Ўзбекистон: Президент фармони – ким кетдию ким қолди? Ташқи қарз қанча бўлди? Мигрантларда нима гап?

Шавкат Мирзиёeв

Сурат манбаси, president.uz

Ўқилиш вақти: 4 дақ
Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кенг кўламли кадрлар алмашишига доир фармонни имзолаган. Фармонга биноан, шу пайтга қадар президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимида бўлган Абдулазиз Комилов эндиликда ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчилик лавозимига тайинланган.

Абдулазиз Комилов мустақил Ўзбекистон тарихида энг таниқли дипломатлардан биридир.

Кузатувчиларга кўра, Комилов Ўзбекистон ташқи сиёсатида Ғарб билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилган оз сонли сиёсатчилардан бири саналади.

Яқинда таниқли дипломат Москва танқидларига қарамасдан, Марказий Осиёнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини ҳимоя қилиб чиққанди.

"Тарихда биринчи марта ҳамма Марказий Осиё давлатлари бир бўлиб, ягона субъект бўлиб, ўзларининг янги мавқеини намойиш қиляпти. Бу мавқени халқаро ҳамжамият тан оляпти", деган эди жаноб Комилов.

Абдулазиз Комиловнинг ушбу изоҳлари Европа етакчилари билан ўтказилган қатор юқори даражадаги минтақавий саммитлар ортидан янграган эди.

Таниқли дипломатнинг ЕИ билан ҳамкорликни ҳимоя қилиши Россия томонидан Марказий Осиёнинг Ғарбга қараб юзланишига билдирилган танқидларга жавоб сифатида кўрилмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ЕИ саммитидан икки ҳафта ўтиб, 24 апрель куни Самарқандга ташриф буюриб, Европанинг минтақадаги сиёсатини кескин танқид қилди.

"Брюсселдаги Европа Комиссияси раҳбарияти айниқса ажралиб туради. Улар минтақада очиқдан-очиқ аксилроссия кайфиятидаги ўз дастурларини илгари суришмоқда", — деган эди Лавров ўша матбуот анжуманида.

Россия вазири Москва Марказий Осиёга нисбатан "ЕИ ва АҚШ томонидан идеологик ёки сиёсий босим" ўтказилишига мутлақо қарши эканини таъкидлаганди.

Яна кимлар қаерга жойлашди?

Муқаддам Ўзбекистон президенти администрациясининг раҳбари лавозимида бир муддат ишлаган, кейинроқ вазифасидан озод этилиб, президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Сардор Умурзоқов эндиликда Шавкат Мирзиёевнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.

Русланбек Куролтаевич Давлетов Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган.

Ташқи қарз қанча бўлди?

Бозор

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

IDT

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

2025 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 68,4 миллиард долларга етди. Бу миқдорнинг 35,8 миллиард доллари давлат қарзига, 32,6 миллиард доллари эса корпоратив қарзларга тўғри келади. Марказий банк ҳисоботига кўра, ўтган йилга нисбатан ташқи қарз қолдиғи 14,9 миллиард долларга ошган. Шу чоракнинг ўзида қарз 4,3 миллиард долларга кўпайган бўлиб, бу ўсиш суръати 2024 йил охирига нисбатан тезлашганини кўрсатади.

Муҳим ижобий ўзгариш – жорий операциялар ҳисоби манфий сальдосининг сезиларли даражада қисқаришидир. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврида 2,1 миллиард доллар бўлган бўлса, 2025 йилнинг биринчи чорагида 160,7 миллион долларгача тушган. Ушбу яхшиланиш асосан экспорт ҳажмининг 22 фоизга ошиши (қарийб 8 миллиард долларга етиши) ва импортнинг деярли ўзгаришсиз қолиши натижасидир. Савдо баланси дефицити ҳам 34 фоизга қисқариб, 2,6 миллиард долларни ташкил этди.

Мамлакатга кириб келган халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши биринчи ва иккиламчи даромадлар балансининг ижобий бўлишига хизмат қилди (мос равишда 148,9 миллион ва 2,2 миллиард доллар). Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги тўғридан-тўғри ва портфель инвестициялар ҳисобига қопланган. Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилга нисбатан деярли икки баробар ошиб, 752,3 миллион долларни ташкил қилди. Портфель инвестициялари эса, асосан халқаро облигациялар операциялари ҳисобига, 1,5 миллиард долларни ташкил этди. Ушбу омиллар натижасида молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси 791,1 миллион долларни ташкил этди.

Мигрантларда нима гап?

Migrantlar

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Россияда ишчи кучи танқислиги кучайгани сабабли, маҳаллий ҳокимият органлари чет эллик ишчиларни ёллаш бўйича қўйилган тақиқларни бекор қилмоқда. Asia-Плюс хабарига кўра, умумий овқатланиш, қишлоқ хўжалиги, логистика ва уй-жой коммунал хизматлари каби соҳаларда меҳнат мигрантларининг ўрнини босиш қийин бўлмоқда, чунки россияликлар оғир ва кам маошли ишларга интилмаяпти.

Баъзи жойларда аввалги чекловлар бекор қилиниб, мигрантларнинг яна ишлашига рухсат берилмоқда. Қишлоқ хўжалигида, хусусан, Марказий Россияда ишчилар етишмаслиги сабабли тонналаб ҳосил далаларда қолиб кетмоқда. Соҳа ичида бўлганлар бу инқирозни 2024 йилдан кучга кирган янги иммиграция қонунлари билан боғлашмоқда. Ушбу қонунларга кўра, мигрантлар ишга рухсат олиш учун рус тили ва тарихи имтиҳонларидан ўтишлари шарт, бу эса қисқа муддатга келадиган мавсумий ишчилар учун жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Краснодар ўлкасида мигрантларни ёллашнинг тақиқланиши фермер хўжаликларининг вайрон бўлишига олиб келган. Қийин ишларни маҳаллий аҳоли бажаришни истамаяпти, талабаларни жалб қилиш уринишлари ҳам самара бермаган. Россиянинг айрим ҳудудларида эса, мигрантларни қайтариш учун турли рағбатлантирувчи чоралар, жумладан, транспорт ва ҳатто ҳосилнинг бир қисмини бериш таклиф қилинмоқда.