Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий иттифоқига яқинлашаяптими? Ўзбекистон яна қанча қарз олаяпти? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, eec.eaeunion.org
- ЕОИИ Ўзбекистонга яқинлашаяптими?
- Осиё тараққиёт банки қанча кредит ажратди?
- Ўзбекистонда шамол электр станцияси қурилади
- Қорақалпоғистонга имтиёзлар пакети
- Конституция барибир ўзгарадими?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги бузғунчи кучлар ва халқаро озиқ-овқат инқирози ҳақида нима деди?
- Россия Ўзбекистонга янада яқинлашмоқчими? Ўзбекистон Афғонистонни қанча электр билан таъминлайдими? Ғалаба Украинада, байрами Британияда. Ўзбекистон ва дунё. Янгиликлар.
- Ўзбекистон: «Президентлик муддати ноллаштирилади» - Мирзиеёв яна номзодини қўйиши учунми?
- Россия яна кимларни 'дўстлар сафидан чиқарди'? Қозоғистон 'Аср лойиҳаси'га қўшилмоқчими? Рубль нега тушди? Ўзбекистонда пул кўпайиб кетдими?
Ўзбекистон ЕОИИга яқинлашаяптими?
Евроосиё Иқтисодий иттифоқи "ЕОИИ-Ўзбекистон" бизнес-форумини ўтказишни режалаштирмоқда.
ЕОИИ штаб-квартирасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов иштирок этган.
ЕОИИ комиссиясининг Интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазев Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўлами бўйича ҳам, ўзаро ҳамкорликда ҳам ЕОИИнинг энг яқин ҳамкори эканини таъкидлади.
"Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчилик мақоми имкониятларидан фойдаланган ҳолда биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг натижалари узоқ кутилмади - савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барча кўрсаткичлари ошганини қайд этамиз. ЕОИИ ва Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари сифатида бир-бирлари учун аҳамияти катта. ЕОИИ ташкил этилганидан бери иттифоқ давлатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравар кўпайиб, ўтган йили 11 миллиард доллардан ошди", — деди Сергей Глазев.
Ўз навбатида Бадриддин Абидов ҳам ЕОИИ нинг Ўзбекистон учун аҳамиятлигини таъкидлаган.
- "Ўзбекистон учун ЕОИИ муҳим савдо шериги ҳисобланади. Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш ва ривожлантириш, Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини қўллаш доирасида вазифаларини ҳал қилиш борасида Ўзбекистон раҳбари ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишга ҳисса қўшиши учун бўлиб ўтган муҳокаманинг маҳсулдорлиги ва мазмунини мамнуният билан қайд этаман", - деди Бадриддин Абидов.
Осиё Тараққиёт банкидан кредит ва грант

Сурат манбаси, Press Service Asian Development Bank
ОТБ Ўзбекистонга $150 млн кредит ва $3 млн грант ажратади, деб ёзмоқда «Газета.uz».
Нашр маълумотича, Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш учун 150 млн доллар кредит ва 3 млн доллар грант ажратади. Лойиҳа ҳукуматнинг юқори қийматли экинларни етиштиришга ўтиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича устувор йўналишларини қўллаб-қувватлайди.
Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини яхшилашга кўмаклашиш учун 150 млн доллар миқдорида кредит ва 3 млн доллар грант ажратишни маъқуллади.
«Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашган сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси танланган ирригация-дренаж тизимларини модернизация қилади ва уларни янада самарали бошқариш бўйича мамлакат салоҳиятини ошириш орқали сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлайди, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, банк юқори даражадаги технологиялар фондидан 300 000 АҚШ доллари миқдорида грант ажратади.
Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда сув хўжалиги ва ирригация секторини ривожлантириш стратегиясининг асосий элементларини, жумладан, салоҳиятни ошириш орқали сув ва ирригация субсекторларида асосий ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун 850 000 АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини ажратади.
Ўзбекистонда шамол электр станцияси қурилади

Сурат манбаси, Getty Images
31 август куни Ўзбекистон ва Масдар (БАА) ўртасида Навоий вилоятининг Томди туманида қуввати 500 мегаватт бўлган Ўзбекистонда биринчи саноат шамол электр стансиясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш бўйича келишув имзоланди, деб хабар бермоқда «Подробно.уз» нашри.
Зарафшон шамол электр станцияси Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳа бўлиб, 500 мингга яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлайди ва йилига 1,1 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид газининг атмосферага чиқишининг олдини олади.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2030 йилгача электр энергиясига бўлган талабининг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан қондириш мақсади доирасида амалга оширилмоқда.
"Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон 2050 йилгача иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва углерод нейтраллигига эришиш бўйича прагматик ҳаракатларни амалга ошириш бўйича умумий мақсадларни олға сурмоқда. БАА ва Масдарнинг қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бўйича катта тажрибасидан фойдаланиб, Ўбекистон ўз олдига дадил қадамлар ташламоқда» - деди. БАА саноат ва илғор технологиялар вазири, иқлим ўзгариши бўйича махсус элчи ва Масдар раиси Аҳмад Ал-Жабер.
Лойиҳа 600 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиши кутилмоқда.
2024 йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган Зарафшон шамол электр станцияси Масдар компаниясининг Ўзбекистондаги иккинчи йирик саноат лойиҳасидир.
Биринчиси, 2021 йилда Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилган қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси бўлди.
Қорақалпоғистонга имтиёзлар пакети

Ўзбекистон Президенти фармони билан, Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун кўплаб йўналишлардаги имтиёзларнинг янги пакети тасдиқланди.
"Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" президент фармони қабул қилинди.
Фармондан Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 августдаги Нукусга сафари давомида эълон қилинган янгиликлар ўрин олган.
Қорақалпоғистонликларга имтиёзлар пакетидан аҳолининг маълум бир қатламига ёрдам пуллари ажратилиши, уй қуриш учун ерлар, пенсионерларга 50 фоиз чегирмали самолёт ва поезд чипталари, ёшлар учун қабул квоталари, солиқ ва бошқа қатор имтиёзлар ўрин олган.
"Янги Конституциямиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади"

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбирида Янги Ўзбекистоннинг қандай бўлиши ва Конституциянинг янгиланиши ҳақида гапирди.
President.uz сайтида Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи "Миллий мустақиллик - янги ўзбекистоннинг мустаҳкам асосидир" сарлавҳаси остида эълон қилинди.
Президент нутқида Янги Ўзбекистонда суд тизими ислоҳоти, сифатли таълим, малакали тиббиёт, бизнесни ривожлантириш таъкидланади.
- Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади, - деди Ўзбекистон раҳбари.
Шунингдек, Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тилга олинган.
- "Асосий муаллифи ва ижодкори халқимиз бўлган - янгиланаётган Конституциямиз бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Асосий қонунимизни шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқимиз билан маслаҳат қилиб, фақат умумхалқ референдуми асосида қабул қиламиз. Ишончим комил, Янги Конституциямиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади", - деди Президент Мирзиёев ўз нутқида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














