Ўзбекистон энергия инқирозидан чиқдими?

Сурат манбаси, Energetika vazirligi
Бу қиш Ўзбекистонда газ ҳам чироқ ҳам ўчмайди, демоқда расмийлар. Мирзиёев вазирга узлуксиз ва чекловларсиз энергия билан таъминлаш шартини қўйди.
Ўзбекистонда сўнгги йиларда ҳар қиш келиши билан оддий ҳолга айланган электр энергия ва газ инқирозини ҳукумат бу йил бартараф этилишига жиддий киришганига урғу бермоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ноябр ойининг ўртасида энергетика вазирига аҳолини узлуксиз ва чекловларсиз электр энергияси билан таъминлашга кескин топшириқ бергани маълум бўлди.
Президент барча энергетика қувватларини ишга тушириш вазифасини қўйган.
Ўзбекистонда масъуллар 2021 йилдан бери қишда электр энергиясида узилишлар бўлмаслигини ваъда қилиб келади. Бироқ ҳар йили кунлар совуши билан бутун мамлакатда электр энергияси чеклаш тизимига ўтилади. Ҳаттоки сўнгги йилларда ёзда ҳам узилишлар кузатилиши одатий ҳолга айланди.
Расмийлар энергия билан таъминлашдаги асосий муаммо маблағга бориб тақалиши ва аҳолига берилаётган энергия нархи арзонлигини айтиб келаётганди.
Шу йил баҳорда энергия тизими тариф тизимига ўтказилди ва нарх оширилди.
Шундан сўнг Энергетика вазирлиги ток билан узлуксиз таъминлаш учун 3-4 йил керак бўлишини айтди.
Шунга қарамасдан Президент бу йил қишни узилишларсиз ўтказиш талабани қўйди.
Вазият қанчалик ўзгарди?
Yuqori kuchlanishdagi uzatish liniyalari va qo‘shimcha quvvatlar qurilgani, keyin ko‘p xonadonlar quyosh panellari bilan jihozlangani hisobiga bu yil qishda ancha osonroq kechadi.
Одатда кузнинг бу мавсумида Ўзбекистонда электр энергиясида узилишлар бошланар ва газ таъминотидаги етишмовчиликлар туфайли турнақатор навбатлар юзага келарди.
Ток бу йил анча яхши, демоқда биз билан гаплашган одамлар.
Жиззах, Сурхондарё, Тошкент ва Қорақалпоғистон, водийда Би-би-си боғланган манбаларнинг айтишича, ҳатто ёзда ҳам кузатилган узилишлар бир ойдан бери бартараф бўлган.
“Бу йил ноябр ойида ҳали қаттиқ совуқ келгани йўқ. Лекин совуқ. Шунга қарамай, газ, свет масаласида ҳали свет ўчгани йўқ. Тўғрироғи ўчганини билганим йўқ. Яхши, кўз тегмасин. Қайсидир жойларда ўчаётган бўлиши мумкин.Лекин биз яшаб турган жойда свет ўчганини билмайман”, дейди Риштондан блогер Дима Қаюм.
Бироқ биз билан гаплашган ўзбекистонликлар свет ўчмаётгани билан уни тўлашга ҳамманинг ҳам қурби етмаётганини айтмоқда.
“Совуқ кунлари уйни ток билан иситаверибмиз, бир пасда қарзга кириб кетдик. Ўша кунлари кунига 40-60 минг сўмлик электр ишлатибмиз. Кейин билсак белгиланган лимитдан ошиб кетган эканмиз. Ҳозир лимитдан чиқмаслик учун фақат зарур ҳолларда ёқаяпмиз, уйни эса печка қуриб, ўтин билан иситяпмиз. Даладан дарахтларнинг илдизини олиб келгандик. Далада олдингидек ўтин ҳам йўқ”, дейди Би-би-си суҳбатдоши.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Унинг айтишича, у яшайдиган жойда кўп қаватли уйлар ҳам табиий газдан узилган ва у ердаги одамлар уйни иситишда икки ҳисса қийналмоқда.
Сурхондарёдан биз билан гаплашган журналистнинг айтишича, кунлар совиб қолган бўлса-да, бир ойдан бери электр энергиясида узилиш бўлмаяпти. Ҳатто ёзда ҳам график бўйича чеклаб берилаётганди, дейди у.
