Ўзбекистон: Тошкентда перекис водород моддаси очиқ ҳавога тарқаб кетди - сўнгги тафсилотлар. Видео

Сурат манбаси, ijtimoiy tarmoq
Бугун, 21 июл куни тонгда пойтахтнинг Олмазор туманидаги омборхоналардан бирида перекис водород моддаси очиқ ҳавога сизиб чиққан. У қанча жойга етиб боргани ёки қамраб олгани, ҳодиса оқибатида зарарланганлар ёки жароҳатланганлар бор-йўқлиги юзасидан ҳалича аниқ маълумот йўқ.
Бироқ, тармоқларда тарқалган ва айни ҳодиса юз берган ҳудудда жойлашганлиги иддао этилаётган кўчаларда қатор "Тез ёрдам" машиналарининг ҳаракатини кўриш мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
21 июл куни эрта тонгда Тошкент шаҳар ФВБга туманнинг Узумбоғ кўчасида ҳаводан олтингугурт ҳиди келаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
"Бугун, Тошкент шаҳар ФВБга Олмазор тумани, Узумбоғ кўчасида ҳаводан олтин гугурт ҳиди келаётганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда ҳам бу хабарлар кенг тарқалди. Хабарга асосан, зудлик билан Тошкент шаҳар ФВБнинг Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлимлари айтилган манзилга етиб борди," – дейилади вазирлик ахборот хизматининг Телеграм саҳифасида.
Расмийларга кўра, ҳавога тарқалган заҳарли модда 04:00 да тўхтатилган.
Аммо бу вақтда Тошкентда ҳаво ифлосланишининг "зарарли" ва "жуда зарарли" даражаси қайд этилган.
Perekis vodorod moddasi havoga sizib chiqqan hududda joylashgani aytilayotgan ko‘chalarda bir nechta tez yordam mashinalarining harakatlanayotganini ko‘rish mumkin.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда атрофни туманга ўхшаш қуюқ тутун қоплагани акс этган видеолар тарқалди. Перекис водород моддаси ҳавога сизиб чиққан ҳудудда жойлашгани айтилаётган кўчаларда бир нечта тез ёрдам машиналарининг ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.
Бироқ, вазирлик ҳодиса оқибатида зарарланганлар ёки жароҳатланганларнинг бор-йўқлигига ҳалича ойдинлик киритмади.
BBC Ўзбек хизмати айни масалада, вазирлик ахборот хизмати билан боғланди. Аммо мақола нашрга тайёрланаётган муддатда ҳодисага алоқадор саволлар юзасидан жавоб олишга муваффақ бўлмади.
Ташкилотнинг расмий Телеграм саҳифасида ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани ва қўшимча маълумотлар айни изланишлар якунлангач тақдим этилиши айтилади.

Сурат манбаси, Air Monitoring Tashkent
Водород пероксид ёки перекис водород нимаси билан хавфли?
Кимёвий формуласи Ҳ₂О₂ нинг турли номлари бор: перекис водород, водород пероксид, пергидрол, гидропероксид, диоксид водород.
У ноорганик кимёвий модда.
Водород пероксидининг буғлари нафас йўлларини қитиқлайди, йўтал, томоқ оғриғи, кўнгил айниши ва бош оғриғини келтириб чиқариши мумкин.
Кўз ва тери билан контакт қилганда тирнаш, ҳатто куйишга ўхшаш аломатлар кузатилади.
Аммо юз берган воқеа сабаб, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган фуқаролар борлиги ёки йўқлиги ҳақида ҳозирча расмий маълумотлар кўзга ташланмайди.
Перекис водород сизиб чиққани айтилаётган омборхонанинг қай бир ташкилотга тегишли экани, у ерда айнан нималар сақланиши, сиғими, аҳоли турар-жой мавзеъсига қанчалик яқин жойлашгани ва ҳодиса сабаби борасида ҳам мақола чоп этилаётган соатларда ишончли хабарлар имконсиз.
BBC омборхона билан боғлиқ хабар тафсилотларини ўрганиш ва кузатишда давом этмоқда.
Бундан бир неча кун олдин, 19 июл куни тонгда эса Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплаган эди.
Худди шундай ҳолат 13 июлда ҳам кузатилганди. Аҳоли орасида бу вазият "Навоиязот" АЖ фаолияти билан боғлиқ деган хабарлар тарқалган.
Навоий вилояти Экология бошқармаси ҳам ҳавонинг ифлосланишида ушбу корхонани айбдор деб топган.
Бироқ, корхона ҳудудга кириб келган тутун оқими бошқа йўналишдан эканлигини акс эттирувчи видео тасвирларни оммага эълон қилиб, айни айбловни рад этган эди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида ҳам аҳолига суюлтирилган газ баллонлари тарқатиш шохобчасида портлаш содир бўлган эди. Расмийларга кўра, мазкур портлаш 4 кишининг умрига зомин бўлган.
Бироқ, маҳаллий матбуот нашрларининг иддао қилишича, расмийлар ўлимлар сонини очиқлашда жамоатчиликни чалғитмоқда.
Ўтган йили Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги газ конида заҳарли водород сульфид гази сизиб чиқиши инсонларнинг умрларига зомин бўлгани расмийлар ўзлари томонидан ҳам тасдиқланган.












