Марказий Осиё дайжести: Ўзбекистон атрофдаги куйдирги ҳолатларидан бохабар, Андижонча ҳотамтойлик ва Россияни тийиб турадиган ҳужжат?

Сурат манбаси, gazeta.uz
Тожикистон расмийлари хабар қилишича, 2025 йил бошидан буён инсонларнинг куйдиргини юқтиргани 41 ҳолати аниқланган.
Бу хабарни Тожикистон Соғликни сақлаш вазирлиги тасдиқлади.
Asia-Plus веб-нашри ўзининг Телеграм каналида хабар беришича, вазир Жамолиддин Абдуллозода куйдирги ҳолатлари мамлакатнинг Хуросон, Вахш, Левакант, Бобожон Ғафуров туманларида қайд этилган, бироқ бу юқумли хасталикдан ҳаётдан кўз юмиш рўй бермаган.
Бундан олдин Хуросон туманида истиқомат қилган 39 яшар эркак май ойи охирида гўшт сотиб олиб келиб майдалаганидан кейин бармоқлари шишиб кетгани, 9 июнда вафот этгани хабарлари тарқалганди.
Маҳаллий одамлар куйдиргидан нобуд бўлган қорамолларини ёқиб юборганлари, чорваларини ўтлатишга олиб чиқмасдан, молхоналарида асраётганларини айтганлар.
Июл ойида Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ақмола вилоятидаги икки қишлоқда куйдирги тарқалгани, 19 инсон куйдиргини юқтиришда гумон қилиниб карантинга олингани ҳақида хабар тарқатди.
Июн ойидаги Туркман мухолифатининг хориждаги веб-нашри "Хроника Туркменистана" мамлакатда чорва моллари нобуд бўлиши кўпайгани, баҳор ёғингарчилиги кам бўлгани, айрим моллар ўлимига куйдирги сабаб деб гумон қилингани, бироқ малакали ветеринар мутахассис етишмаслиги оқибатида асл сабабини аниқлаш имконсиз экани ҳақида мақола эълон қилди.
Қўшни мамлакатларда куйдирги ҳолатлари кузатилаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистон расмийлари юқумли хасталик мамлакат ичига кириши олдини олиш чораларини кўраётганлари ҳақида хабар қилдилар.
Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-нашрига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бўлим бошлиғи Фарҳод Қурбонбековнинг айтишича, куйдирги касаллигининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида 55 чегара пунктини кесиб ўтаётган барча шахслар устидан чуқур назорат ўтказилмоқда.
Туркия ва Озарбайжон ҳарбий ҳамкорлик меморандуми Россияни тийиб турадиган ҳужжат деб кўрилмоқда

Сурат манбаси, Ozarbayjon Mudofaa vazirligi
Озарбайжон билан Туркия ўзаро хавфсизликни кучайтириш бўйича англаш меморандумини имзолади.
Истанбулда "IDEF 2025" 17-халқаро мудофаа саноати кўргазмаси доирасида икки мамлакат мудофаа вазирлари ушбу ҳужжатни имзоладилар.
22 июл куни Озарбайжон Мудофаа вазири Зокир Ҳасанов Туркия Мудофаа вазири Яшар Гулер учрашган пайтда Туркия Президенти Эрдўған Озарбайжон Бош Прокурори Комрон Алиевни қабул қилган.
Ўша куни Озарбайжон Бош Прокуратураси 2024 йил декабрида ҳалокатга учраган Озарбайжон йўловчи учоғи ҳалокати борасида баёнот берди.
Самолёт ҳалокатида Озарбайжон Россия ҳарбий ҳаво мудофаасини айблайди.
Президент Илҳом Алиев агар Россия ҳалокат учун масъулиятни зиммасига олмаса ва айбдорларни жазоламаса, Озарбайжон ушбу масалани халқаро судга олиш чиқиши мумкинлигини айтган.
Президент Алиевга кўра, Боку "ҳодиса ҳолатларидан жуда яхши хабардор ва "етарли исбот-далилларга эга".
Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги меморандум учоқ ҳалокати туфайли Озарбайжон билан Россия ўртасидаги таранглик ортиши кузатилаётган пайтда имзоланди.
Россия Озарбайжон талаб қилганидек ҳалокат учун жавобгарликни бўйнига олишдан бош тортди, бунинг ортидан Озарбайжон Россия амалларидан қониқмаганлигини намойиш этадиган ҳаракатларга борди.
Бунинг ортидан Россия Украина урушини ёқлайдиган шарҳловчилар Озарбайжонга қарши уруш бошлаш таҳдидлари билан чиқдилар.
Бу таҳдидларга жавобан Озарбайжон давлат назоратидаги матбуотда Туркия-Озарбайжон ҳарбий ҳамкорлиги Кремлни Бокуга қарши тажовуздан тиядиган омил бўлиши ҳақидаги фикрлар билдирилаяпти.
Озарбойжондаги minval.az веб-нашри, агар Кремл куч қўллашга қарор қилса, 2021 йилдаги Шуша декларациясига биноан Туркия Озарбайжон хавфсизлиги кафолати бўлиб ўртага чиқади, ҳатто Озарбайжон ҳудудига НАТО ҳарбий базасини жойлаштириш масаласи кун тартибига қўйилиши мумкин, деб ёзди.
Хонобод фестивали "Андижонча ҳотамтойлик" деб таърифланди

Сурат манбаси, Andijon viloyati hokimligi
Ўзбекистонда таниқли Daryo.uz веб-нашри Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида ўтказиш режаланган "Дунё садолари" фестивали ҳақида мақола эълон қилди.
Мақола "Андижонча ҳотамтойлик: "Дунё садолари"га сарфланаётган миллиардлар ва шубҳали шартномалар" деб сарлавҳаланади.
Хабар қилинишича, бу йил фестивалга эронлик машҳур қўшиқчи Араш, туркиялик Мустафа Сандал ва бошқа чет эллик таниқли қўшиқчилар таклиф қилинганлар.
Daryo.uz ёзишича, артистларга берилиши айтилган гонорарлар анча ошириб ёзилган бўлиши мумкин.
"...бюджет маблағлари қонуний ёки қонунга зид ажратилаётгани масъуллар томонидан текширилиши зарур, деб ҳисоблаймиз", деб ёзади "Дарё".
Журналистлар сўровига жавобан Ўзбекистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги ҳолатни ўрганаётганини маълум қилган.
23 июл. Хитойнинг Марказий Осиёга кириб келишини нишонлаш керакми ёки қўрқиш?
Би-би-си Мониторинг таҳлили

Сурат манбаси, AKORDA.KZ
Сўнгги ўн йилликда Хитой, айниқса, "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасидаги савдо ва инфратузилма лойиҳалари орқали Марказий Осиёдаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб келаяпти.
У Россияни минтақадаги асосий савдо ва инвестиция ҳамкори сифатида ортда қолдирган бўлса-да, Пекин ҳали ҳам собиқ Совет Иттифоқи республикаларида чуқур илдиз отган ишончсизлик муаммосига тўқнаш келмоқда.
Хитой минтақадаги фаолиятига оид "хато тушунчалар"ни бартараф этиш учун маданий алмашинув, таълим, оммавий ахборот воситалари ва визасиз туризмни ўз ичига олган "юмшоқ куч" сиёсатига катта эътибор қаратмоқда.
Хитой давлат ОАВлари ва дипломатлари "муштарак фаровонлик" ва "умумий тақдир" ғоясини илгари суришга интилаётгани кузатилмоқда.
Бироқ, ушбу ташаббусларга қарамасдан, афтидан, Пекиннинг жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш ҳаракатлари самарасиз бўлаяпти.
Минтақа ҳукуматлари Хитой билан ҳамкорликни чуқурлаштираётган бир пайтда, аксилхитой кайфият вақт-вақти билан кучайиб, расмий баёнотлар ва омма фикри ўртасидаги фарқни очиқ-ойдин намоён қилаяпти.
ОАВ ҳамкорлиги ва тушунчалар мувофиқлашуви
Май ойи охирида ўтказилган икки нуфузли медиа форуми Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ахборот алмашинуви ва медианинг ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга бўлган саъй-ҳаракатлардан далолат берди.
Урумчида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги ОАВ форумида журналистлар минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи жамоатчилик фикрини шакллантиришга чақирилди, деб хабар берди Тожикистоннинг "Авеста" ахборот агентлиги.
Бундан бир неча кун ўтиб, Остонада ташкил этилган "Марказий Осиё – Хитой" медиа форумида "дўстона алоқалар ҳақида ҳикоя қилиш" ва ахборот стратегияларини мувофиқлаштириш масалалари алоҳида таъкидланди.

