Троллинг нима? Дипфейк-чи? Аёллар Интернетдаги зўравонликдан ўзларини қандай ҳимоя қилишлари мумкин?

Мобил телефон сими билан боғланган аёл қўли.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Троллинг ва таъқибдан тортиб, дипфейк ва шахсий маълумотларни ошкор қилиш – доксинггача, ҳар йили миллионлаб аёл ва қизлар таъқибга учрамоқда.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

"Рақамли зўравонлик" Интернетдан суиистеъмолнинг энг тез ривожланаётган шаклларидан бири бўлиб, аёлларни интернетдан фойдаланмасликка мажбурламоқда. Троллинг ва таъқибдан тортиб, дипфейк ва шахсий маълумотларни ошкор қилиш – доксинггача, ҳар йили миллионлаб аёл ва қизлар таъқибга учрамоқда.

БМТнинг рақамли технологиялар бўйича ихтисослашган агентлиги – Халқаро телекоммуникация иттифоқи маълумотларига кўра, дунёда олти миллиардга яқин киши интернетдан фойдаланмоқда ва бу йил аёлларга қараганда 280 миллион кўпроқ эркак Интернетдан фойдалана бошлаган.

БМТнинг таъкидлашича, аёллар, қизлар ва гендер ноконформист шахслар ўз жинси туфайли кўпроқ нишонга олиниши, оғирроқ ва узоқ муддатли оқибатларга дучор бўлиши эҳтимоли юқори.

GETTY
Biror ma’lumotni internetda ulashishdan oldin yaxshilab o‘ylang. U internetda doimiy qolishi va keyinchalik sizga zarar yetkazishi mumkin.
Birlashgan Millatlar Tashkiloti (BBC.COM/UZBEK)

БМТ Аёллар ташкилоти маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, аёл ва қизларнинг тахминан 58 фоизи онлайн зўравонликка дучор бўлган.

Рақамли рамз.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аёл юлдузлар, фаоллар ва журналистлар кўпроқ троллар нишонига кўпроқ айланишади.

Рақамли зўравонликнинг бешта кенг тарқалган шакли бор

1. Троллинг

Троллинг – кимнидир хафа қилиш, реакция уйғотиш ёки муаммо чиқариш учун атай провокацион ёки ҳақоратли постларни интернетга жойлаш.

Интернетда нафрат нутқлари ва нотўғри маълумотлар тарқалишини тўхтатишга қаратилган Британия-Америка ноҳукумат ташкилоти Рақамли нафратга қарши кураш маркази (CCDH) маълумотларига кўра, тролларнинг икки асосий тури мавжуд:

Таҳқирлашни кучайтириш учун ижтимоий тармоқларда обуначиси кўп бўлган жамоат фаолларини нишонга олувчи троллар

"Салбий ижтимоий кайфият" уйғотишдан илҳомланувчи троллар – бошқаларга етказилган зарардан завқланувчилар.

Одамларнинг интернетда троллик қилишининг турли сабаблари бўлиши мумкин ва бу ҳар бир троллда ўзига хос.

Троллар одатда ўзлари нишонга олган одамларни хафа қилишдан завқланади, агар нишонга олинган шахс жавоб қайтарса, улар янада руҳланиб ишини давом эттираверади.

Троллинг жабрланувчида юқори даражада хавотир уйғотиши ва ўзига нисбатан баҳоси пасайишига сабаб бўлиши мумкин.

2. Доксинг

Дераза ўнгида ўтирган аёл.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шахсий маълумотни ошкор қилиш зўравонликка олиб келиши мумкин.

Доксинг одатда одамнинг шахсий маълумотини ғаразли ниятда интернетда тарқатишни англатади.

Бу таъқиблар, таҳдидлар ва ҳатто жисмоний зўравонлик каби реал ҳаётий оқибатларга олиб келиши мумкин.

2021 йилда "Ҳарри Поттер" муаллифи Ж.К.Роулинг унинг уй манзилини кўрсатадиган сурат интернетда тарқатилгани сабабли жабр кўрганини айтганди.

Аммо шундан сўнг полиция уни нишонга олган фаолларга қарши ҳеч қандай чора кўрмади.

2022 йил апрелидан бери Meta компаниясига тегишли ижтимоий тармоқлар – Facebook ва Instagram бировнинг уй манзилини, ҳатто у оммавий маълумотлар ёки янгиликларда пайдо бўлса ҳам, улашишни тақиқлади. Фойдаланувчилар ўз манзилини улашишлари мумкин, аммо бошқалар уни қайта улаша олмайди.

Ушбу ўзгариш Meta Кузатув кенгашининг шахсий маълумот ҳимоясини кучайтириш ва ошкор қилишни камайтириш бўйича тавсияларидан сўнг амалга оширилди.

3. Дипфейк

Компютер ўнгида ўтирган аёл.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аёллар ўзларини ҳимоя қилиш учун Интернетдан воз кечишмоқда.

Дипфейк –сунъий интеллект ёрдамида ҳақиқийга ўхшаш яратилган видеолар, расмлар ёки аудио ёзувлардир.

Улар кўнгил очиш ёки ҳатто илмий тадқиқотлар учун ишлатилиши мумкин, аммо баъзида жамоатчиликни атай чалғитиш мақсадида сиёсатчилар ёки жаҳон етакчилари каби шахсларнинг тасвирлари ҳам сохталаштирилади.

Шунингдек, улар тобора кўпроқ машҳурлар ёки оддий одамларнинг порнографик видео ёки тасвирларини яратиш учун ҳам ишлатилмоқда.

