“Россия учоғининг уриб турилиши Совуқ уруш даврини эслатади”

"Орқадан урилган пичоққа тенг амал"

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Орқадан урилган пичоққа тенг амал"

Россия президенти Владимир Путинга кўра, Су-24 учоғи Сурия ҳудудида, Туркия чегарасидан бир чақирим ичкарида уриб туширилган.

Унинг айтишича, айни ҳодиса икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий раҳна солади.

Туркия эса Россия ҳарбий учоғи ўз ҳаво ҳудудига кирганини таъкидламоқда.

Учоққа нисбатан беш дақиқада ўн марта огоҳлантириш берилганини урғулаётир.

Россия янги тарихида НАТОга аъзо давлат билан бу каби ҳодиса рўй бермаган эди.

Совуқ уруш даврида эса бу каби ҳодисалар тез-тез рўй бериб турган.

Россия стратегия ва таҳлил маркази мутахассиси Василий Кашин хотирлайди:

Совуқ уруш даврида бу каби ҳодисалар йилига ўртача икки марта рўй берар эди. Камида бир марта...1950-70 йилларда айниқса, бу жуда кўп такрорланар эди.Айниқса, СССР бу каби амалларни хуш кўрарди.Энг яқин тарихий воқеага келсак, бу Покистон томонидан Афғонистонда 1986 йилда СУ-25 Шўро учоғининг уриб туширилиши. Бу ҳодисада кейинроқ вице-президент бўлган Руцкой жароҳатланганди.

1992 йилда Перу ҳарбий ҳаво кучлари Американинг транспорт учоғини уриб туширишганди.

Яъни, айтмоқчиманки, бу каби ҳодисалар бўлиб туради.

Бу алоҳида, яъни якка бир ҳодиса бўлса, такрорланмаса, жиддий ва йирик бир оқибатни кутиш керак эмас. Аммо, сиёсий таъсир албатта, сезилади. Яқинда Россия-Туркия ўртасида стратегик мулоқот режаланган эди, унда Лавров қатнашиши кўзда тутилганди. Бу воқеа фитна эдими ва ёки якка бир ҳолатда рўй бердими, кўп нарса ана шу саволга жавоб билан боғлиқ.

Албатта, иқтисод ва сиёсатда бунинг таъсири сезилади, аммо НАТОга аъзо давлат билан қарама-қаршилик бўлиши ҳақиқатдан узоқ.

Россия ва Туркия ўртасида савдо ўнлаб миллиард долларга тенг, ўзаро жуда кўп соҳаларда бир-бири билан боғлиқ, шунинг учун ҳарбий қарама-қаршилик эҳтимолига ишониш қийин. Аммо Туркия дастаклаётган гуруҳларга Сурияда қийинроқ бўлади энди…

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio