Франция: Йирик қидирув давом этмоқда

Сурат манбаси, Getty
Францияда полиция охирги икки кун ичида юз берган террор ҳужумларида 17 кишини ўлдирган қуролли кишиларнинг эҳтимолий шерикларини қидирмоқда.
Қидирувдаги шахслардан бири Париждаги яҳудий супермаркетида полиция томонидан ўлдирилган Амади Кулибалининг қиз дўсти Ҳаят Бумаддийндир.
Ҳаят Бумаддийн пайшанба куни ўз йигити Амади Кулибали полициячи аёлни отиб ўлдирганда, унинг ёнида бўлгани ва "қуролланган ва хавфли" экани ишонилади.
Чоршанба куни Чарли Эбдо журнали идорасида 12 кишини нобуд қилган икки ака-ука Шариф ва Саид Куайшийларни полиция отиб ўлдирди.

Сурат манбаси, AFP
Президент Франсуа Оллонд полиция амалларини олқишлади, бироқ келгуси хавфлардан огоҳлантирди.
У хавфсизлик кучларига "жасорат ва самарали иши" учун миннатдорчилик билдирди, ва бу ҳафта юз берган воқеалар "бутун мамлакат учун фожеа" эканини айтди.
Камон
Франция Бош прокурори Франсуа Молин пайшанба куни полициячи аёлнинг ўлдирилишига гувоҳ бўлган Ҳаят Бумаддийнга асосий эътибор қаратилаётганини билдирди.
Полициячи ўлимидан сўнг Кулибали ва Бумаддийн ғойиб бўлишган, бироқ 32 ёшли Кулибали жума куни Париж шарқидаги Порт ве Вансон мавзесидаги Гиперкашер супермаркетида пайдо бўлиб, қатор одамларни гаровга олган.

Сурат манбаси, AP
Яҳудийлар супермаркетида юз берган бу ҳужумда камида тўрт харидор нобуд бўлган.
Франциянинг Le Monde газетаси Кулибали ва Бумаддийн 2010 йилда биргаликда тушгани акс этган қатор суратларни чоп қилди.
Уларда 26 ёшли аёл Францияда ман этилган ниқобни кийган ҳолда камерага камон ўқтаб тургани акс этган.
Жаноб Молин тергов эндиликда ҳужумчиларнинг шериклари кимлиги, жиноятлар қандай молиялангани, ҳамда ҳужумчилар Франция ва хориждан қандай ёрдам олганларига диққатни қаратишини айтди.
Унинг билдиришича, 16 киши ҳозирда сўроқ қилинмоқда. Улар орасида ака-ука Қуайшийлардан бирининг хотини ва оиласининг бошқа аъзолари ҳам бор.

Сурат манбаси, GendarmerieNationale
Шанба куни эрталаб Франция вазирлар маҳкамаси келгуси қадамларни режалаш учун йиғилишди.
Қора рўйхат
Жума куни Париждан 35 чақирим узоқликда жойлашган Даммартен-ан-Гоэл шаҳрида ака-ука Қуайшийлар саноат мажмуасини ишғол қилганлар.
Қуайшийлар саноат мажмуасидан полицияга қарата ўт очиб чиққанларида, полиция уларни отиб ўлдирди. Отишмада икки полициячи яраланган.
Ака-ука ҳужумчилар аввалроқ гаровга олган бир киши эрта озод қилинган, лекин бинонинг ошхонасида яшириниб олган иккинчи ходимни полиция отишмадан сўнг озод қилган.
Кўп ўтмай полиция Париждаги супермаркетга бостириб кириб, Кулибалини ўлдирган ва гаровдаги 15 кишини озод қилган. Полиция рейд бошланишидан аввал отиб ўлдирилгани ишонилган тўрт харидорнинг жасадларини топган.

Сурат манбаси, GendarmerieNationale
Прокурорларга кўра, Даммартендаги ака-укалар ракета отувчи қуролни ишга солишга тайёр бўлганлар, Париждаги супермаркетда эса бомбалар ётқизилган.
Расмийлар Кулибали ва ака-укани аввалдан билганини билдиришди. Саид Қуайший 2011 йилда Яманга сафар қилиб қайтган.
Ака-ука Қуайшийлар Британия ва АҚШнинг қора рўйхатларида бўлгани ишонилади.
Даммартандаги саноат мажмуасидан Франция телеканалига телефон орқали боғланган Шариф Қуайший ал-Қоиданинг Ямандаги бўлими номидан амал қилаётганини айтган.
Ал-Қоида жума куни кечқурун Франциядаги ҳужумларни олқишлаб аудио чоп қилди, бироқ масъулиятни ўз бўйнига олмади.
Жума куни эрталаб Франциянинг BFMTV телеканалига боғланган киши ўзини Исломий Давлат жангари гуруҳи аъзоси Амади Кулибали дея таништирган ва Қуайшийлар билан бирга ҳужумларни мувофиқлаштирганини даъво қилган.

Сурат манбаси, Reuters
Жаноб Молинснинг айтишича, Кулибали ва ака-укалар бир-бирларини яхши танишган, уларнинг аёллари эса камида 500 марта телефонда суҳбатлашганлар.
Жума кунги ишғол чоғида Кулибали, агар полиция Қуайшийларни қўлга олса, гаров остидаги харидорларни ўлдириш билан таҳдид қилган.
Ҳозирда Франция матбуотида нима учун полицияга таниш бўлган бу ҳужумчилар шунча қурол-яроғни қўлга киритишга муваффақ бўлганлари ва уларнинг хориждаги жангари гуруҳларга алоқаси борасида нималар маълум бўлгани ҳақида саволлар туғилмоқда.