Аммо унинг таъкидлашича, нархларнинг қимматлиги сабаб ҳамма ҳам уйини истаганича исита олмаяпти.
Яна бир суҳбатдошимизнинг айтишича, куни бўйи уйда ҳеч ким бўлмайди. Кечки пайт келиб, фақат бир хонанини спирал ток печка билан иситишган. Ўшанда ҳар куни 40 минг сўмлик электр энергияси ишлатдик, дейди у.
Энергетика вазири январдан газлаштирилмаган ҳудудларда электр энергиясига белгиланган лимит оширилиш мумкинлигини айтган.
Водийдаги Би-би-си суҳбатдошининг айтишича, ушбу чорани январни кутмасдан, декабрдаёқ жорий қилиниши керак. Акс ҳолда камбағал қатлам яна-да қийин аҳволда қолади.
Қишда аҳвол қандай бўлади?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Одамлар электрда ўтган йилгидек узилишлар бўлмаётгани айтишмоқда. Хўш, бу барқарорлик қишда ҳам давом этадими?
Би-би-сига исмини очиқламаслик шарти билан гапирган энергетика соҳасидаги мутахассиснинг айтишича, кузнинг совуқ кунларида энергия тизимига бироз юклама тушган.
“Қўлимда октябр ойигача бўлган истеъмол кўрсатгичлари турибди. Истеъмол стабил равишда кетмаган. Бирданига 22 фоизга ошган. Совуқ тушганнинг ҳисобига газ етишмаслиги, газ бор жойларда ҳам газ босими пасайиб кетиши натижасида электр энергияга куч берилган. Бунинг ҳисобига электр энергияни етказиб бериш бироз қийинчиликлар, авариялар бўлиш бошланди”, дейди у.
Бироқ мутахассиснинг таъкидлашича, сўнгги йиллардаги ўзгаришлар сабаб, бу йил узилишлар олдингидек бўлмайди.
“Аммо юқори кучланишдаги узатиш линиялари ва қўшимча қувватлар қурилгани, кейин кўп хонадонлар қуёш панеллари билан жиҳозлангани ҳисобига бу йил қишда анча осонроқ кечади. Бу яна совуққа ҳам боғлиқ. Яъни совуқ ўта кучайиб кетиб қолса, газ етказиб бериш муаммо бўлса, таъсирини кўрсатади. Сабаби одамлар исиниши керак, кўп транспорт воситалари метан газда юради. Давлат одамларга етказиб беролмай ёки транспортларга етказолмай анча қийинчиликларга учраши мумкин”, дейди мутахассис.
Газ учун навбатлар аллақачон бошланган. Фарғона вилояти Бувайда туманида шу кунларда олиниб, тармоқда тарқалган тасвирларда, ҳукумат газ етказиб бериш борасида аллақачон қийин кунларни бошидан кечираётганини англаш мумкин.
Гарчанд ҳукумат бу йил омборларда олдингидан кўпроқ газ жамғарганини айтаётган бўлса-да, республиканинг бошқа жойларида ҳам метан газ автомобиллар учун чекловлар асосида берилаётгани айтилмоқда.
Ўзбекистон сўнгги йилларда қишга тайёргарлик учун 14 трилиион сўм ёки 1 миллиард доллардан ошиқрок маблағ сарфламоқда. Бу пуллар етарлими?
“Агарда пуллар тўғри ишлатилса етарли. Лекин айрим вақтда комплекс қилинадиган ишлар учун булар бўлиб-бўлиб иш қиляпти. Масалан, подстанция қурилса, трансформаторлари қуриляпти-да, ҳимоялари етарли даражада қилинмаяпти. Натижада, трансформаторлар ёниб кетяпти. Ёки қувват етишмаслиги сабаб ҳимоя воситалари олиб ташланяпти. Ё коррупцион йўллар билан тендрга кирганлар, сифатсиз ускуна қўйиб кетмоқда. Лекин бу йил пул анча самарали сарфланди. Чунки кўп линиялар қурилди. Қишлоқ, маҳаллаларнинг ичида ҳам кабелларни алмаштириш, трансформаторларни алмаштириш ишлари олиб борилди”, дейди энергетика соҳасидаги мутахассис.












