Эбола вируси билан боғлиқ вазият юзасидан хавотирлар кучайган

Президент Серлифга кўра, Либерия халқи ҳаётини муҳофаза қилиш учун мисли кўрилмаган чоралар зарур

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, Президент Серлифга кўра, Либерия халқи ҳаётини муҳофаза қилиш учун мисли кўрилмаган чоралар зарур

Либерия Президенти Эллен Жонсон Серлиф ҳалокатли Эбола вирусига қарши кураш манзарасида мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леоне ва Нигерия каби давлатларни ҳам ўз гирдобига тортган Эбола вируси 930дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти экспертлари Женевада учрашиб, эпидемияга қарши чораларни муҳокама қилишмоқда.

Икки кунлик йиғинда дунё бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилиш керакми ё-да, йўқлиги юзасидан қарор берилади.

'Мисли кўрилмаган чоралар'

Эбола инсон саломатлиги учун хатарли бўлган вирус турларидан биридир. Унинг одамни ўлимга олиб бориш даражаси 55%дан 90%гача деб ўлчанади. Эбола тана суюқлиги орқали одамдан одамга юқади.

Чоршанба куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти тарқатган баёнотга кўра, Ғарбий Африкада ҳозирга қадар ушбу хасталикка чалинган 932 киши ҳаётдан кўз юмган. Энг охирги ҳалокатли ҳолатлар Либерияда кузатилган, у ерда камида 282 инсон вирусдан нобуд бўлган.

90 кунга фавқулодда ҳолат эълон қилган Президент Серлиф ўз баёнотида Либерия ҳукумати ва халқи "Давлатни омон сақлаб қолиш ва халқ ҳаётини муҳофаза қилиш учун мисли кўрилмаган чоралар"га қўл уриши зарурлигини айтган.

Кузатувчиларга кўра, Эбола вируси билан боғлиқ ҳолатнинг Либерияда ёмон тус олишига касалларни алоҳида сақлаш ўрнига яқинлари уларни бориб кўришаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

АҚШ Президенти Обама Америка Оврўпо ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти билан бирга эпидемияни жиловлаш йўлида ишлаётганини айтган.

Ҳодисаларнинг бошқа ривожи:

*Саудия Арабистони расмийларига кўра, Эбола вируси берадиган аломатлар билан даволанаётган фуқароларидан бири Жиддадаги шифохонада оламдан ўтган. Унинг бундан олдин Сьерра-Леонега сафар қилгани айтилади. Агар Саудия Арабистони фуқаросининг ҳақиқатдан ҳам худди шу касалликдан вафот этгани тасдиқланса, бу Африка ташқарисидаги илк Эбола билан боғлиқ ўлим ҳолати бўлади.

*Либерияда вирусни юқтириб қўйган ёрдам ташкилоти икки хизматчиси Америкага қайтарилиб, муолажа қабул қилиши ортидан соғлиғи ижобий томонга ўзгараётгани хабар қилинади.

*Нигерияда эса, қатор янги ҳолатлар қайд этилиши ортидан хавотирлар ошиб бормоқда. Нигерия минтақадаги энг аҳолиси кўп мамлакат ҳисобланади. Чоршанба куни Эболага чалинган беморни даволаган ҳамшира ушбу хасталикдан вафот этган иккинчи инсон бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02