Мирзиёев янги йилда раҳбарларни астойдил ишлашга чақирди

Сурат манбаси, UzTV
Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаатида Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш устувор вазифалар бўлиб қолишини таъкидлаган.
У ўзи амалга оширишни режалаган ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда раҳбар кадрларнинг "астойдил меҳнат қилишларига ишонишини" айтган.
"Янги йилда бу борадаги дастурий вазифаларни амалга оширишда барчамизнинг, аввало, раҳбар ва етакчиларнинг бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилишларига ишонаман. Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш бундан буён ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади", деб айтган Президент.
Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни янги йил кириб келишига бир неча дақиқа қолганда миллий телевидение орқали шахсан табриклаган.
Давлат раҳбарининг табриги ўзбек ва рус тилларида янграган.
У 2016 йилда Ўзбекистон халқи бошига "оғир ташвиш ва синовлар ҳам тушгани", аммо бу халқни янада жипслаштирганини айтган.
"Мард халқимизнинг матонати туфайли биз бу синовлардан ҳам муносиб ўтдик"- деган у.
Мирзиёев ўз табригида марҳум презедент Ислом Каримов номини тилга олмаган.
4 декабр куни Президент этиб сайланган 59 ёшли Шавкат Мирзиёев янги ҳукуматни тайинлаган ва вилоят раҳбарларининг ярмини ўзгартирган.
У 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилган.
Мирзиёев аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ҳокимият идораларини халқ олдида ҳисоб беришга мажбурлаш, иш ўринлари яратиш ҳамда газ ва электр муаммоларини ҳал қилишга ваъда берган.
Расмийларга кўра, 2017 йилда биринчи марта иш ҳақлари ва нафақалар инфляция даражасидан юқори қилиб белгиланиши кутилади.
Президент Мирзиёевнинг чегараларни очиш ва қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш сари қўйган қадамлари Ўзбекистоннинг минтақа ва хориждаги ҳамкорлари томонидан илиқ кутиб олинган.
Янги йил бошида Мирзиёевнинг илк хорижий сафарни амалга ошириши кутилади.
Аммо ҳозирга қадар биринчи ташрифнинг қайси давлатга бўлиши эълон қилинмаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












