Испания ва миграция: ташландиқ испан қишлоқларига кўчган бўлармидингиз?

Андалусиядаги Кабезас де Сан Хуан қишлоғи ҳам ҳувиллаб қолган...

Сурат манбаси, Jean-Noel DE SOYE/Getty Images

Сурат тагсўзи, Андалусиядаги Кабезас де Сан Хуан қишлоғи ҳам ҳувиллаб қолган...
    • Author, Линда Прессли
    • Role, Би-би-си

Антонио Черрада эчкиларини бир ерга жамлаш билан овора…

- Агар мен ва укам бўлмаганда, бу қишлоқ анча олдин ташландиқ ерга айланган бўлар эди…

Антонионинг қишлоғида яшовчилар сони ўнтага ҳам бормайди… Испания борган сари Европанинг қишлоқ аҳолиси шиддат билан камайиб кетаётган нуқтасига айланмоқда - айни вақтда мамлакат қишлоқларининг ярми хавф остида қолган ва 4,000га яқин шаҳарча йўқолиб кетиш ёқасида турибди. Ташландиқ… Жонсиз… Кимсасиз кўчалар…

Бироқ бундай ҳолатга бефарқ бўлмаган, испан қишлоқларини сақлаб қолишга аҳд қилган инсонлар ҳам бор.

- Бобом-бувим, ота-онам ва биз - икки ака-ука… Биз Прадена де Атиенза қишлоғида яшаётган учинчи авлодмиз…

Антонио қишлоғининг кўҳна, тошдан қурилган уйлари водий бўйлаб ёйилиб кетган… Биз пойтахт Мадриддан икки ярим соатлик йўл наридаги ерда турибмиз, аммо яланғоч тоғлар ва баданни жунжуктирувчи елвизак бизга олис кимсасиз масканда юрганимиздан дарак бераётгандек. Антонио ҳозир 52 ёшда… Ўтган вақт давомида у ўнлаб қўшниларининг кўч-кўронини йиғиштириб, янги ҳаёт излаганча, шаҳарга отланганига гувоҳ бўлган, лекин унинг ўзи ҳеч қачон кетишни истамаган. Бироқ бир ҳовуч одамдан бошқа зоғни учратиш қийин ерда яшашнинг ўз камчиликлари бор - Антонио ўзига муносиб жуфтни зўрға топган…

- Телевидениеда "Фермерлар рафиқа изламоқда" деган ёки шунга ўхшаш кўрсатув бор эди… Мен ўша кўрсатувга бормоқчи бўлдим…

Ўтган 13 йил давомида Антонио ўзига турмуш ўртоқ бўла олувчи аёлни излаш билан овора эди. Бир пайтлар у мадридлик ёлғиз аёллар ва қишлоқнинг бўйдоқ йигитлари ўртасида учрашувлар ташкил қилиш билан шуғулланувчи Аёллар Карвони номли компания ҳақида эшитиб қолади… Сўнг йиққан бор-йўғига пўрим кийинган Антонио қўшни қишлоқдаги ресторан томон йўл олади. Қотмадан келган ва башанг кўринишли асли колумбиялик Мария унинг бахт қуши бўлиб чиқади.

Антониога ўз қишлоғидан хотин топиш имконсиз эди

Сурат манбаси, Esperanza Escribano

Сурат тагсўзи, Антониога ўз қишлоғидан хотин топиш имконсиз эди

- Ичкарида ҳаммамиз рақс тушаётган эдик. У кўзини мендан узмас эди… Мен ундан рақсга тушасанми, деб сўрадим. У рақсга тушишни билмаслигини айтди. Мен майли, деб унинг ёнига ўтирдим. Шунда ҳам менга тикилишдан чарчамас эди. Ҳаммаси ана шундан бошланди…

Кечки овқатда ҳам улар битта столда ўтирадилар...

"Сиз Мария кимсасиз қишлоғимни кўриб, қўрқиб кетган бўлса керак, деб ўйлаётгандирсиз? Аксинча, ҳозирга қадар у бу ерда яшаётганидан бирор марта нолимаган. У биринчи бор қишлоққа келганда, мен уни айлантиргандим ва у бу жойларни ёқтириб қолганини айтганди," - дейди Антонио.

"Бу ерларнинг сокинлиги мени ўзига мафтун айлади. Агар бир ўзим бўлганимда, албатта, бу ерда яшашдан қийналган бўлардим, аммо ёнимда суюкли инсоним бор," - дейди Мария.

Би-би-си продюссери Эсперанза асли Лапония қишлоғидан. Бу жой Европанинг энг олис шимолий нуқтасидагидек аҳоли зичлиги кам бўлгани учун Лапландия лақабини олган.

- Болалигимда акам билан машинада бир ўйинни ўйнар эдик… Машинада қишлоққа кириб келганимиздан сўнг унинг бошидан охирига қадар қанча одам кўрганимизни санаб чиқардик. Агар омадингиз келса, 10га яқин одамга дуч келишингиз мумкин, йўқса, 2 ёки 3 одамни кўрардингиз, холос... Олдинлари бу кулгули кўринарди, ҳозир эса ғамга ботаман.

Биз энди Кастилла Ла Манш томон шарққа қараб, кетиб бормоқдамиз. Бўм-бўш йўлларда митти қушлар галасини кўриш мумкин, қадимий қасрларнинг тўртбурчак миноралари эса кўкка бўй чўзиб турган қояларга ўхшайди. Бу ҳудудга аҳолини қайта жалб қилишга мўлжалланган онлайн тармоқ орқали бир жамоат ҳақида эшитиб қолдик…

Якшанба тонгги. Бу қишлоқнинг номи Ореа. У Испаниядаги денгиз сатҳидан энг баландда жойлашган қишлоқлардан бири. Биз бу ерда фақат бир кишини учратдик.

Тез орада бизга Ореанинг ҳаракатлантирувчи кучи - кўзларини чиройли бўяб олган аёл қўшилди…

- Исмим Марта Корелла. Тоғлар бағрида жойлашган бу кичик шаҳарча - Ореанинг ҳокими бўламан. Ерларимиз жаннатнинг ўзи.

- Бу ерда қанча одам яшайди?

- Қишда 200 га яқин, ёзда 2000 га қадар одам бўлади. Одам камлиги асосий муаммо эмас, энг катта муаммо - бу ўзаро муносабат... Аҳолиси 500 нафардан кам бўлган қишлоқларда одамлар деярли ўзаро мулоқот қилмай қўяди. Асосий алоқа жуда кичик гуруҳлар ичида бўлиб қолади.

- Бундай муносабатни қандай қилиб ўзгартирмоқчисиз?

Прадена де Атиенза

Сурат манбаси, Linda Pressly

Сурат тагсўзи, Прадена де Атиенза

- Бу жуда мушкул масала. Сабаби кичик қишлоқларда одамлар ўзаро кўришиб турадиган жойлар жуда кам бўлади. Масалан, черков кўпроқ одам йиғиладиган ана шундай нуқталардан бири. Биз бундай жамоат жойларини кўпайтириш ҳақида ўйлаяпмиз. Одамлар бирга йиғилсин, бир-бирини яқиндан танисин. Шу ниятда ҳар ой зиёфат ташкил қилишга қарор қилдик. Бундай йиғинларда эски анъаналарни қайта тиклаймиз ёки янгиларини ўйлаб топамиз.

Қишлоқни айланиб юрар эканмиз, Марта шаҳарча маъмуриятининг бошқа ташаббуслари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Улар ўрмонда қўзиқорин ва гиёҳлар териб сотувчи аёллар жамоаларини ташкил қилиш ва янги келганлар учун 30 еврога қадар бўлган паст нархларда ижара таклиф этувчи ижтимоий турар-жой лойиҳасидан иборат экан.

Сочини қизилга бўяб олган қўнғироқсоч Анхелес Валентин Гуттерез кўринишидан фермерга ўхшамайди. Бир йил муқаддам у ва турмуш ўртоғи Мадриддаги яхши ишини ташлаб, Ореага кўчиб келишган. Бугунги кунда улар эчкибоқарлик орқали кун ўтказишдан умид қилмоқдалар.

- Бошида сизга ёқиши мумкин, лекин ҳар бир бош ҳайвон учун йиғиладиган ҳужжатларни кўрганингиздан кейин қоғозбозлик қай даражада қўрқинчли эканини англаб етасиз…

- Эчкиларни соғасизларми?

- Бунинг деярли имкони йўқ, чунки эчкилар совуқда сут бермайди.

- Озгина бўлса ҳам, даромад қиляпсизларми?

- Йўқ, ҳозирча. Ҳали сарфлаган маблағимизни ҳам чиқариб олмадик. Камомадга кириб ётибмиз.

- Мадриддаги дўстларингиз бу ерга кўчиб келиш ҳақидаги қарорингизга қандай муносабат билдирди? Сизларни ақлдан озган, деб ўйлаганлар ҳам бўлгандир?

- Албатта!

Бўшаб қолган қишлоқларнинг ҳам ўзгача файзи бор...

Сурат манбаси, Andia/Getty Images

Сурат тагсўзи, Бўшаб қолган қишлоқларнинг ҳам ўзгача файзи бор...

Ореада юз бераётган ўзгаришларни маҳаллий ҳукуматнинг қишлоқ аҳолиси сонини кўпайтиришга бўлган қатъияти инъикоси, дейиш мумкин. Бироқ бу ўта мушкул масала - ҳар йили 40,000 нафар инсон Испания қишлоқларини тарк этмоқда. Қишлоқларни ташлаб кетиш Франко диктатураси даврида - 1950-йиллар сўнггида бошланган. Ўшанда оёққа тураётган завод-фабрикалар кичик қишлоқлардан келганларга имконият эшикларини очган эди. Бошқалар эса ўқиш ёки яхши касбга эга бўлиш ниятида ўз қишлоқларидан кетиб қолган.

Мадриддан шимол томон икки соатча юрилса, Веллосиллога етиб бориш мумкин. Қишлоқ кўчаларида бирор тирик жон учратмайсиз.

