Меркел Азимжон Асқаров масаласини кўтарди

Ангела Меркел ва Алмазбек Атамбаев Бишкекда фахрий қоровул олдидан ўтмоқда
Сурат тагсўзи, Қирғиз расмийлари Олмония Канцлерининг ташрифи Асқаров иши билан бевосита боғлиқлигини рад этишган

Қирғизистонга расмий ташриф билан борган Олмония Канцлери Ангела Меркел Президент Атамбаев билан қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров устидан кечаётган қайта маҳкама жараёнини муҳокама қилган.

Меркел хоним Қирғизистоннинг Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш қарорини олқишлаган.

У умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган ҳуқуқ фаоли устидан маҳкама адолатли ўтишига умид билдирган.

Президент Атамбаев билан музокаралардан сўнг гапирган Меркел хонимнинг сўзларига кўра, Қирғизистон раҳбари Азимжон Асқаров устидан маҳкамада шаффофликни таъминлашга ваъда берган.

"Азимжон Асқаровнинг ишига келсак, мен аниқ жавоб олдим. Маҳкама тергови қайта бошланади ва шаффофлик таъминланади" ,- деб айтган Меркел хоним.

Ўз навбатида Атамбаев БМТнинг Инсон ҳақлари қўмитаси Асқаровни озод этишни талаб қилмагани, балки унинг поймол этилган ҳуқуқларини қайта тиклашни тавсия қилганини айтган.

Қирғизистон президентининг айтишича, у БМТ Бош Котиби Пан Ги Мунга мактуб йўллаб, Бирлашган Миллатлар экспертларини Азимжон Асқаров устидан маҳкама жараёнида иштирок этишга таклиф қилган.

Жаноб Атамбаев Қирғизистон халқаро экспертларнинг Қирғизистондаги яшаш харажатларини ҳам қоплашга тайёр эканликларини билдирган.

Қирғизистон Олий Маҳкамаси сешанба куни Азимжон Асқаровни озод этишдан бош тортган ва жиноят ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят маҳкамасига юборган.

Халқаро Амнистия қирғиз маҳкамасининг қарорини танқид қилган.

Азимжон Асқаров 2010 йил Қирғизистон жанубидаги этник тўқнашувларга алоқадорликда айбланган.

Ҳодисаларда аксарияти ўзбек 400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Азимжон Асқаровни виждон тутқуни дея тан олишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.