Ўзбекистон: Янги мукофот, янги жазо, эски муаммо

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Сердар Бердимуҳамедовнинг БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентини "Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" ордени билан тақдирлади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев бундан олдин ҳам кўплаб халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Улар орасида Қозоғистоннинг "Олтин қирон" ва "Дўстлик", Қирғизистоннинг "Данакер", Тожикистоннинг "Зарринтож", Россиянинг Александр Невский, Франциянинг "Фахрий легион" ва Туркиянинг "Республика" орденлари бор. Шунингдек, Туркий дунё, МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишонлари ҳам унга топширилган.
Шаҳвоний шилқимлик?
shahvoniy shilqimlik va oiladagi zo‘ravonlikda ayblanib, sudlanganlar soni
6000 dan ortiq.
Олий суд ахборот хизматининг хабар қилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим ўзгаришлар амалга оширилган.
Президент томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган Қонунга асосан, жамиятда зўравонлик ва таъқибнинг олдини олишга қаратилган янги моддалар киритилган.
Бу ўзгартиришлар натижасида Mаъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган шаҳвоний шилқимлик банди бўйича биринчи ярим йилликда 986 киши жавобгарликка тортилган. Уларнинг 628 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Оилавий зўравонлик бўйича 4952 киши жавобгарликка тортилиб, 1752 нафари маъмурий қамоққа олинган.
Жиноят кодексининг Оилавий зўравонлик банди бўйича 231 киши судланиб, 65 нафари қамоққа олинган. Қолганларига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Шахсий ҳаёт сирларини ошкор қилиш банди бўйича 99 киши судланиб, 24 нафари озодликдан маҳрум қилинган.
Бу статистик маълумотлар янги қонунлар самарали ишлаётганини ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратаётганини кўрсатади деб хулоса қилади Олий Суд Телеграм каналида хулоса қилинган.
Эски муаммо?
Кеча куни кечаси Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида жойлашган газ қуйиш шохобчасида йирик ёнғин содир бўлди.
Воқеа соат 22:20 да, "Олтиндала" маҳалласидаги газ "заправка"да юз берган. Автоцистернадан пропан газ тўлаётганда бирдан портлаш юз бериб, ёнғин келиб чиққан.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига хабар келиши билан воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борди. Улар ёнғинни 8 дақиқада қуршаб олишга муваффақ бўлишди ва 22:50 га келиб, олов тўлиқ ўчирилди.
Ёнғин оқибатида бир дона газ ташувчи цистерна ва 10 куб метр ҳажмдаги пропан сақлаш резервуари ёниб зарар кўрган.
Ҳодиса натижасида цистерна ҳайдовчиси енгил куйиш жароҳати олган. Ҳодиса жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари етиб боришган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июль ойида ҳам Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани "Олтин дала" МФЙда жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган ва бунинг оқибатида 4 киши вафот этган эди.
1 август 2025. Парламентдаги мухолифат ваколатлари кенгайтирилди, сенатор Энергетика вазирини сўроққа тутди, милиция ва миллий гвардияга бўйсунмаганларга жарима кўпайтирилди

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламентдаги сиёсий партияга кафолатланган қўшимча ваколатлар бериш ҳақидаги фармонни имзолади, имзоланиши билан янги қонун кучга кирди.
Энди Ўзбекистон қонунчилигига ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига бир қанча қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутган ўзгартиришлар киритилди.
Ушбу ўзгаришларга кўра, бундан кейин Ўзбекистонда ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
қонунчилик палатасининг 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини мухолиф партия вакили эгаллайди;
бирор масалада қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганда мухолифат ўша масалага доир ўзининг қонун лойиҳаси ёки муқобил таҳририни кирита олади;
йилнинг ҳар бир чорагидаги "ҳукумат соати" ва парламент сўрови доирасида масала киритолади.
Шу йил май ойида парламентдаги Ўзбекистон Халқ Демократик партияси ўзини ҳукуматга мухолиф сиёсий партия деб эълон қилган эди.
5 май куни Қонунчилик палатасидаги "Миллий тикланиш" ва ЎзЛидеп партиялари "Тараққиёт блоки" деган тузилма тузишга қарор қилганларини эълон этдилар, бундан кўзланган мақсад - ўзларини ўнг ва ўнг-марказ деб биладиган партияларни ягона куч сифатида бирлаштириш экани хабар қилинди.
БМТ ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти хулосаларига кўра, мустақил Ўзбекистон парламентида тарихан "чекланган сиёсий рақобат, асл мухолиф партияларнинг йўқлиги, парламентга омма ишончининг пастлиги, бошқарувда авторитар тенденция" кузатилган.
2023 йилдаги kun.uz веб-нашри сиёсий таҳлилига кўра, бугунги Ўзбек парламенти "айрим ислоҳотларга учраган бўлса-да, ҳамон парламент мустақиллиги ва омма легитимлиги етишмайди, ҳақиқий плюрализм ва электорал рақобат чекланганича" қолаётир.
Сенатор Сайёра Абдикаримова Энергетика вазирига сўров юборди

Сурат манбаси, Senat.uz
Ўзбекистон парламенти юқори палатаси Сенат аъзоси Сайёра Абдикаримова пойтахт Тошкентда электр узилишлари норозиликларга сабаб бўлаётгани муносабати билан юзага келган вазият борасида тушунтириш беришни сўраб Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга сенатор сўрови юборди.
Кўп ҳолларда оддий ўзбекистонликлар дуч келган муаммолар Сенат ёки Қонунчилик Палатаси аъзолари томонидан ўз мажлислари кун тартибига олиб чиқилмагани учун Сенатор Абдикаримова сўрови жамоатчиликни хурсанд қилди.
Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати ушбу сўров сабабини шундай тушунтиради:
"Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотида сўнгги пайтларда узилишлар кўпайгани аҳолининг кундалик ҳаёти, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан электр таъминотидаги 3–4 соатлик узилишлар бўйича кўплаб мурожаатлар билдирилмоқда. Ушбу узилишлар нафақат фуқароларнинг кундалик турмуш тарзига, балки тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектларининг барқарор ишлашида ҳам муаммолар юзага келмоқда.
Хусусан, светофорлар фаолиятидаги узилишлар транспорт ҳаракатини тартибга солишда қийинчилик туғдирмоқда, бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва савдо объектларида совутиш тизимларининг ишдан чиқиши натижасида йирик молиявий зарарлар юзага келаётгани, хонадонларда эса маиший техника воситаларининг ишдан чиқиши ҳолатлари аниқланмоқда.
Маълумот учун, "Электр энергетикаси тўғрисида"ги Қонуннинг 39-моддасига кўра, электр энергияси истеъмолчилари сифатли ва барқарор электр энергиясини олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ушбу Қонуннинг 61-моддасида таъкидланишича, таъминотни тўхтатиш ёки чеклаш фақатгина бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилиши мумкин.

Сурат манбаси, .
Шу муносабат билан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова томонидан тегишли тушунтиришлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов номига сенатор сўрови юборилди".
Бир неча кун олдин Энергетика вазирлиги мамлакатда кунлик электр энергияси истеъмоли қишдаги рекорддан ошиб кетгани ҳақида хабар берди, 24 июлдан Тошкент шаҳрида трансформаторларга босим ошиб кетмаслиги учун мажбурий электр ўчиришлари тартибига ўтилди.
Шундан кейин Ўзбекистон Бош Прокуратураси ўтказган текширув Тошкент шаҳрида авария бригадалари етишмаслиги, асбоб-ускуналар эскириб кетгани, маоши кам бўлгани учун юзлаб мутахассислар ишдан бўшаб кетганларини аниқлади.
Тошкент шаҳар электр тармоғи раҳбари дохил 28 мансабдор жазолангани хабар қилинди.
Милиционер ва Миллий гвардия ходимига бўйсунмаган шахсга жарима кўпайтирилди

Сурат манбаси, gazeta.uz
Ўзбекистон Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" Телеграм канали хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ходимларига бўйсунмаганлик учун жарима миқдорини беш баравар ошириш ҳақидаги қонунчиликка ўзгартиришни маъқуллаган.
Энди Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартириш киритилди.
Бу ўзгартиришга кўра, ички ишлар органлари ходими ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилади.
Шу вақтгача бундай ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан 12 бараваригача жарима кўзда тутилган эди.
Яъни, 412 минг сўмдан 4 миллион 944 минг сўмгача.
Энди бу жавобгарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан (2 миллион 6 сўмдан ) 12 бараваригача (4 миллион 944 минг сўм)гача этиб белгиланди.
Агар бир шахс милиция ёки Миллий гвардия ходимига бўйсунмагани учун жаримага тортилса ва бу ҳуқуқбузарлик бир йилнинг ичида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 бараваридан 30 (аввал 15 эди) бараваригача (12 млн 360 минг сўм) миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.
31 июл. Ўзбеклар Украинага асир тушишда биринчи ўринда, Энди IT-парк — AT парки бўлади, норасмий иқтисод 33%

Сурат манбаси, Facebook/Хочу жить
2025 йил бошидан буён камида 900 ўзбекистонлик Россия Мудофаа вазирлиги билан Украина урушида Россия тарафида туриб урушиш учун шартнома тузган, деб хабар тарқатди Украинадаги "Яшашни хоҳлайман" лойиҳаси.
Лойиҳа 30 июл куни ёлланган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатини эълон қилди.
Бу рўйхатда энг кексаси 63 ёшда экани, энг ёши 18 да экани англашилади.
"Ёллаш учун Россия олдинги усулларни қўллаяпти. РФга меҳнат мигранти сифатида келаётган Ўзбекистон фуқароларини юқори маош тўлаш ваъдаси билан - масалан, қурилишда ёки армиянинг фронторти бўлинмаларида ишлаш алдови билан тузоққа тушираяптилар. Энг асосий омил Россия фуқаролиги ваъдаси бўлаяпти. Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётганларни таҳдид ва руҳий босимлар билан урушда қатнашишга мажбур қилаяптилар", деб хабар қилади «Хочу жить».
Украина расмийларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари асирга тушганлар сонининг кўплиги бўйича биринчи ўринни эгаллаяпти.
Шу йил апрел ойида "Яшашни хоҳлайман" лойиҳаси асирга тушган ва ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг дастлабки рўйхатини эълон қилган, унда 1100 киши маълумоти берилган эди.
Бундан сал олдин Украина лойиҳаси Россия Мудофаа вазирлиги билан контракт имзолаган 500 дан ортиқ Қозоғистон фуқароси исми-шарифини эълон этган эди.

Сурат манбаси, .
Ўзбек тилига расман киритилган сўзлар сони 40 дан ошди

Сурат манбаси, gazeta.uz
Ўзбекистон Фанлар Академияси хабар қилишича, шу вақтгача Ўзбек тилида қўлланиб келинаётган 40 хорижий сўзнинг муқобили расман муомалага киритилди.
Ушбу сўзлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар қўмитаси томонидан маъқулланди.
1. Аванс — Bo'nak
2. Автопилот — Avtoboshqaruv
3. Айсберг — Muztog
4. Бодикамера — Yonkamera
5. Брызговик — Loytoʻskich
6. Внедорожник — Yo'ltanlamas
7. Дискуссия — Bahs, munozara
8. Доставка — Yetkazish
9. Зона — Hudud
10. Карвинг — Oʻymabezak
11. Конфиденциал — Maxfiy
12. Кластер — Klaster
13. Коворкинг — Ish markazi
14. Коловорот — Qo'lparma
15. Коридор — Yo'lak
16. Котлован — Xandaq
17. Лебёдка — Chig'ir
18. Лидер — Yo'lboshchi, yetakchi
19. Линк — Havola
20. Маркировка — Tamg'alash
21. Маршрут — Yo'nalish
22. Мастер-класс — Mahorat darsi
23. Мотивация — Ruhlantirish, rag'bat
24. Навигатор — Yo'llagich
25. Наждак — Qumqog'oz
26. Оправа — Gardish
27. Отвёртка — Buragich
28. Пароль — O'ron
29. Переплёт — Muqovalash
30. Полик — To'shama
31. Портфолио — Yig'majild
32. Прогресс — Ilg'or
33. Растушёвка — Qoshpardoz
34. Светофор — Yo'lchiroq
35. Силлабус — Ishchi dastur
36. Смарт — Aqlli
37. Челлендж — Chorlov
38. Шуруп — Buramamix
39. IT-парк — AT parki, Axborot texnologiyalari parki
40. IT-технологии — Axborot texnologiyalari
Ярим йилда норасмий иқтисодиёт улуши қарийб 33 фоизга етди

Сурат манбаси, BBC News O'zbek
Ўзбекистон Миллий Статистика қўмитаси мамлакат Ялпи Ички маҳсулоти ишлаб чиқариши ҳақидаги маълумотни эълон қилди.
Ўзбекистондаги kursiv.uz веб-нашри қўмита тақдим этган маълумотлар асосида мамлакатнинг "соя иқтисоди"даги ўзгаришларни таҳлил этишга уринди.
kursiv.uz расмий ҳисоб-китобларга кирмайдиган иқтисодиётни "кузатиб борилмайдиган иқтисодиёт" деб атайди, унинг ЯИМдаги улуши қарийб 33 фоизга яқинлашганига эътибор беради.
Бугун Ўзбекистонда "соя иқтисоди" 265 триллион сўмни ташкил этаяпти, деб кўрилади.
Бундан олдин Миллий Статистика қўмитаси 2025 йилнинг биринчи ярим йилида ЯИМ 7,2 фоиз ўсгани ва 807,9 триллион сўмни ташкил этганини хабар қилган эди.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон йиллик ЯИМини 132 миллиард долларни ташкил этади, деб ҳисоблайдилар, 807 миллион сўм қарийб 64 миллиард деганидир.
Демак, бугун тахминан 20 миллиард доллар маблағ Ўзбекистон "соя иқтисоди"да муомала қилинаяпти, дейиш мумкин.
"Кузатиб борилмайдиган иқтисодиётга норасмий иқтисоди, жумладан, уйда хизмат кўрсатиш, рухсат олмасдан туриб савдо қилиш, рўйхатга олинмаган кичик бизнеслар киради. Соя иқтисодиётига қонуний бизнеснинг бир қисмини яшириш, конвертда маош тўлаш ва солиқдан қочишнинг бошқа йўллари киради", деб ёзади kursiv.uz .
29 июл. Толибон ва Ўзбекистон йирик электр лойиҳаларини муҳокама қилди, Навоийда уран сотмоқчи бўлганлар қамалди, Ўзбекистон аҳолисининг учдан бирида жамғармаси йўқми?

Сурат манбаси, minenergy.uz
Ўзбекистон ва Толибон расмийлари Афғонистонда йирик электр лойиҳаларини муҳокама қилди. Навоийда 140 минг долларга уран сотмоқчи бўлган бир гуруҳ шахс қамалди. Сўровномада иштирок этганларнинг 3 дан бир қисми жамғармага эга эмаслигини айтган.
Афғонистонда Ўзбекистон иштирокида йирик электр лойиҳалар
Толибон ҳукуматидаги юқори лавозимли амалдор Кобулдаги Ўзбекистон элчиси билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик электр лойиҳаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг миллий электр компанияси — Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS)га таяниб afintl.com нашри хабар бермоқда.
Толибон томонидан DABS раҳбари этиб тайинланган Абдул Бари Умар Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ойбек Усмонов билан учрашув ўтказди. Компания баёнотига кўра, Абдул Бари Умар икки давлат муносабатларини, айниқса, энергетика соҳасида янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган.
Музокараларда қайси электр лойиҳалари муҳокама қилингани ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Аммо Усмонов мавжуд ҳамкорлик даражасидан мамнун эканини билдириб, Ўзбекистон Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлаган.
Айни пайтда, Афғонистондаги электр таъминотининг катта қисми Ўзбекистон ва Тожикистон томонидан таъминланиши айтилади. Шунга қарамай, Кобул ва бошқа йирик шаҳарларда тез-тез узилишлар кузатилади. Нашрнинг ёзишича, аҳоли ойлик коммунал тўловлар ошиб бораётганига қарамай, кунига атиги 4–6 соат электрдан фойдаланиш имконига эга эканини билдирмоқда.
Навоийда йирик пулга уран сотмоқчи бўлганлар қамалди

Сурат манбаси, navoiyuran.uz
Бир гуруҳ шахслар радиацион модда ҳисобланадиган 120 грамм табиий уранни ҳар граммига 2 000 доллардан ноқонуний равишда сотишга уринган.
Бу ҳақда суд ҳукмига таяниб kun.uz нашри хабар берган.
"Бироқ улар тезкор тадбирда қўлга олинган. Фанлар Академияси Ядро-физика институти экспертларининг хулосасига кўра, тезкор тадбирда олинган модда табиий уран радиоактив моддаси экани тасдиқланган", дейилади хабарда.
Уранни ноқонуний айланмадан ўтказишга уринишда иштирок этган бир нечта шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Улар орасида "Навоийуран" ва Навоий кон-металлургия комбинати ходимлари ҳам бор.
Суд ҳукмига кўра, Навоийуран таркибидаги "Собирсой" геотехнологик конида чилангар бўлиб ишлаган Ж.И. 2024 йил сентябрь ойида бир шахс (унинг иши алоҳида кўриб чиқилмоқда) билан тил бириктириб, табиий уранни ноқонуний сотиш орқали даромад қилишга келишиб олган.
У 120 грамм уранни ушбу шахсдан қабул қилиб, **О.М.**га топширган — у эса уни потенциал харидорларга кўрсатиши керак бўлган.
Хабарда айтилишича, 2025 йил 14 апрел куни Навоий шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Ж.И. ҳамда НГМК таркибидаги "Аменто Амантау" конида чилангар бўлиб ишлаган Н.У.ни Жиноят кодексининг 252-моддаси 2-қисми "б" банди (радиоактив моддаларни ноқонуний муомалада сақлаш) бўйича айбдор деб топди.
Ж.И. 4,5 йил озодликдан маҳрум этилди ва Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ 2 йил давомида Навоийуран тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Н.У. эса 2,5 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Шунингдек, О.М., Ф.С. ва Ф.Т. ҳам айбдор деб топилиб, суд ҳукми асосида жазога тортилди.
2025 йил 24 июль куни Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция ҳайъати биринчи инстанция ҳукмини ўзгартишсиз кучда қолдирган.
Ўзбекистонда аҳолининг учдан бир қисмида жамғарма йўқ — Марказий банк сўровномаси

Сурат манбаси, cbu.uz
Ўзбекистонда ҳар учинчи фуқаро ҳеч қандай жамғармага эга эмас. Бу ҳақда Марказий банк 2025 йил июн ойида ўтказган сўровнома натижаларида маълум қилинди.
14 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этган ушбу сўровномада респондентларнинг 34 фоизи пул жамғариш имконига эга эмаслигини билдирган. Бу мамлакат аҳолисининг катта қисми ҳануз молиявий захира ярата олмаётганини кўрсатади.
Қандай тўлов усуллари кенг тарқалган?
Сўровнома натижаларига кўра, аҳоли орасида тўловларни амалга оширишда ҳам турли усуллар қўлланилади:
- 52 фоиз респондент тўловларни ҳам нақд, ҳам банк картаси орқали амалга оширади;
- 33 фоиз фақатгина картадан фойдаланади;
- 15 фоиз эса тўловларни асосан нақд пулда қилади.
Харидлар ва сарф-харажатлар қандай?
Аҳолининг харид қилиш қобилияти ва одатлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар қайд этилган:
- Бир марталик харид учун 47 фоиз фуқаро 100 000 — 500 000 сўм атрофида маблағ сарфлашини айтган;
- 35 фоиз эса 100 000 сўмдан камроқ харажат қилади.
Нега ҳали ҳам нақд пул кенг қўлланилади?
Сўров натижаларида шундай маълум бўлдики, кўпчилик ҳануз нақд пулдан фойдаланишни афзал кўради. Бунга асосий сабаб сифатида:
- бозор ва хизмат кўрсатиш жойларида нақд пулда арзонлаштирилган нархлар таклиф қилиниши;
- қайтимда қулайлик;
- ёки POS-терминал йўқлиги каби омиллар келтирилган.
Қайтим масаласи ҳам долзарб
Савдо жойларида қайтим пули билан боғлиқ муаммолар ҳам аҳолини ташвишга солмоқда:
- 65 фоиз фуқаро дўконларда қайтимни доим тўғри олишини айтган;
- аммо 17 фоиз истеъмолчи қайтим аксар ҳолда арзон товарлар билан берилганини билдирган.