Сурат манбаси, .
Хитойнинг давлатга қарашли China Media Group (CMG) ва Синхуа агентликлари Марказий Осиёдаги ОАВ билан контент алмашиш бўйича шартномалар имзолади. Масалан, 2024 йил март ойида Қирғиз миллий телерадиокорпорацияси (UTRK) билан шартнома тузилди. Silunews.kg хабар беришича, UTRK раҳбари Болотбек Тиллебаевга кўра, шартнома икки мамлакат ўртасида ўзаро тушуниш ва узоқ муддатли дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
DKnews.kz маълумотига кўра, шу ойда Остонада бўлиб ўтган Қозоғистон-Хитой медиа давра суҳбатида CMG раҳбари Шэн Хайсён Пекиннинг медиа ва технология салоҳияти орқали "Хитойнинг глобал миқёсда дўстлари билан модернизациядан биргаликда наф кўриш" ниятини таъкидлади.
Қозоғистон Хитойнинг медиа дипломатиясида алоҳида ўрин тутади.
Шинжондаги катта этник қозоқ жамоаси ва икки томонлама маданий алоқалар туфайли Хитой ОАВлари қозоқ тилидаги контентни кенгайтирмоқда.
2023 йил декабрида People's Daily Online нашри Хитой ҳукумати ҳомийлигидаги "Баурсак экран" лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳа қозоқ тилига дубляж қилинган филмлар ва теледастурлар орқали Хитой маданиятини тарғиб қилишга қаратилган. Бу ташаббус Пекиннинг "TV China Theatre" дастури доирасида "Алмата ТВ" билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, Хитойнинг "ранг-баранг ва жонли қиёфасини" намоён этишни кўзлаган.
Шунингдек, рус тилида сўзлашувчи аудиторияга, хусусан Марказий Осиёдаги томошабинларга йўналтирилган ҳолда, CMG Россиянинг "Russia Today" (RT) ахборот агентлиги билан ҳамкорликда мултимедиа платформасини ишга туширди.
Тил ва маданият фестиваллари
Хитой тилини тарғиб қилиш муҳим йўналишлардан биридир. Апрель ойида минтақадаги Хитой дипломатик ваколатхоналари ва Конфуций институтлари Хитой тили кунини нишонлади. Бу тадбирлар доирасида нотиқлик танловлари, мусиқий чиқишлар ва каллиграфия кўргазмалари ташкил этилди.
"DKnews" манбасига кўра, "Хитой тили – фақат иероглифлар ва товушлар тўплами эмас, балки маданиятлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди", деди Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Хан Чунлин Остонадаги тадбирда.
Шунга ўхшаш тадбирлар Тожикистон ва Туркманистон университетларида ҳам бўлиб ўтди. "DKnews" маълумотига кўра, бундай фаолиятлар Хитой тили ва маданиятига бўлган қизиқишни оширмоқда ва жамоатчиликда ижобий таассурот қолдирмоқда.

Сурат манбаси, ALEKSANDR PAVSKIY/KAZINFORM
Шунинг учун, унинг айтишича, Хитойнинг Россияни ҳарбий қўллаб-қувватлови қанчалик ошиши фақат Пекин буни Вашингтонга қарши курашда зарур ва самарали деб ҳисоблашига боғлиқ.
Июн ойи бошида Алматида бўлиб ўтган маданий фестивалда, Kazinform маълумотига кўра, Ханфу кийимлари намойиши, чой маросимлари ва интерактив чиқишлар кенг оммани жалб этган.
Шунингдек, Остонадаги Хитой элчихонасида Қозоқ-Хитой ҳамкорлиги ҳақидаги "Композитор" фильми намойиш этилди. Қарағанда шаҳрида эса "умумий модернизация" мавзусида рассомлик танлови ташкил этилди. Бу тадбир Хитой элчихонаси ва маҳаллий Конфуций институти ҳамкорлигида ўтказилди.
Хитойда кенг машҳур бўлган қозоғистонлик поп юлдуз Димаш Қудайберген ҳам маданий элчи сифатида фаол иштирок этмоқда. 2023 йил декабрида, Kazinform маълумотига кўра, у Хитой мифологияси асосида суратга олинган, қозоқ тилидаги "Ажойиб Шэннун" фильмида рол ижро этди.
Таълим ва соғлиқни сақлаш алмашинуви
Хитой университетлари Марказий Осиёдаги олийгоҳлар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Ҳар йили юзлаб талабалар Хитойда ўқиш учун стипендия олиш имкониятига эга бўлмоқда.
CGTN Russian хабар беришича, 2024 йил декабрида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И кейинги уч йилда Марказий Осиё давлатларидан 600 нафар талабага стипендия ажратиш ва 1 500 мутахассисни тайёрлаш режалаштирилаётганини маълум қилган.
Нанкин шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ҳамкорлигида ўтказилган форумда касбий таълимни минтақавий бозор эҳтиёжлари ва маданий хусусиятларга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги 5 июнь куни хабар берди.
Форум якунларига кўра, Жиангсу вилояти ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида таълим ва саноат интеграцияси бўйича альянс тузилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам икки томонлама ҳамкорлик кенгаймоқда. Июнь ойи бошида Ханчжоу шаҳрида 17 нафар ўзбекистонлик шифокор болалар ҳаётини сақлаб қолишга оид тайёрлов курсларида иштирок этди. Хитойлик ҳамкорлар томонидан 50 минг долларлик тиббий жиҳозлар ва ўқув материаллари ҳадя қилингани алоҳида қайд этилди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
Май ойида Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг Хитойга ташрифи чоғида Аҳунбоев номидаги Қирғиз Давлат тиббиёт академияси Наннингдаги Гуансий Хитой анъанавий тиббиёти университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда Қирғизистоннинг давлат ахборот агентлиги «Кабар» хабар берди.
«Биз ишонамизки, бу каби ташаббуслар талабалар ва илмий ходимлар ўртасида қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашинуви учун мустаҳкам пойдевор бўлади», деди Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Манас Тўхтамуратов.
Шунингдек, Туркманистоннинг нодавлат ахборот агентлиги «Ориент»нинг маълум қилишича, сўнгги йилларда 500 га яқин Марказий Осиё ва россиялик шифокорлар Сиань шаҳрида Хитой анъанавий тиббиёти бўйича ўқув курсларни якунлаган.
Туризм ва визасиз саёҳатлар
Хитой Ўзбекистон ва Қозоғистон билан визасиз саёҳат тўғрисидаги келишувларни имзолади. Қирғизистон билан шундай келишув муҳокамада экани хабар қилинган.
«Маданий туризм» бу жараёнда асосий йўналишлардан бирига айланди. Хитой дипломатларига кўра, бундай ташаббуслар хорижлик меҳмонларга мамлакатнинг бой тарихи ва анъаналарини янги нигоҳда кашф этиш имконини беради.
2024 йилда Қозоғистон 650 минг нафардан ортиқ хитойлик туристни қабул қилган – бу ўтган йилга нисбатан 78 фоизга кўп. «Қозоғистонда Хитой туризми йили» доирасида 200 дан зиёд ҳамкорлик келишувлари ҳудудий ҳокимликлар, туристик агентликлар ва ОАВ ўртасида имзоланди.
Шу билан бирга, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ортиб бормоқда, қўшма туризм инвестиция форумлари ўтказилмоқда. Хитойнинг йирик туризм платформаси Tongcheng Қозоғистонни «2025 йилнинг етакчи ривожланаётган йўналиши» деб эълон қилди, деб хабар берди DKnews.
«USAID» қолдирган бўшлиқни тўлдириш
Хитойнинг «юмшоқ куч» сиёсати АҚШда Трамп маъмурияти томонидан USAID ва бошқа ташқи ёрдам дастурлари тугатилганидан сўнг фаоллашди.
Eurasianet нашри май ойида хабар беришича, Хитой айни пайтда ана шу дастурлар ёрдамига суянган ҳудудларда, жумладан, Марказий Осиёда, «кичик ва самарали» лойиҳалар орқали бўшлиқни тўлдиришни кўзламоқда.
16 май куни Хитойнинг Халқаро тараққиёт ҳамкорлиги агентлиги (CIDCA) ва БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ҳамкорлигида Қирғизистон жанубида 100 мингдан ортиқ ўқувчини мактаб тушлиги билан таъминлашни кўзда тутувчи қўшма лойиҳа бошланди.
CIDCA 2024 йил февраль ойидаги ҳисоботида бу каби ташаббусларни «Хитойнинг халқаро ёрдами ва тараққиёт йўлида ҳамкорлигидаги инсонпарвар ғамхўрлик ва мурувват мисоллари» сифатида баҳолаган.
Тушунишлардаги фарқ

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Маданий дипломатия, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм каби соҳалардаги фаол алоқаларга қарамай, Марказий Осиёда Хитойга нисбатан шубҳа ва эҳтиёткорлик сақланиб қолмоқда.
2024 йил 17 июнь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи «Хитой – Марказий Осиё» саммитида олти мамлакат «абадий дўстлик ва ҳамкорлик» шартномасини имзолади. Минтақа етакчилари бу ҳужжатни барқарор ҳамкорлик учун муҳим деб баҳолашди.
Orda.kz сайтига кўра, саммит пайтида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Роман Скляр журналистлар билан суҳбатда жамоатчиликдаги хавотирлар «мутлақо йўқолганини» ва муносабатлар «янги очиқлик» босқичига ўтганини айтган.
Бироқ, бунга қарамасдан, зиддиятли кайфиятлар тўлиқ бартараф этилгани аниқ эмас. 2016, 2019 ва 2021 йилларда Қозоғистонда Хитойнинг иқтисодий экспансиясига қарши намойишлар бўлиб ўтган. 2024 йил бошларида эса Ўзбекистонда хитойликлар ер сотиб оляпти ва уларга имтиёз бериляпти, деган миш-мишлар фонида аксилхитой кайфият кучайди. Ушбу мавзудаги ижтимоий тармоқ каналлари бир неча кун ичида ярим миллиондан ортиқ кузатувчи тўплагани жамоатчилик қаршилигининг қанчалик кучли ва тез тарқалишини кўрсатади.












