдан тунни ўтказиб бўлмайди.

BBC.COM/UZBEK
O‘zimiz uchun bo‘lmasa ham beshikdagi go‘dak uchun uyni bir ikki soatga bo‘lsayam amal- taqal isitishga majburmiz. Chunki go‘dak sovqotsa buni o‘zi aytolmaydi, bunga chidolmaydi.
Bekzod
Kirakash (Batafsil: bbc.com/uzbek)

“Бизда қишни ўтказиш доимо бир дунё ташвиш бўлиб келган. Мен яшаётган уй бетондан қурилган. Бешикда ётадиган чақалоқ фарзандимиз бор. Ўзимиз учун бўлмаса ҳам гўдак учун уйни бир икки соатга бўлсаям амал- тақал иситишга мажбурмиз. Чунки гўдак совқотса буни ўзи айтолмайди, бунга чидолмайди. Катталар эса камида кўрпа ичига бекинишлари мумкин. Бетон девор иссиқликни аямай “ямлаб ютади”,бир хонани бўлсаям иситиш ўта қийин. Ҳовлимизда деярли мевали дарахтлар қолмади ҳисоби. Экологлар кўзидан шамғалат қилиб, жаримага дучор бўлмаслик учун дарахт, буталарни тунда ёки тонг қоронғисида кесишга уринамиз. Элчилик-сотқинлар ҳам бор. Жаримагаям тортилиб жазоланамиз. Мана шундай гўёки тўрт томон боши берк ҳолда қишдан чор, ночор чиқамиз," - дейди 39 ёшли киракашлик билан машғул қишлоқ фуқароси Бекзод.

Унинг айтишича, сўнгги уч йил мобайнида свет унчалик ўчмайди, лекин унинг қимматлиги ҳамда лимит ўрнатилгандан унга ортиқча умидворлик йўқ.

qishga tayyorgarlik

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

”Аномал совуқ ҳукм сурган йил, бундан икки йил муқаддам ҳатто совуқдан қотиб ўлиб қолибди деган ишонарли гап-сўзлар ҳам қулоққа чалинди. Қишдан амаллаб чиққанлар охирида эвазига касаллик орттириб олиши тайинли ҳол. Кимдир даволанади, бор пулини дори-дармонга кетказиб, кимнингдир эса бунга иложсиз...” - дейди Бекзод.

У биз билан суҳбатда расмий идоралар эътибори уларнинг қишлоғига мутлақо ёпиқлигидан куйинди. Унга кўра, ҳар уч ойда бир балондан 20 минг сўмга газ тарқатилади. У эса ярим ойга етмай тугаб битади.

Қишлоқнинг аҳолисининг аксар қисми тоза сувни сотиб олади. Бир тонна сув 120 минг сўм, лекин уям бир ойга етмай сарфланиб адоғига етиши мумкин.

Демакки, одамлар кўча-кўйдаги, даладаги ўтин, шох-шаббалар ҳам тўплаб уйини иситади.

Яна анорзорлардан ўтин тўплаганлар бор. Яна пилладан қолган тутлар ҳам жонга оро киради кимгадир.

Илгари яқин чор-атрофдаги чўл-саҳро ҳудудидан маҳаллий тилда жулғун, яъни саксовул ўсимлиги териб келтириларди, эндиликда эса “Қизил китоб”га киритилган деб ҳисобланиб, уни юлганлар улкан жаримага тортиляпти.

“Ўзи йилда ҳар бири уч ойдан иборат тўрт фасл бор, бироқ аҳволинг қанақа, қандай яшаяпсан, деган бирор раҳбар, расмий зоғни на қаҳратонда, на жазирамада кундузи, атиги бир кундаям чироқ ҳам ёқиб тополмайсиз. Шунинг учун чекимизда қолганига , имконга қараб иш тутишдан бошқа чора йўқ,” - дейди бошланадиган қиш ҳозирлигидаги Бекзод.

"Ўзинг учун ўл, етим..." - Яна долзарб мақол ёки шиорми?

qishloq uyi

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Олломурод 5 ойли ўғил чақалоқ фарзанди, 6 ёшли қизи ва хотинини қишнинг қировли кунларидан омон олиб чиқиш учун ёз ойларидан бошлаб тайёрланади. У бизга таппи ва шох-шаббалар орасталик билан тахланган омборини очиб кўрсатади.

“Бизда аҳволинг учун ўзингга ўзинг қайғурмасанг совуқда нобуд бўлишинг ҳеч гапмас. Бировга кўз тикиб, кўмак кутишдан наф йўқ. Ҳали қиш бошланмаган бўлса-да кечда совуқ бўляпти. Шунга чақалоқ учун бир соат бўлсаям печкани ёқиб уйни илитамиз. Қишни ўтказиб олишга ҳаминқадар таппи ва ўтинларни шахсан ўзим йиғиб тайёрлаганман. Қаерлардадир маҳаллаларда кўмир тарқатилиб сотиляпти деган гапларни эшитдик, бироқ буни бизга келтиришган тақдирда ҳам уни сотиб ололмаймиз. Мен 2-гуруҳ сил касаллиги бўйича ногиронман. Бир миллион сўмга яқин нафақа оламан. Кўмир сотиб олиш нари турсин , электр печни ёқишга ҳам кўп пул ютади деб ёқишга қўрқамиз. Устига устак бу йил лимит деган гаплар чиқди” -дейди Олломурод ака.

Унинг молхонаси яқинида бир сигир боғланган. Жониворнинг ахлати ҳам оила учун қадрли иссиқлик манбаси, лекин яхшилаб қуритиб олишга муҳтож. Кейингина уни печкага солиб, чўғида исиниш мумкин бўлади.

Яна бир диққатли жиҳат шуки, Олломурод ака сигирни даволаниш учун синглисига сотган.

“Сигир энди меникимас, уни тапписи учун қараб туришга синглимдан ижарага олганман. Эвазига сигирни боқиб беряпман. Шу жонивор кунимизга яраяпти”-дейди Олломурод.

Унинг қўшниси Орзигул опа хонадонида жами олти одам яшайди. Уларнинг сигири йўқ, шу сабаб ўтин орқали иккита хона иситилиб жами оила аъзолари шу уйларда тўпланиб, қишнинг аёзли кунларини ўтказадилар. Унинг вояга етган қиз фарзандининг кўзи ожиз.

“Шу қизим учун ҳам маҳаллага ёрдам сўраб бордим. Бирор натижа чиқмади. Эрим пойабзал ямайди. Унгаям баъзида иш бор, баъзида йўқ. Охири маҳалла идорасига дийдиё билан чиқишни бас қилдим. Бошга тушганини кўз кўради деб қишни кутиб оляпмиз”-дейди Орзигул опа.

Унинг сўзларига 33 ёшли Зафар шундай қўшимча қилади.

“Бу уй ногирон синглимизнинг номида, лекин давлат томонидан ҳеч қандай кўмакни ҳис этмаймиз. Умуман даладан ғўзапоя далаларни оралаб чўп йиғиб қишни ўтказишга уринамиз. Кунлик даромад бирор юмуш чиқса 70-80 минг сўмни ташкил қилади. Бу пул тузук ўтин нари турсин, рўзғорга урвоқ ҳам бўлмайди. Ўзимиздан қолар гап йўқ. Бир илож қилиб аёздан чиқиб олсак бўлгани...”- дейди Зафар.

Ишқилиб, баҳор кечикмасин

Баҳор кечикмасин

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Баҳор кечикмасин...

Айинни қишлоғининг умумий кўриниши у қадар кўркам кўринмайди. Баъзи уйлар жуда пастқам, ўртаҳол оилали хонадон ва уйлар яккам-дуккам. Айнан басавлат иморатлар ҳам бир неча дона.

Ҳатто совет даврида барпо этилган улкан трактор парки биноси ҳам бўм-бўш, нураган аҳволида, ташландиқ ҳолида ваҳима уйғотадиган тарзда назарга тушади.

Қишлоқликларнинг айтишича, шу йил ёзда пойтахтлик таниқли собиқ хонанда бу ерга келиб айрим хайрия юмушларини амалга оширган.

Бир уйни таъмирлаб берган, яна кам таъминланган ҳамда бемор баъзи кишилар ҳолатини ўрганиб, улар кўмак кўрсатишга ваъда бериб кетган, аммо бу ваъдалар ҳозирча рўёбга чиқмаган, бундан умидворлар унинг йўлига ҳамон кўз тикишмоқда.

Уйи тўкис қишлоқ фуқароларидан бири қиш мавсуми унда алоҳида хавотир уйғотмаслигини баён этди.

”Ҳеч кимга бу борада нолишим йўқ. Электр, кондиционернинг ўзи бизга етади, лекин ночор кишилар ёрдам сўраб келишса бунга бефарқ эмасман. Аномал совуқ бўлган бурноғи йили уйимнинг олдидаги қуриб битган катта тол дарахтини кесиб олишларига рухсат берганман, - дейди қишга тайёргарлиги етук деб санаган қишлоқ фуқароларидан бири ҳашаматли ҳовлиси қаршисида.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

“Бир қишни ўтказишга 3-4 миллион сўм етарли эмас. Бозорга бир-икки марта борсангиз, рўзғорга бор нарсани харид қилсангиз бу пулларни сарфлайсиз. Энди тасаввур қилинг, бу пул кимда бору, кимда йўқ... Биз анор етиштирамиз, унинг пулига суяниб электр ҳисобига пул ўтказиб қўямиз. Мабодо у ёнмай қолса анордан тўкилган шох-шаббалар бор, захирага тўплаганмиз,” - дейди 23 ёшли Қудрат.

Бошқа бир ҳовлисида анор мевасини узаётган аёллардан бири эса қиш борасида саволимизга кулимсираб шундай жавоб берди.

QIsh kelmoqda

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

“Бунинг ташвиши менинг зиммамда эмас, турмуш ўртоғим нима қилса шунга кўниб ўтираман. Анор бу мавсумий даромад, унинг пулига батамом бекаму кўст яшаб бўлмайди.Бир нави ўтказиб оламиз қишни насиб бўлса,”-дейди бу аёл.

Кузатувчилар наздида бу йилги қиш мавсуми у бошланмасдан туриб атрофида баҳс-мунозаралар қизғин кечаётган палла ҳисобланмоқда. Чунки газ ва светга чекловлар жорий этилгандан сўнг ёз жазирамасида уйларни салқинлатиш борасида кўп миқдорда пул сарфланишига тўғри келди. Эндиги қиш эса уйларни иситишга светдан ташқари газни ишлатишга ҳам қандай кўрсаткичлар намоён этишини белгилаб, айни лимит ислоҳотига тугал имтиҳон вазифасини ҳам ўтайди.

Одатда ижтимоий тармоқларда кишилар ўртасида қишга оид фикр-мулоҳазалар орасида сабр мазмунидаги тилаклар етакчи мазмунни эгаллайди.”Уч ой ҳеч нарса эмас. Бир оздан кейин баҳор, кейин ёз, қўёшга чиқамиз,” - деган фикрлар бир маромда шаклланиб улгурган, аммо эндиги баҳорга етгунча қандай синовлар, совуқлар олдинда туриб, уни енгишга қанчалар заҳмат сарфланишини айтишга оғиз жуфтлаш кишида иккиланишни уйғотади, бунинг ўрнини ишқилиб кўклам кечикмасин деган ўй-хаёллар шу жойда ўринли топилади.