Ўзбекистон: Лабубу жазаваси, Айдаркўлда туризм маркази, Sea Breeze тақдирини энди ким ҳал қилади?

Сурат манбаси, Reuters
Сўнгги икки ой ичида Ўзбекистонда янги трендга айланган Лабубу ўйинчоқлари учун аҳоли томонидан катта миқдорда маблағ сарфлангани маълум бўлди.
Узум Маркет платформаси маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси қисқа вақт ичида ушбу ўйинчоқларга 110 минг доллар (тахминан 1,37 миллиард сўм) сарфлашга улгурган. Бу рақам фақатгина биргина савдо платформасига тегишли бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб сотувлар ҳисобга олинса, умумий миқдор янада ортиши мумкин.
Лабубу ўйинчоқларини ишлаб чиқарувчи Поп Март компанияси бугунги кунда дунёдаги энг тез ривожланаётган глобал брендлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг акциялари 2025-йилда 182 фоизга ўсиб, бозор қиймати 43 миллиард долларга етгани унинг улкан муваффақиятидан далолат беради.
Лабубу – бу Хитойнинг Поп Март компанияси томонидан яратилган "сирли қути" (blind box) тамойилига асосланган коллексион ўйинчоқлар серияси.
Ҳар бир қути ичида қайси Лабубу модели борлиги олдиндан маълум бўлмайди, бу эса харидорлар орасида ҳаяжон ва қизиқиш уйғотади. Ушбу ўйинчоқлар Поп Мартнинг энг машҳур серияларидан бири бўлиб, Тhe Monsters сериясига тегишли. Уларни яратувчиси рассом Касинг Лунг ҳисобланади.
Лабубу ўйинчоқларининг глобал машҳурлиги баъзан нохуш ҳолатларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Масалан, Бирлашган Қиролликда мижозлар ўртасида ушбу ўйинчоқлар учун жанжаллар юзага келгани ҳақидаги хабарлар тарқалгач, Поп Март компанияси Лабубу ўйинчоқларини Буюк Британиядаги 16 та дўконидан июн ойига қадар сотувдан олиб ташлашга мажбур бўлди. Компания Би-Би-Сига берган интервюсида бу қарор "ҳар қандай потенциал хавфсизлик муаммоларининг олдини олиш" мақсадида қабул қилинганини таъкидлади.
Бу воқеа Лабубунинг нақадар катта талабга эга эканлигини ва унинг ишқибозлари орасида кучли қизиқиш борлигини кўрсатади.
"Айдар-Арнасой" кўллар тизими қирғоқ бўйида замонавий туризм маркази барпо этилади

Сурат манбаси, prezident.uz
"Айдар-Арнасой" кўллар тизими қирғоқ бўйида замонавий туризм маркази барпо этилади
Шавкат Мирзиёевнинг Жиззаҳга қилган ташрифида вилоятнинг қўшимча имкониятлари муҳокама қилинганлиги хабар берилмоқда.
Бу ташриф давомида президент вилоятда амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар тақдимотида бўлган.
Шу пайтгача йўлга қўйилган лойиҳалар қаторида, энди "Айдар-Арнасой" кўллар тизими қирғоқ бўйида ҳам замонавий туризм маркази барпо этилиши айтилмоқда.
Шу пайтгача Жиззахда "Зомин" туристик-рекреацион зонаси, Зомин аэропорти ва янги йўллар қурилган эди.
Маълумот ўрнида, ўтган йил 31 декабрда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, 2025 йилда 2 миллиард доллар сармоя жалб этиш, экспортни 285 миллион долларга етказиш, 168 минг одамни ишли қилиш чора-тадбирлари белгиланганди.
"Sea Breeze Uzbekistan" лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади
Ўтган йил декабрь ойида озарбайжонлик тадбиркор Эмин Agalarov Президент Шавкат Мирзиёевга "Sеа Breeze Uzbekistan" номли мавсумий курорт қуриш лойиҳасини тақдим этган эди. Лойиҳа 500-700 гектар майдонни эгаллаб, дам олиш зоналари, пляжлар, спорт майдончалари, меҳмонхоналар, коттежлар ва турар-жой мажмуалари, шунингдек, дўконлар, ресторанлар, мактаблар, аквапарк ва дам олиш боғларини ўз ичига олиши кутилган.
Июль ойининг ўрталарда ижтимоий тармоқларда "Sеа Breeze Uzbekistan" лойиҳаси жамоатчиликда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Фаоллар халққа сув соҳилида дам олишнинг чекланиши, инфратузилмага юкламанинг ортиши, сув омборининг экологик мувозанатига таҳдид ва шаффофликнинг етишмаслиги каби масалалардан хавотир билдиришган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазири Азиз Абдуҳакимов 23 июль куни Чорвоқ сув омборидаги "Sеа Breeze Uzbekistan" лойиҳасига бағишланган матбуот анжуманида муҳим баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, вазирлик ҳозиргача лойиҳа бўйича ҳеч қандай расмий ҳужжат олмаган.
Вазир, лойиҳани "йўқ" деб айтишдан олдин, у билан танишиб чиқиш зарурлигини таъкидлади ва лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини қўшимча қилди. Бу эса лойиҳанинг келажаги бўйича қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикри инобатга олинишини англатади.
23 июль: Ўзбекистон дайжести: Пахта ёғи нархи ракета бўлди, Қозоғистондан 56% ортда, қишдан ҳам кўп электр истеъмоли

Сурат манбаси, gazeta.uz
Ўзбекистонда бир йилда ракета бўлиб осмонга ўрлаган нархлар
Ўзбекистон Марказий Банки тақдим этган маълумотларга кўра, бир йил давомида энг қимматлаган маҳсулотлар - пахта ёғи, полиз экинлари ва метан гази бўлди.
Бундан олдин Миллий Статистика қўмитаси Ўзбекистондаги йиллик инфляция 8,7 фоизни ташкил этди деб хабар қилган.
Марказий Банк нархларнинг 2024 йил июнидан 2025 йил июнигача бўлган ўзгариши ҳақида маълумот берди.
Бир йил давомида 30 фоиздан ҳам қимматлаган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар рўйхати келтирилди.
Табиий газ Ўзбекистонда автомобиллар учун энг кўп фойдаланиладиган, аксар аҳолининг қурби етадиган ёқилғи ҳамда уйларни иситиш ва электр ишлаб чиқаришнинг асосий манбаларидан биридир.
Бир йил давомида метан 36,2 фоиз қимматлаган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг қимматлагани пахта ёғи.
43,5% фоиз билан пахта ёғи Ўзбекистонда энг қимматлаган маҳсулот бўлди.
Карам +37.4%,
Картошка +36.5%,
Қўй гўшти +32,
Мол гўшти +30.5%,
Кунгабоқар ёғи +28.9% қимматлади.
Айни пайтда узум, бодринг, олма, помидор ва гуруч арзонлаганини қайд этди Марказий Банк.
Энергетика рекорди

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар қилишича, мамлакатда бир суткадаги электр энергияси истеъмоли тарихда биринчи марта қишки истеъмолдан ошди.
"Миллий диспетчерлик маркази маълумотларига кўра, 2025-йил 16-июлдан 21-июлгача бўлган аномал иссиқ даврда Ўзбекистон энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли ва юкламаси бўйича янги тарихий рекордлар қайд этилди.
Хусусан, биринчи марта электр энергияси истеъмолида ёзги кўрсаткичлар қишки максимал кўрсаткичлардан ошди. Жумладан:
2025-йил 18-июл кунлик истеъмол миқдори 272, 6 млн кВт•соат, бу қишки максимумдан (271, 8 млн кВт•соат) ва аввалги ёзги рекорддан (253, 3 млн кВт•соат) ошиб кетди", дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Сурат манбаси, .
Шу билан бирга, 21 июл куни Ўзбекистон энергетика тизимининг максимал қуввати 13, 3 ГВтга етган.
Бу Ўзбекистонда қишки фаслда қайд этилган рекорддан (12, 5 ГВт) ва 2024 йил июл ойидаги кўрсаткичлардан (11, 8 ГВт) юқори.
Мамлакатда электр истеъмоли йилдан-йилга ошиб бораяпти, бу истеъмолни қондиришнинг турли анъанавий ва янги йўллари изланаяпти.
Мавжуд ГЭСлар қаторига мини ГЭСларни қўшиш, иссиқлик электр станцияларини кам газга ишлайдиган қилиш, қуёш ва шамол қувватларидан фойдаланиш билан бирга Россия билан биргаликда АЭС барпо этишга киришилган.
Мамлакат иқтисоди каттараяпти, одамлар даромади ўсиши эса секинлашди

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Миллий Статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ялпи Ички маҳсулот ўсиши 7,2 фоизни ташкил этган.
Қўмита маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида бу рақам 6,6% бўлган.
Жорий йилнинг 1 июл ҳолатида Ўзбекистон аҳолисининг сони 37 миллион 859 минг 700 кишини ташкил этгани хабар қилинади.
Мамлакатда туғилиш камайиши кузатилаётгани қайд этилади.
Йил бошидан буён 405 минг чақалоқ туғилгани, агар бу рақамни 2024 йил биринчи ярим йиллигига солиштирса, 14 минг 400 нафарга кам экани хабар қилинади.
Миллий Статистик қўмита 5551 ўзбекистонлик хорижга кўчиб кетганини хабар қилади.
2024 йил бу рақам 5066 ни, 2023 йили 9004 ни ташкил этган.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида аҳоли даромадларининг ўсиши пасайган ва 9,5 фоизни ташкил этган.
Бир йил олдин бу рақам 11,9% бўлганини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Интернет тезлиги Қозоғистондагидан 56% ортда

Сурат манбаси, UzTelecom
Speedtest Global Index сўнгги маълумотларига кўра, Қозоғистон Интернет тезлиги бўйича Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигида энг пешқадами, дея хабар қилади finprom.kz веб-нашри.
Қозоғистон 101 мамлакат орасида 47-ўринни эгаллаган.
Қозоғистонда ўртача тезлик 87,27 Мбит/с ни ташкил этган.
Интернет тезлиги бўйича Қозоғистон
- Озарбайжондан — 20% олдинда (55-ўрин, 72,52 Мбит/с);
- Арманистондан — 48% (67-ўрин, 59,03 Мбит/с);
- Ўзбекистондан — 56% (71-ўрин, 55,78 Мбит/с);
- Молдовадан — 61% (72-ўрин, 54,25 Мбит/с);
- Қирғизистондан — 61% (73-ўрин, 54,07 Мбит/с);
- Украинадан — 63% (74-ўрин, 53,65 Мбит/с);
- Россидан — 2,3 марта (88-ўрин, 37,61 Мбит/с);
- Беларусдан — 4,9 марта 102-ўрин, 17,97 Мбит/с).