Қишлоқнинг икки муқим яшовчисидан бири - Ҳорҳе Ҳуан Гарсия бизни қарши олади.

- Кўриб турганингиздек, қишлоқ бўм-бўш… Уйлар кўп, лекин одамлар йўқ… Анави ерда ишлаётган эркакдан ташқари…

Ҳорҳе кўрсатган дурадгор охирги беш йил ичида бу ерга кўчиб келишга қарор қилган 50 одамдан бири учун уй қуриш билан овора. Ҳорҳе, унинг рафиқаси Рут ва ота-боболари бу кимсасиз кўчаларни «уй» деб атаган яна бир қанча одам Vellosillo Dreams номли лойиҳани ишлаб чиққанлар. Лойиҳанинг асосий мақсади ишбилармонлик ва рақамли иқтисодиётга урғу берган ҳолда, қишлоқ аҳолисини қайтадан кўпайтиришдир. Ҳорҳе ва Рут чангга ботиб кетган машинасида бизга қишлоқни таништирадилар, лекин саёҳатимиз атиги учта кўча билан ўз якунига етади.

- Бу черков. У фуқаролар урушидан олдин шу ерда яшаган одамлар томонидан қурилган. Қишлоқдаги барча нарсани ўз кучимиз билан қурганмиз. Ҳукумат бизни ташлаб қўйди. Шу сабабдан кўчалар, чироқлар - ҳаммаси бизнинг ишимиз.

- Қишлоқни одам энг кўп тарк этган вақтлар қайси йилларга тўғри келади?

- 1950-1960-йилларга. 20 йил ичида, айтишим мумкин, Испаниядаги барча қишлоқларнинг 90-95 фоиз аҳолиси шаҳарга кўчиб кетди. Бу жуда катта фожиа. Шаҳарларимиз ҳаддан зиёд кенгайиб кетди, мувозанат бузилди. Қишлоқларнинг бўшаб қолиши иқтисодиётга анча салбий таъсир кўрсатади. Бироқ бизнинг назаримизча, вазиятни ўнглашга ҳали имконият бор. Биз тадбиркорларни қишлоғимизга чин дилдан таклиф қиламиз…

- Бошқа давлатлардан ҳам тадбиркорлар келишини истайсизми?

- Албатта. Биз Лотин Америкаси, яна, Марокашдан бўлган одамлар билан мулоқот қилмоқдамиз. Жамиятимиз ранг-баранг бўлишини истаймиз. Англиядан келса ҳам майли!

Vellosillo Dreams лойиҳаси илк бизнес ташаббусларни дастаклашга мўлжалланган 200 минг евро сармояга эга. Бу пулларни Ҳорҳе йиллар давомида молия соҳасида ишлаб топган.

Ўз-ўзини таъминлаш, озиқ-овқат барқарорлиги қишлоқ ҳаётининг муҳим қисми. Ҳорҳе ва Рут қорин тўйдириш ғамида ҳар куни икки соат тер тўкади. Бироқ ҳаммадан ҳам жуфтликнинг уйи кишини ҳайратга солади.

Антонио ва Мария бугун бир фарзанднинг бахтли ота-онаси

Сурат манбаси, Antonio Cerrada

Сурат тагсўзи, Антонио ва Мария бугун бир фарзанднинг бахтли ота-онаси

- Биз бу уйни қурганимизга 6 йил бўлди - у марказий электр ва сув таъминотига мутлақо уланмаган. У ер остида қурилган, шакли айлана.

Уйнинг ичида боғ ҳам бор. Бундай уйларда яшаш жуда арзонга тушади. Сув, электр ва озиқ-овқатни қўшиб ҳисоблаганда, ойига 100 евро сарфлаймиз. Сувни ёмғирдан йиғиб оламиз. Уйнинг ичи ҳам доира шаклда. Жуда кўп турли ҳовузчалар, ўсимликлар бор. Нариги томонда ошхона, меҳмонхона, ётоқхоналар, иш кабинети жойлашган.

- Бу уйни қуришга қанча вақт кетган?

- Беш ой…

- Қурилишга сарфланган маблағчи?

- 200 минг евро атрофида.

- Рут, дўстларингиз сиз танлаган ҳаёт ҳақида қандай фикрда?

- Аввалига, улар мени ақлдан озган, деб ўйлашди. Қишлоқда ҳолинг қандай кечади, дея мендан хавотир олишди. Кейин дам олиш кунлари бизникига меҳмонга кела бошладилар ва қандай бахтли ҳаёт кечираётганимизни кўриб, нега шаҳарда соатлаб ишлаб юрибмиз, деб сиқилиб қолишди.

- Одамларнинг Мадриддаги уйларини ташлаб, бу ерга кўчиб келишини кутишдан маъно борми?

- Шу вақтга қадар биз 70га янги бизнес ва ишбилармонни қишлоғимизга жалб қилдик. Яна 400 нафар инсон шундай қарор олиш арафасида. Шу сабабдан ўзгариш ёқасида турибмиз, дея оламиз. Яқин йиллар ичида шаҳарлардан қишлоқларга келаётган одамлар оқимига гувоҳ бўлсак ажабмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek