"ИД жангарилари Ислом ва мусулмонларга доғ туширмоқда"

Сурат манбаси, Reuters
Сунний Ислом дунёсидаги энг нуфузли идорага кўра, "Исломий Давлат жангарилари Ислом ва мусулмонларга доғ туширмоқда".
Мисрдаги ал-Азҳар Университети бош имоми Шайх Аҳмад ат-Тоййиб Исломий Давлатни "Ислом динига мутлақо алоқаси йўқ жиноий ташкилот" деб чиққан.
Шайх Аҳмад ат-Тоййиб Исломий Давлат гуруҳини танқид қилган навбатдаги етакчи мусулмон олимларидан биридир.
Дам олиш кунлари Саудия Арабистони бош муфтийси мусулмонларни Исломий Давлат жангариларига қарши курашишга чақирганди.
Айни пайтда Араб Лигасининг маълум қилишича, унга аъзо давлатлар минтақадаги Исломий Давлат ва бошқа қуролли гуруҳларга қарши ё якка ҳолда ва ё бир бўлиб курашишга келишиб олганлар.
Бир кун давом этган музокаралар ортидан душанба куни чиққан резолюция Америка Қўшма Штатларининг гуруҳга қарши ҳарбий амалларини очиқча дастакламайди.
АҚШ президенти Барак Обама Исломий Давлатга қарши курашда халқаро ҳамжамият дастагига умид қилмоқда.
Американинг Исломий Давлатга қарши кураш режаси чоршанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Аммо Араб Лигасининг резолюциясида ИДга қарши кураш сиёсий, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқий соҳаларда олиб бориш зарурлиги таъкидланган.
Араб Лигасининг Бош котиби Набил ал-Арабийнинг айтишича, барча аъзо давлатлар бир давлатга ҳужумни барчага ҳужум сифатида талқин қилиш қарорини олганлар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












