БМТ: Шимолий Корея ўз халқига нисбатан "мисли кўрилмаган жиноятлар" содир этган

Сурат манбаси, AP

БМТ Шимолий Корея режимига қарши инсон ҳақлари доимий топталиши учун чора кўришни талаб қилишини билдирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугун Шимолий Кореяда оддий халқ давлат томонидан қандай дахшатли муносабатга маҳкум этилаётгани ҳақида ҳисоботни чоп қилиши кутилади.

Бир йил давомида тергов олиб борган мутахассислар ўта ноинсоний муносабатларни аниқлашгани ва бу борада жаҳон ҳамжамиятини огоҳ қилиш кераклигини айтганлар.

Текширувлар мобайнида БМТнинг инсон ҳақлари қўмитаси экспертлари "Шимолий Корея тузуми ўз халқига нисбатан "мисли кўрилмаган жиноятлар содир этган", деган хулосага келганлар.

Таҳлилчилар қийноқлар, қуллик меҳнати, шафқатсиз қатағонлар ва бошқа кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятлар ҳақида гувоҳларни тинглаганлар.

Экспертлар хулосаси бу сафар халқаро маҳкама ёки ҳарбий трибунал томонидан янги текширувларга сабаб бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, AP

Кимлар оиласи шахсига сиғиниш Шимолий Кореяда чўққисига чиққан. 2011 йилда вафот этган Ким Чен Ирнинг туғилган куни худди у тирик пайтидагидек тантана қилиб келинади.

Пхенян кўчалари кимсасиз, бироқ турмаларда ўн минглаб сиёсий тутқунлар азоб чекаётгани айтилади.

Би-би-сининг Женевадаги мухбири Иможен Фоукснинг хабар беришича, БМТнинг янги ҳисоботи маълумотларга тўла ва энг фош қилувчи бўлиши кутилмоқда.

Экспертлар гувоҳ бўлган маълумотлар кишини даҳшатга солади. Улар ўз боласини ҳукумат босими остида сувга чўктиришга мажбурланган она ҳақида, туғилиши биланоқ қамоққа ташланиб, очлик билан азобланиб ўлдирилган гўдаклар, фақатгина хорижий сериалларни томоша қилгани учун қийноқларга солинган бутун бошли оилалар ҳақида эшитишган.

Ҳисоботда мамлакатда террор орқали ўз халқи устидан қаттиқ назорат ўрнатилганини исботловчи юзлаб далиллар бор, дейди Би-би-си мухбири.

Бундай даҳшатли воқеалар Кимлар хукмронлигидаги шароитдан қочиб жон сақлаган шимолий кореялик қочқинлар ҳикояларида илгари ҳам келтирилган.

Тузум концлагерларда ўн минглаб сиёсий махбусларни сақлаб, ахолини содиқлиги учун табақаларга ажратиб келади.

Ким Чен Иннинг ҳокимиятга келиши эса қўшниларига ва АҚШга доимий уруш таҳдидлари, харбийлар ва мулозимларнинг истеъфосию қатли билан давом этаётгани кузатилади.

Қочқинларнинг сўзларига кўра, одамлар нафақат ҳукумат томонидан доимий кузатилади, балки қўни-қўшнилар айғоқчилик билан бир-бирини қадами ҳақида расмийларга хабар бериб туради.

Бу маълумотлар илгаридан аниқ бўлсада, БМТнинг охирги текширувлари Шимолий Корея ҳукумати жиноятлари халқаро миқёсда жиддий қайд этилиши бўлмоқда. Ва келажакда тузумни маҳкамага топшириш имконини беради.

Шимолий Корея ҳукумати ушбу теширувларга ёрдам беришни рад қилган ва ўз навбатида мамлакатда инсон ҳуқуқлари топталиши айбловларини кескин инкор этган.

Келтирилган маълумотларга қарамасдан, Шимолий Кореянинг яқин иттифоқчиси бўлган Хитой ишни Халқаро жиноят маҳкамасига ўтказилишига вето қўйиши мумкин.