ОИ чегара хавфсизлигини кучайтириш масаласини кўриб чиқади

Сурат манбаси, AFP
Оврўпо Иттифоқи Ички ишлар вазирлари бугун Брюсселда учрашиб, Париж ҳужумларига жавобан хавфсизлик чораларини кучайтириш масаласини муҳокама қилишади.
Кун тартибида ОИ ташқи чегараларида текширувлар кўламини кенгайтириш ва ҳаво йўллари йўловчилари борасидаги маълумотларни бўлишиш масалалари қўйилган.
Париж ҳужумларини ташкиллаштирганликда гумон қилинган асосий шахс Суриядан Францияга кириб келишга муваффақ бўлгани ойдинлашиши ортидан, мазкур чора-тадбирларга қўл уриш таклифи ўртага ташланган.
Франция Оврўпо фуқаролари ҳам бошқа мамлакатлардан келадиган йўловчилар каби қаттиқ текширувлардан ўтказилишини истайди.
Айни пайтда Олмония жосуслик хизмати раҳбари "террорчи дунё уруши" бошланишидан огоҳлантирган.
Олмония ички жосуслик хизмати бошлиғи Ханс-Георг Маассеннинг Би-би-сига айтишича, ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳ Оврўпони ўзига душман деб билади ва ОИ давлатлари "Париждагига ўхшаш ҳодиса ҳар қачон юз бериши мумкинлигини хаёлдан қочирмасликлари керак".
Ўтган жума куни барлар ва ресторанлар, концерт зали ва Стад де Франс стадионини нишонга олган ҳужумларда 129 инсон ҳаётдан кўз юмди ва юзлаб одамлар тан жароҳати олдилар.
ИД эса, мазкур ҳужумлар ортида турганини даъво қилиб чиқди.

Сурат манбаси, AFP
Пайшанба куни Франция Ички ишлар вазири Бернар Казнёв "Оврўпо террор таҳдиди қаршисида ҳушёр тортиши... ўзини ҳимоя қилишга шошилиши" лозимлиги ҳақида гапирган.
Унга кўра, ИДнинг таниқли аъзоларидан бўлган ва халқаро "қора рўйхат"да қайд қилинган Абделҳамид Абауднинг қитъага кириб келгани хусусида Францияга ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаган.
Франция ҳужумлардан уч кун ўтиб, Абауднинг Суриядан Юнонистон орқали қайтгани ҳақида ОИга таркибида бўлмаган мамлакатдан хабар олган.
Рейдлар чоғи ўзини портлатган шахснинг ҳам бармоқ изларидан Юнонистондан муҳожир сифатида рўйхатдан ўтгани аён бўлган.
Франция Бош вазири Мануэл Валс ҳужумларга бош қўшганлар Оврўподаги муҳожирлар билан боғлиқ инқироздан фойдаланишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












