АҚШ ва Куба раҳбарлари ярим асрда илк марта қўл сиқишди

Сурат манбаси, AFP

АҚШ Президенти Барак Обама ўзининг Куба Президенти Раул Кастро билан учрашуви икки мамлакат ўртасидаги ўн йиллаб давом этган адоват ортидан "янги саҳифа"ни очишга ёрдам беришини айтди.

Жаноб Обамага кўра, собиқ душманлар орасида ўзаро фарқлар сақланиб қолаверади, аммо муштарак манфаатлар йўлида ишлаш мумкин.

Мазкур учрашув охирги ярим асрдан кўпроқ давр ичида АҚШ ва Куба раҳбарларининг илк учрашуви бўлди.

"Хулосамиз шуки, биз ўзаро келишмасак-да, бир-биримизни ҳурмат қилишимиз мумкин. Вақт ўтиб, янги саҳифани очишимиз ва мамлакатларимиз ўртасида янгича муносабатларни ривожлантиришимиз мумкин", - деди Обама.

У ўз баёнотини АҚШ ва Куба алоқаларининг илиши мавзуси ҳукмронлик қилаётган Панамадаги минтақавий саммит охирида қилди.

Сурат манбаси, Reuters

Куба раҳбари Раул Кастро икки мамлакат, агар керак бўлса, "келишмасликка келишиш"ганини айтди.

"Биз ҳар қандай мавзуда сабр-тоқат билан сўзлашишимиз мукин. Баъзи мавзуларда келиша олсак, баъзиларида йўқ", - деди у.

Аввалроқ Куба раҳбари жаноб Обамани "чинкўнгил" дея тасвирлади, лекин айни дамда тарихий фарқларни ҳам унутмади.

"Мен инқилоб ҳақида гапирганимда, эҳтиросларим жўшиб кетади. Президент Обамадан кечирим сўрашим керак. У ўзидан аввал юз берган воқеаларга масъул эмас", - деди Президент Кастро.

1959 йилда Фидел Кастро ва укаси Раул АҚШ дастаклаган Президент Фулхенсио Батистага қарши инқилобга бошчилик қилишлари ортидан АҚШ Куба билан алоқаларни узиб қўйган. Кастро маъмурияти сўнгра Совет Иттифоқи билан яқин алоқаларга эга бўлган социалистик давлатни тузган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK