Туркия Россия “қирувчи учоғини” уриб туширди

Туркиянинг ҳарбий F16 учоғи

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Туркиянинг ҳарбий F16 учоғи

Туркия ҳарбий учоқлари Сурия билан чегарага яқин ўз ҳудудида Россия қирувчи СУ- 24 учоғини уриб туширган.

Туркия ҳарбий мулозимлари бу ҳақда маълум қилар экан, айни учоқ мамлакат ҳаво ҳудудини бузгани ва Туркиянинг F-16 ҳарбий учоқлари ёрдамида уриб туширилганини айтган.

Интерфакс хабар агентлигига кўра, икки учувчи парашютда учоқни тарк этишган.

Мулозимларга кўра, учувчилар аввалроқ огоҳлантирилган.

Айрим хабарларга кўра, учувчилардан бири ҳалок бўлган, иккинчиси эса маҳаллий исёнкорлар томонидан ҳибсга олинган.

Россия президенти Владимир Путинга кўра, Су-24 учоғи Сурия ҳудудида, Туркия чегарасидан бир чақирим узоқда бўлган вақти уриб туширилган.

Путиннинг таъкидлашича, учоқ Туркияга ҳеч қандай хавф солмаган ва бу "террорчиларнинг шериклари томонидан орқадан пичоқлаш"га тенг амалдир.

Россия президенти Туркияни айни ҳодиса жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.

Туркия оммавий-ахборот воситаларида бу номаълум учоқнинг Латакия вилоятидаги тоғли минтақага қулагани акс этган видео жойлаштирилган.

Россия ҳарбий учоқлари Сурия президенти Ассадни дастаклаб, айни минтақада жиҳодий жангарилар қаторида Ғарб дастаклаётган исёнкорларни нишонга олиб келаётганди.

Москва ўз ҳарбий учоқлари фақат "террорчиларни" нишонга олишини айтиб келади.

Аммо фаолларга кўра, Россия учоқлари Ғарб дастаклаётган исёнкор гуруҳларга қарши ҳужумлар уюштирмоқда.

Туркия Сурия президентининг ашаддий танқидчиларидан бири ўлароқ, муқаддам Сурия ва Россияни ўз чегара ҳудудларига дахл қилмаслик билан огоҳлантирган эди.

Ўтган ой Анқара Туркиянинг F-16 учоқлари мамлакат ҳаво ҳудудини Россия ҳарбий учоғи бузиб кирганини рўйхатга олишганини маълум қилган эди.

Анқара Россия учоғи ўз ҳудудига кирганини тасдиқловчи ҳаво харитасига эгалигини айтмоқда.

Россия эса ҳарбий учоқ Туркия ҳудудига кирмаганини урғуламоқда.

Жонатан Маркус, Би-би-си Мудофаа масалаларида мухбири:

"Россия Сурияда ҳаво ҳужумларини бошлашидан аввал аксарият айнан мана шундай бир ҳолат билан рўпара келишдан хавотирда эди.

Туркия ҳудудига яқин минтақада ҳарбий амалиётлар олиб бориш хатарли экани ҳам маълум эди.

Туркия учоқлари муқаддам Суриянинг ҳарбий учоғи ва вертолётини уриб туширганди.

Россия ўз учоғи Туркия ҳаво ҳудудига кирмаганини айтмоқда, аммо рус учувчиси нотўғри парвоз қилаётганмиди?

Туркларнинг ўт очишга қанчалар тайёр эканлиги борасида саволлар ҳам ўртага чиқиши мумкин.

Афтидан, Сурия осмонида турфа жанговар учоқлар ўртасида бу каби ҳолатларнинг олдини олишга доир қатор мубоҳасалар ва келишувлар иш бермаган.

Туркия мулозимлари табиийки, бу каби келишувлар хорижий ҳарбий учоқлар ўз ҳудудига кирса, мутлақо ишламаслигини урғулашади.

Ҳозирда Россия учоғи ердан уриб туширилдими ва ёки Туркия учоқлари томониданми, бу саволга турфа ва қарама-қарши хабарлар тарқалмоқда.

Ўртада айни ҳолат юзасидан дипломатик "мушакбозлик" бўлиши турган гап."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio