Россия: мигрантлар масаласи президентлар эътиборида, Қозоғистон ва Ўзбекистон АЭСларини Росатом қуради, Ўзбекистон БРИКС банкига қўшилмоқчи

Сурат манбаси, Rasmiy
Россия Президенти Владимир Путин айтишича, миграция масалаларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бирга ҳал қилишга келишганлар.
"Биз меҳнат бозорида ҳам ижтимоий характердаги масалалар кўплигини яхши тушунамиз. Биз(Ўзбекистон Президенти) Шавкат Миромонович(Мирзиёев) билан миграция масалаларини бирга ҳал қилишга келишганмиз. Чунки биздаги меҳнат бозорининг аҳволи қандай экани маълум. Сизларда(Ўзбекистонда) муайян босим юз бераяпти. Лекин биз нима қилиш кераклигини биргаликда келишиб олганмиз. Россияда ишлашни истаган одамларни тайёрлашга", деди Президент Путин ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда.
2000 йиллар бошларидан Ўзбекистоннинг ўзида оиласи эҳтиёжини қондирадиган даромад топиш имконига эга бўлмаган ўзбекистонликлар Россияни ишлаб пул топадиган мамлакат сифатида кўриб келадилар.
МДҲ мамлакатлари ўртасида виза тартиби йўқлиги миллионлаб ўзбекистонликларни Россияга жалб қилган.
Россиядаги қонуний ва ноқонуний ўзбекистонлик мигрантлар сони ўзгариб туради.
2024 йили Россия расмийлари Марказий Осиёдаги собиқ Совет республикалари - Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистондан Россияга бориб ишлаётган меҳнат мигрантларининг сони тўрт миллион кишини ташкил этиши ҳақида хабар қилган эдилар.
Яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бир неча йил олдин бир неча миллионни ташкил этган Россиядаги Ўзбек мигрантлари сони бир миллиондан камга пасайганини айтди.
Мигрантлар сонининг камайиши Россиянинг Украинага тўлақонли босқин бошлагани, бунинг оқибатида мигрантлар даромадларининг тушиб кетиши, ўтган йил Москва яқинидаги "Крокус Сити"га ҳалокатли қуролли ҳужумлар ортидан аксилмигрант қонунларининг қаттиқлаштирилгани сабаб бўлди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги иш берувчилар билан келишган ҳолда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган равишда Россияга ишга юборишни йўлга қўйди.
Аммо Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг хорижий мигрантларга нисбатан ноқонуний, ноинсоний муомаласи Марказий Осиё мамлакатларининг Россия Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси йўллашига сабаб бўлди.
Президент Путиннинг ўзбекистонлик мигрантлар ҳақидаги баёноти Ўзбекистоннинг норозилик нотаси, ушбу нотага нисбатан Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарованинг муносабати ортидан кузатилди.
Кузатувчилар Россия ташқи сиёсат идораси вакиласининг оҳанги олдинги чиқишларига нисбатан ўзгарганига эътибор қаратдилар.
Жаҳон Банки маълумотларига кўра, Россияда ишлаб ватанига пул юбораётган мигрантларнинг даромадлари Ўзбекистон ЯИМининг 14 фоизини, Тожикистон ЯИМининг 45%ини, Қирғизистон ЯИМининг 24 фоизини ташкил этади.
"Росатом" ҳам Қозоғистон ва ҳам Ўзбекистон АЭСларининг қурувчиси бўлади

Сурат манбаси, .
Ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда Президент Владимир Путин, Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан атом энергетика соҳасида лойиҳаларни ривожлантириш истиқболи яхши, деб айтди.
"Бизда (Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида) кўплаб уч томонлама лойиҳалар пайдо бўлиши мумкин. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам атом энергетикаси соҳасида жиддий лойиҳалар юзага келиши мумкин. Биз бу бўйича жиддий ишлаяпмиз ва бу лойиҳаларни ривожлантиришнинг яхши босқичидамиз", деди Президент Путин.
Россиянинг давлат назоратидаги ТАСС ахборот агентлиги хабар қилишича, Президент Путин, ҳозирги пайтда Россия билан Ўзбекистоннинг муносабатлари муваффақиятли ва изчил ривожланаяпти, деган.
14 июн куни Қозоғистон Энергетика вазирлиги мамлакатдаги илк атом электр станцияси қурилиши танловида Россиянинг "Росатом" ширкати ғолиб деб топилгани ҳақида хабар тарқатди.
Қозоғистон 2024 йил октябрида АЭС қуриш-қурмаслик масаласини умумхалқ референдумига олиб чиқди, бу борада халқ фикри сўралди.
Референдумда 71 фоиз аҳоли АЭС барпо этиш ғоясини қўллаб-қувватлади.
АЭС учун Балхаш кўли соҳилидаги жой танланди.
Қозоғистон раҳбарияти атом электр станциясини ким қуриши борасида халқаро танлов эълон қилди.
Бу танловда "РосАтом" билан бирга Хитойнинг «China National Nuclear Corporation», Франциянинг «Électricité de France», Жанубий Кореянинг «Korea Hydro & Nuclear Power» ширкатлари қатнашди.
Қозоғистон Атом энергияси агентлигига кўра, АЭС бўйича халқаро консорциум ташкил этилади, унинг етакчиси "Росатом" бўлади.
Халқаро консорциумга Хитойнинг CNNC, Франциянинг ЕDF ва Кореянинг KHNP ширкатлари ҳам кириши хабар қилинди.
Ўтган йили Ўзбекистондаги Тузкон кўли яқинида кам қувватли АЭС қурилишига келишилган, қурилиш "Росатом"га юклатилган.
Ўзбекистон расмийлари электр қуввати истеъмоли тобора ортиб бораётган мамлакатда катта АЭСга ҳам эҳтиёж борлигини айтишган.
Шу кунларда Ўзбекистонда катта АЭСни ҳам "Росатом" қуришига келишилгани ҳақида Россия матбуоти хабар тарқатди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистоннинг БРИКС банкига аъзолиги маъқулланди

Сурат манбаси, EPA
БРИКС ташкилотининг банки раҳбарияти Ўзбекистоннинг ушбу банкка аъзолиги аризасини маъқуллаган.
Бу ҳақда БРИКС Янги Тараққиёт банки раҳбари Дилма Руссеф Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда айтди.
"Аъзо сифатида икки мамлакат танланди. Булар Ўзбекистон ва Колумбия. Яна икки мамлакат Эфиопия ва Индонезиянинг аризалари кўриб чиқилаяпти", деди Руссеф хоним.
Дилма Руссеф бразилиялик иқтисодчи, у 2011 йилдан 2016 йилгача Бразилия президенти бўлган.
Руссеф хоним айтишича, БРИКС банки олдида аъзо мамлакатларнинг маҳаллий валюталаридан фойдаланишни кенгайтириш вазифаси асосий вазифа бўлиб турипти.
БРИКС - 2006 йили Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой ташкил этган, 2010 йили Жанубий Африка қўшилган ташкилот.
БРИКС ўзаро муомалада АҚШ долларидан воз кечиш чақириғи билан танилган, аммо ташкилотнинг сўнгги саммитларида бу масала муҳокама этилгани йўқ.
2024 йил БРИКСга Эрон, Миср, Эфиопия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб амирликлари қўшилдилар.
2014 йили ташкилотнинг Янги Тараққиёт банки тузилган.
Жаҳон Банкига муқобил, бой Ғарб мамлакатлари вето ҳуқуқига эга халқаро молия ташкилотларидан фарқли ўлароқ Янги Тараққиёт банки барча аъзо мамлакатларга тенг овоз берилишини айтади, шу вақтгача ривожланаётган мамлакатлардаги инфратузилмаларни ривожлантиришга 30 миллиард доллардан ортиқ ёрдам берган.
Дилма Руссеф Президент Путин билан XXVIII Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида учрашган.
Петербург халқаро форуми 18-21 июн кунлари бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлари ҳайъат иштирок этиши хабар қилинган.
Иқтисодий форумда гапирган Россия Сбербанки раиси ўринбосари Александр Ведякин Марказий банкни фоиз ставкасини 20 дан 15 га туширишга чақирган.
Украинага босқини ортидан қатор иқтисодий санкцияларга дуч келган Россия рублининг қадри тушиб кетди, иқтисодий ўсиш пасайди.
Шунга қарамасдан, Россия ҳукумати 2025 йили иқтисодий ўсиш 2,5 фоизни ташкил этади, дейди.
Россия миллий валютасининг қадрини долларга нисбатан 78 рублда ушлаб турипти.
Урушнинг учинчи йилида кўп иқтисодий таҳлилчилар Россия ўз иқтисодини ҳарбий релсга ўтказишнинг уддасидан чиқаяпти дейдилар.
Буни яқинда НАТО Бош котиби Марк Рутте ҳам тан олди.
Исроилнинг Эронга ҳужумлари жаҳон бозорида нефт нархи кўтарилишига олиб келди, бу ҳамон нефт ва газ давлат ғазнасининг асосий даромади бўлиб турган Россия учун фойдаси кўпайишини англатади.












