Париж шимолидаги рейдда портлашлар юз берди

Сурат манбаси, AFP

Париж шимолидаги Сан Дени мавзесида қуролли полиция жума кунги ҳужумларга боғлиқликда рейд ўтказмоқда.

Прокурорнинг айтишича, рейд уюштирилган квартирада бир аёл ўзини ҳудкушлик белбоғи билан портлатиб юборди.

Баъзи хабарларга кўра, икки гумондор ўлган. Бир неча портлаш ва ўқ овозлари эшитилган. Амалиёт ҳали ҳам давом этмоқда.

Яна беш киши ҳибсга олинганлар.

Сурат манбаси, Reuters

Амалиётнинг нишони 129 одамнинг ўлими билан якун топган ҳужумларни уюштиришда айбланган Исломий Давлатнинг аъзоси Абделҳамид Абауддир.

Сан Дени мавзесидаги Републик кўчаси атрофидаги барча йўллар тўсиб қўйилган. Айни мавзеда жойлашган Стад де Франс стадионида жума куни ҳужумчилар ўзларини портлатишганди.

Юк машиналарда келган кўп сонли аскарлар рейд саҳнасида полиция сафига қўшилдилар.

"Тўхтамай ўқ овозларини эшитдим, ҳудди мушак отилгандек... Баъзида тўхтаб қолади, кейин яна ўқлар овози эшитилади", - деди бир маҳаллий яшовчи Би-би-сига.

Бошқа гувоҳ Амин Гузаний гранаталар ва автоматлардан отилган ўқлар овозини эшитганини айтди.

Сурат манбаси, Reuters

"Улар бир соат давомида тўхтамай отишди. Гранаталар ҳам портлади", - дейди у.

Кўп қаватли турар жойнинг учинчи қаватидаги хонадонга уюштирилган рейдда бир қатор полициячилар жароҳат олишди.

Амалиёт тонгги 04:30да бошланар экан, Париж ҳокими муовини Стефан Пю маҳаллий яшовчиларни уйларида ўтиришга чақирди.

"Бу янги ҳужум эмас, балки полиция рейди", - деди у.

Сурат манбаси, AP

Асли бельгиялик 27 ёшли Абделҳамид Абауд жума ҳужумларини Суриядан уюштиргани, аммо ҳозирда Париждаги квартирада бўлган гумондорлардан бири экани ишонилади.

Аввалроқ хавфсизлик кучлари жума кунги ҳужумларда иштирок этган эҳтимолий тўққизинчи ҳужумчининг хавфсизлик камераларидан олинган видеосини тарқатишди.

Видеода бир неча барлар ва ресторанларга ҳужум қилган шахсларни машинада олиб юрган киши кўринади.

Видеодаги шахс Бельгияда ҳибсга олинган ёки ҳали ҳам озодликда қолаётган гумондор экани борасида маълумот ҳозирча йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio