Шимолий Корея водород бомбасини синовдан ўтказди

Сурат манбаси, AP
Шимолий Корея водород бомбасини ер остида синовдан ўтказганини айтмоқда.
Айни даъво тасдиғини топадиган бўлса, бу 2006 йилдан бери тўртинчи оммавий қирғин қурол синови бўлади.
5.1 даражали ер силкиниши ядро қуроли синовлари ўтадиган жойга яқин минтақада қайд этилган.
Шимолий Корея илк бор атом бомбасидан ҳам кучлироқ бўлган водород бомбасини синовдан ўтказганини даъво қилмоқда.
Аммо халқаро мутахассислар бу даъвонинг аниқ тасдиғи йўқлигини айтишмоқда.
Шимолий Корея ядро ракетаси билан ҳужум қилишга қодирми?
Шимолий Кореянинг даъволарига қарамасдан аксарият мутахассислар мамлакат ядро қуролини ракетага мосланадиган даражада кичрайтиришга қодир эканига шубҳа билдиришади.
Сўнгги синов борасида нима маълум?

Сурат манбаси, AFP
Кузатувчиларнинг ишонишича, сўнгги портлаш ядровий бўлиши мумкин. Портлаш 2013 йилги синовдан кўра йирикроқ экани ҳам айтилмоқда. Аммо Шимолий Корея даъво қилаётгани каби айни синов водород бомбаси эканига шубҳа бор. Портлаш миқёси мутахассисларга кўра, водород бомбасиники каби йирик бўлмаган.
Ҳар ҳолатда ҳам, агар Шимолий Корея водород бомбасини синаган бўлса, бу бир қадам илгарилашдир.
Чунки бу бомбанинг вазни енгилроқ, аммо портлаш кучи йирикроқ бўлиши маълум.
2013 йилги синов халқаро ҳамжамият томонидан қораланган, БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғин ўтказиб, Шимолий Кореянинг иттифоқчиси саналган Хитой дохил бошқа қудратли давлатлар ҳам кескин танқидлар билан чиқишганди.
Сўнгги синов борасида ҳам Шимолий Кореяга танқидлар ёғдирилмоқда.
Шимолий Кореянинг яқин иттифоқчиси саналган Хитой ҳам синовни қоралаб чиққан.
Хитойга кўра, “айни синов халқаро ҳамжамиятнинг мухолифлигини назарга илмаган”.
Япония Бош вазири Шинзо Абе Шимолий Кореянинг сўнгги синови ўз мамлакати хавфсизлигига таҳдид экани ва бунга тоқат қилиб бўлмаслигини айтган.
АҚШ Шимолий Кореяни халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирган.
Вашингтон бу каби иғвогарликни жавобсиз қолдирмаслигини урғулаган.
БМТ Хавфсизлик кенгаши чоршанба куни айни масала бўйича йиғин ўтказиши кутилмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












