Рим Папаси: 'Динларга келганда сўз эркинлигида меъёр бўлиши керак'

Сурат манбаси, AP
Франциск ҳазратларининг мухбирларга баён қилишича, “динларни таҳқирлаш масаласига келганда, сўз эркинлигида меъёр бўлиши керак”.
Худди шу ўринда, Рим Папаси ёки “оналарни”, дея ҳазиллашаркан, бунинг сабабига ҳам тўхталиб ўтган.
Сўз эркинлиги инсонларнинг фундаментал ҳуқуқлари эканини алоҳида эътироф этаркан, Рим Папаси нега бундай фикрда эканини, “агар, кимдир онамни ҳақорат қилса, муштимни кутаверсин”, - деган ҳазиломуз сўзлар билан изоҳлаган.
Бу ҳақда “Ассошиайтед Пресс” ахборот агентлигининг таржимасига таяниб, Американинг нуфузли “Вашингтон Пост” нашри хабар берган.
Нашр Рим Папасининг, “Бу нормал. Бу нормал. Сиз қутқуга сололмайсиз. Ўзгаларнинг динларини ҳақорат қилишга ҳаққингиз йўқ. Бошқаларнинг эътиқодларини ҳажв қилишингиз мумкин эмас”, - деган сўзларидан иқтибос келтирган.
Ўз ўрнида, онаси ҳақидаги ҳазиломуз сўзларига қарамай, Франциск ҳазратлари бунга қарши куч билан жавоб қайтаришнинг номақбул эканини ҳам баён қилган.
“Ҳеч кимнинг дин номи остида бошқани ҳақорат қилиш, жанг қилиш ва ўлдиришга ҳаққи йўқ”лигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, AP
“Худонинг номи билан кимнидир ўлдириш номақбул, гуноҳ иш” эканини айтган.
Хабарларга кўра, Рим Папаси бу ҳақда ўз учоғи бортида, Шри Ланкадан Филиппинга кетишда баён қилган.
“National Catholic Reporter”нинг хабар беришича, бу каби сўзларни Рим Папаси дин ва сўз эркинлигига оид ўзига берилган умумий бир саволга жавоб тариқасида баён қилган.
“Вашингтон Пост”га кўра, бу саволни берган мухбирнинг француз эканини билган Рим Папаси жавоби айнан ўтган ҳафта уюштирилган ҳужумни кўзда тутганига ҳам ишора қилган.
“Юринг, Парижга борайлик. Келинг бу ҳақда очиқ сўзлайлик”, - деган Франциск ҳазратлари.
Қонли ҳужум ортидан “Шарли Эбдо”нинг илк сони шу ҳафта чоршанба куни нашр қилинган.
Журналнинг муқовасида қўлида “Мен Шарли”, деган ёзувни кўтариб, кўзидан ёш тўкиб турган ҳолатда акс этган Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) акс эттирилган бўлса, худди шу янги сонидан айнан Рим папасининг ўзи ҳам бир четда қолмаган.
Муҳаммад пайғамбар(с.а.в) дохил бошқа яна қатор динлар пайғамбарларини ҳажв қилган журнал 7 январ куни террорчилар ҳужумига учраган ва ҳодисада Бош муҳаррири, етакчи ҳажвчилари дохил жаъми 12 киши қурбон бўлганди.
Рим Папасининг ушбу сўзлари ўша ҳужумлардан роппа-роса бир ҳафта ўтиб янграган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












