Президент Обама Суриядаги жангариларни нишонга олишга рухсат берди

Сурат манбаси, Reuters
Америка қўшма штатлари давлат котиби Жон Керри Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида сунний араб давлатлари вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда.
Кун тартибидаги асосий масала Президент Обаманинг "Исломий давлат" жангариларига қарши кураш стратегиясига дастакни қўлга киритиш.
Жаноб Обама Қўшма Штатлар Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни назорат қилаётган "Исломий Давлат"га қарши коалицияга етакчилик қилишини айтган.
У биринчи марта Суриядаги "Исломий Давлат" жангариларига қарши АҚШнинг ҳаво зарбаларига рухсат берган.
Президент Обама АҚШ Конгрессининг тасдиғисиз ҳам Ироқ ва Суриядаги "Исломий Давлат" жангариларига қарши ҳарбий амалиётни кенгайтириш ваколатига эга эканини айтди.
Бироқ, у Суриядаги мухолифат кучларини қуроллаш масаласи бўйича барибир Конгрессга мурожаат қилади.
10 сентябр куни Президент Обама Америка халқига телевизион мурожаат билан чиқди.
Америкага таҳдид қилаётганларга хавфсиз бошпана бўлмайди, деб айтган Президент Обама.
Унинг айтишича, бундан икки ой олдин Ироққа вазиятни баҳолаш учун юборилган америкалик ҳарбийлар ортга қайтганлар ва энди 475 ҳарбий маслаҳатчи Ироққа юборилади.
Президент Обама америкалик ҳарбийлар жанговор амалиётларда қатнашмаслигини айтган.
Жиддада АҚШ Давлат котиби Жон Керри Саудия Арабистони, бошқа кўрфаз мамлакатлари, Миср, Иордания, Ироқ, Ливан ва Турция вакиллари билан Саудия Арабистони ҳудудида суриялик Башар Асад мухолифлари бўлган исёнчиларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш, Ироқ ва Суриядаги исломий жангариларга қарши ҳаво ҳужумларини уюштириш учун ён-атрофдаги мамлакатлар ҳаво ҳудудларидан кўпроқ фойдаланиш масалаларини муҳокама этиш кўзда тутилган.