Яқинда Буюк Британияда полиция буюртмаси билан ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, "ҳар тўрт кишидан бири, ҳатто тасвирланган шахс рози бўлмаган тақдирда ҳам, жинсий мазмундаги сохта маълумотларни яратиш ва тарқатишда ҳеч қандай муаммо йўқ деб ҳисоблайди ёки бу масалага бефарқ".

Буюк Британияда шахс розилигисиз интим расмларни улашиш ёки улашиш билан таҳдид қилиш жиноий жавобгарликка тортилади ва асосан 2023-йилги Онлайн хавфсизлик тўғрисидаги қонун билан тартибга солинади. Бу ясама ёки ўзгартирилган тасвирлар, жумладан, дипфейк материалларга ҳам тааллуқлидир.

Австралия ва Ирландия каби бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам интим тасвирлардан бу тарзда фойдаланишдан одамларни ҳимоя қилувчи шу каби қонунлар мавжуд.

4. Ёмон ниятда ишончга кириш

Компютер ўнгида ўтирган эркак.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Онлайндаги баъзилар қизлар ишончини қозониш учун ўз шахсиятларини яширишади.

Болалар ва ёшларни интернет орқали нишонга олиш ва уларнинг ишончини суиистеъмол қилиш мумкин. Жиноятчилар бола билан муносабат ўрнатиш учун онлайн платформалардан фойдаланади.

Бу зўравонлик онлайн содир бўлиши ёки жиноятчи болани зўравонлик қилиш мақсадида у билан шахсан учрашишни режалаштириши мумкин. Зарарли контент ёзиб олинса, юкланса ёки бошқалар томонидан онлайн улашилса, қўшимча суиистеъмол ҳолатлари юз бериши мумкин.

Зўравонлик онлайн ёки офлайн содир бўлишидан қатъи назар, у боланинг умумий аҳволига узоқ муддатли таъсир кўрсатади, бу эса хавотир, ўзига зарар етказиш, овқат истеъмол қилиш қобилиятининг бузилиши, ўз жонига қасд қилиш хаёллари ёки ҳатто амалда ўз жонига қасд қилишга ҳам олиб келиши мумкин.

5. Кибербуллинг

Кибербуллинг, яъни онлайн зўравонлик – шахснинг ижтимоий тармоқларда, мессенжерларда, онлайн ўйинларда ва интернетдаги бошқа жойларда зўравонликка, таҳқирлашларга дучор этилишдир.

Буллинг бир вақтда ҳам онлайн, ҳам офлайн содир бўлиши мумкин ва баъзан онлайн зўравонлик қилаётган шахс жабрланувчига таниш бўлади.

Шунингдек, реал ҳаётда учратмаган, лекин онлайн ҳамжамиятлар, ўйинлар ёки ижтимоий тармоқларда танишган одамлардан таъқибга учраш ҳам одатий ҳол. Зўравон шахс номаълум бўлиши ҳам мумкин.

Ўзингизни ҳимоя қилиш йўллари

Қўлида телефон ушлаб турган шахс.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Технологик ширкатлар ва қонун чиқарувчилар кибер жиноятни камайтириш йўлида чоралар кўришмоқда.

БМТ онлайн зўравонлик қурбони бўлиш хавфини камайтириш учун қуйидаги маслаҳатларни беради:

• Бирор маълумотни интернетга жойлаш ёки улашишдан олдин обдан ўйланг – у интернетда доимий қолиши ва кейинчалик сизга зарар етказиши мумкин

• Интернетга жойлайдиган маълумотларингизни, айниқса, манзил ва телефон рақамингиз каби шахсий маълумотларни чекланг

• Дўстларингиз ва танишларингизга сиз ҳақингиздаги шахсий маълумотларни жойламасликни айтинг

• Ижтимоий тармоқ иловаларининг махфийлик созламалари, жумладан, маълумотларингизни кимлар кўриши ва контентни блоклаш/яшириш имкониятлари ҳақида батафсил ўрганинг

• Барча ҳисобларингизда геолокацияни ўчиринг

• Шубҳали ёки таҳдидли аккаунтлар ҳақида хабар беринг

Хавотирли хавф

БМТ таъкидлашича, онлайн ва технологик зўравонлик олдини олиш учун бу зўравонликнинг ўзига хослиги ва аёллар ҳамда қизларга таъсирини тушуниш жуда муҳим.

БМТ Аёллар ташкилотининг 2021 йилда Араб давлатларида ўтказилган тадқиқоти шуни кўрсатдики, ўша йили интернетдан фойдаланувчи аёлларнинг 60 фоизи онлайн зўравонликка дучор бўлган.

Европа тадқиқотлари кўрсатишича, аёллар эркакларга қараганда онлайн таъқибга 27 баравар кўпроқ дуч келади. Бошқа таҳлил натижаларига кўра, аёлларнинг 92 фоизи онлайн зўравонлик уларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатишини айтган.

БМТ маълумотларига кўра, сиёсатчилар, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари каби жамоат ҳаётидаги аёллар айниқса кўп нишонга олинади. Бунда қора танли аёллар, ЛГБТ+ вакиллари ва ногиронлиги бўлган аёллар учун хавф янада юқори.

Ташкилот барча аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича кампанияни бошлади. Кампания ҳукуматларни шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга ва рақамли зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгилашга, йирик технология компанияларини эса зарарли контентни олиб ташлашга чақирмоқда.