Исроил 70 мингдан ортиқ фаластинлик ўлдирилганини "тан олмоқда"ми?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Дан Жонсон
- Role, BBC мухбири, Қуддус
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Исроил матбуотининг хабар беришича, Хавфсизлик Хизматидаги юқори лавозимли манба Ғазога уруш мобайнида 70 мингдан ортиқ фаластинлик ўлдирилганини ҳарбийлар тан олишларини билдирган.
Исроил собиқда Ҳамаснинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган бу борадаги маълумотларни шубҳа остига олиб келганди.
Аммо Ҳамас Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қурбонлар ҳақидаги маълумотларини БМТ ишончли, дея қабул қилиб, Инсон ҳақлари ташкилотлари ва халқаро матбуот уларга иқтибосан бу маълумотларни кенг равишда бериб келган.
Ғазо уруши 2023 йил 7 октябр куни Ҳамаснинг Исроил жанубига қилган ҳужумидан сўнг бошланганди.
Ҳамас ҳужуми оқибатида 1200 инсон ўлдирилган ва 251 киши гаровга олинганди.
Исроил бунга жавобан Ғазога қарши ҳарбий амалиётларни бошлади.
Ҳамас Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ушбу уруш даврида 71 минг 660 фаластинлик ўлдирилган.
2025 йил 10 октябр куни оташкесимга эришилганидан бери ҳам 492 инсон ўлдирилган.
4 исроил аскари ҳам бу муддатда ҳалок бўлган.
Исроил ўтган йили оташкесимга эришилгунга қадар ўлдирилган фаластинликлар сонини ҳамиша баҳс остига олиб келганди.
Исроил томони ўша вақтда берган маълумотларига кўра, оташкесимга эришилгунга қадар 1600 фаластин жангариси ва амалиётлар мобайнида 22 минг фаластинлик жангчи ўлдирилган.
Исроил Мудофаа Вазирлиги шунингдек, ҳар бир жангчи билан бирга 2-3 нафар оддий аҳоли вакили ҳам ўлдирилганлигини билдирганди.
Falastinlik qurbonlar haqidagi har qanday ma’lumot rasmiy kanallar orqaligina nashr qilinadi.
Ҳозирда Исроил Қуролли кучларидаги юқори лавозимли расмийси Haaretz ва Times of Israel журналистлари дохил матбуотга Ҳамас Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган маълумот анчайин аниқ эканига ишора қилган.
Ушбу расмий ўлдирилган фаластинликлардан қанчаси жангари ва қанчаси ҳарбий амалиётлар оқибатида ўлдирилганлигини очиқламаган.
Исроил матбуотида бу ҳақда маълумотлар чоп қилингандан сўнг Исроил Мудофаа вазирлиги бу рақамлар расмий маълумотни акс эттирмаслигини билдирган.
"Бу борада ҳар қандай маълумот расмий каналлар орқалигина нашр қилинади", дея айтган Мудофаа вазирлиги расмийси.












