Ўзбекистон иқтисодий дайжести: мигрант маошидан кўп пул уйига юбормасин

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Россия ГосДумаси депутатлари меҳнат муҳожирларининг бир ойлик маошидан кўп пулни ватанига юборишни тақиқлашни таклиф қилдилар.
Бу ҳақда Россиянинг давлат назоратидаги ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Агентлик ушбу таклиф илгари сурилган қонунчилик лойиҳаси билан танишиб чиққанини билдирди.
ГосДума депутатлари Россия Марказий Банки раисаси Элвира Тухватуллинага мактуб юбордилар, бу мактубда мигрантга расман рўйхатга олинган маоши миқдоридан кўп пулни ўзининг мамлакатига юборишни тақиқлаш таклиф қилинади.
Россиялик депутатлар фикрича, ҳозир мамлакатда мигрантларнинг расмий даромади миқдорини назорат қилишнинг "самарали механизми йўқ", бу эса "ноқонуний даромадларни легаллаштириш, солиқдан қочиш, капитални Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетишга шароит яратаяпти", мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигига таъсир қилаяпти.
Шу йил 30 майдан Россияда пул ўтказмаларига оид янги тартиб кучга кирди, бу тартибга биноан, чеклов киритилди, бир мартада 100 минг Россия рубли ёки 1300 АҚШ долларидан зиёд маблағни бир жойдан иккинчи жойга юбориш тақиқланди.
ХВЖ Ўзбекистон ҳақида: Асосий мушкуллик иқтисодни давлат жиловидан чиқариш

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларига бағишланган янги ҳисобот эълон қилган Халқаро Валюта жамғармаси расмий Тошкентнинг иқтисодий либерализация ҳаракатларини олқишлади.
Ҳисоботда асосий мушкуллик иқтисодиёт устидан давлат назоратини чиқариш бўлиб қолаётганини таъкидлаган халқаро молия ташкилоти Ўзбекистон Жаҳон Савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кириши учун амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотлар кўп эканини билдирди.
ХВЖ 2016 йили Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин мамлакат Ялпи Ички Маҳсулоти ўртача 5,7 фоиз ўсиб келаётганини, иш билан таъминлаш йилма-йил 3,6 % ортиб келаётганини урғулайди.
ХВЖ келгуси йилларда ҳам Ўзбекистон иқтисоди ўсиши 6 фоиздан кам бўлмайди деб башорат қилади.
"Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишда салмоқли илгари силжишга эришди. Иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш юқори сармоялар, ўсиш ва камбағалликни камайтиришнинг ижобий айланма жараёнини бошлаб берди", дейилади ҳисоботда.
"Изчил ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётгани натижасида юқори иқтисодий кўрсаткичлар давом этаяпти. 2017 йилдан буён амалга оширилган муҳим ислоҳотлар — валюта курсларини бирлаштириш, валюта чекловларини бекор қилиш, савдо ва кўплаб товар ҳамда хизматлар нархларини либераллаштириш — иқтисодиётни тубдан ўзгартирди ва катта миқдорда капитал оқимини жалб қилди", дейилади ХВЖ ҳисоботида.

Сурат манбаси, .
Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни қайта қуриш мақсадида қарз олишни ҳам давом эттираяпти. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи чораги якунида мамлакатнинг умумий қарзи 68.4 миллиард долларни ташкил этган, шундан деярли ярми давлат қарзи ҳисобланади. Ўтган тўрт молиявий чорак мобайнида умумий қарз 14.9 миллиард долларга ошган, шундан 6.2 миллиард доллари давлат қарзи, қолгани эса корпоратив қарзлардир.
ХВЖ Ўзбек ҳукуматининг ислоҳотларга ёндашувини олқишлаган ҳолда, Ўзбекистон ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари, ташқи иқтисодий ўзгаришлар — "чуқурлашган савдо сиёсати шоклари, товар нархларининг кескин ўзгариши ва ташқи молиялаштиришнинг тортилиши" каби хавфлар олдида ожиз қолиши мумкинлигидан огоҳлантиради.
ХВЖ ҳисоботига кўра, иқтисодий ютуқларни мустаҳкамлаш учун Мирзиёев маъмурияти иқтисодиётдаги назорат даражасини анча камайтириши лозим.
"Бу натижаларни сақлаб қолиш учун ҳал этилиши лозим бўлган муҳим муаммолар мавжуд," — дейилади ҳисоботда. "Буларга давлатнинг иқтисодиётдаги катта иштироки (кўплаб давлат корхоналари ва тижорат банклари орқали), йўналтирилган ва имтиёзли кредитлашнинг сақланиб қолиши ҳамда бошқариладиган нархларнинг мавжудлиги киради. Бу омиллар рақобатни чеклайди ва фаол ҳамда диверсификациялашган хусусий сектор ривожига тўсқинлик қилади".
"Бошқарув ва шаффофликни яхшилаш учун ҳам имкониятлар мавжуд", дейилади ҳисоботда.
Хусусий секторни ривожлантириш ҳукуматнинг яқин муддатдаги устувор вазифаси бўлиши керак. Бу корпоратив бошқарувни яхшилашни ҳам ўз ичига олади. ХВЖ ҳисоботига кўра, банк тизимидаги қоидалар халқаро стандартларга мослаштирилиши лозим. Шунингдек, меҳнат бозори ва пенсия тизимидаги ислоҳотлар давлат харажатларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
"Олдинга қараб, асосий вазифа — ислоҳотлар суръатини сақлаб қолиш ва барқарор ҳамда инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашдир. Ҳукумат буни нархлар ва савдони тўлиқ либераллаштириш, иқтисодиётда давлат ролини камайтириш ва бозор рақобатини рағбатлантирувчи, хусусий сектор ривожига йўл очувчи бизнес муҳитини яратиш орқали амалга оширишга бел боғлаган," — дейилади ХВЖ ҳисоботида.
Ўзбек пахтаси халқаро талабларга жавоб бериши устидан назорат янада яхшиланади

Сурат манбаси, Timur Karpov
Жаҳондаги тўқимачилик саноатига бағишланган Textile World веб-нашри хабар қилишича, Better Cotton пахта етиштиришни назорат қилиш ташкилоти Ўзбек пахтаси дастурини яхшилаш бўйича янги илгари силжишга эришганини эълон қилган.
Better Cotton жаҳондаги энг йирик ташаббус деб кўрилади.
Better Cottonнинг Ўзбекистон дастури мустақил фуқаролик гуруҳлари ва хорижий аудиторлар ёрдамида лицензияланган кластерларнинг ички текширувини яхшилаган, янада яхши маҳаллий кузатув методологиясини жорий қилишга эришган.
Ўзбекистон узоқ йиллар пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланиши танқид қилиб келинди.
Бунинг оқибатида кийим-кечак билан шуғулланадиган дунё машҳур брендлар ўзлари фойдаланаётган пахта манбаси қаердан экани, бу пахтани етиштиришда ахлоқий меъёрларга нақадар риоя этилганини янада кучли текшира бошладилар ва айрим ширкатлар Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбек пахтасини етиштиришда мажбурий меҳнатдан воз кечилганини халқаро ташкилотлар эътироф этдилар.
Аммо бугун ҳам фермерлар ўзларига нисбатан давлат амалдорлари босими учраб туришидан шикоят қиладилар.












