Ҳамас Ғазо бошқарувидан воз кечадими?

- Author, Пол Адамс
- Role, Би-би-си дипломатик мухбири
- Reporting from, Jerusalem
- Author, Рушди Абуалуф
- Role, Ғазо мухбири
- Ўқилиш вақти: 12 дақ
Ғазо бўлгасини, икки миллион фаластинликни қарийб 20 йилдан бери қаттиққўллик билан бошқараётган, Исроил билан қайта-қайта урушаётган гуруҳ қандай қилиб қуролини бирдан ташлаб, назоратни топширади?
10 октябрда оташкесим кучга кирганидан бери Ғазода пайдо бўлаётган даҳшатли тасвирларнинг узлуксиз оқимига қараганда, Ҳамас ўз ҳокимиятини топширмоқчи эмас.
Унинг ниқобдаги жангчилари кўчаларда рақибларини калтаклаб, қатл этаётганини кўриш мумкин.
Тўсатдан пайдо бўлган отувчи отрядлар рақиб гуруҳлар, жумладан, Ғазонинг баъзи қудратли уруғларининг эркак аъзоларини тиз чўктириб ўлдираяпти.
Ваҳимага тушган бошқа қурбонларнинг оёқларига ўқ узилмоқда ёки оғир тўқмоқлар билан калтакланмоқда.
Мен суҳбатлашган ёрдам ходимларидан бири айтишича, ҳозир Ҳамас ҳужумига учраганларнинг айримлари гуманитар инқирозни кучайтирган талон-торож ва ёрдамни бошқа мақсадларга йўналтириш билан шуғулланган гуруҳларга алоқадор бўлган.
БМТ жиноий тўдаларни ёрдамни ўғирлашда ҳам айблаган эди.
Ғазодаги ҳолат, Доналд Трампнинг 20 банддан иборат Ғазо тинчлик режасида кўзда тутилганидек, Ҳамас қуролларини топширадиган, амнистияга бўйсунадиган, Ғазони тарк этиб, ҳудудни халқаро кучларга топширадиганга ўхшамаяпти.
Президент Трамп дастлаб шафқатсизликка нисбатан иккилангандай кўринди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
13 октябр куни Исроилга йўл олаётиб, у АҚШ Ҳамасга – АҚШ, Буюк Британия, Исроил ва бошқалар томонидан террорчилик гуруҳи деб эътироф этилган ташкилотга – тартиб ўрнатиши учун яшил чироқ ёққанини маълум қилди.
"Биз уларга маълум муддатга рухсат бердик," деди у Air Force One учоғида журналистларга.
Орадан уч кун ўтгач, оҳанги қатъийлашди.
"Агар Ҳамас Ғазода одамларни ўлдиришда давом этса, бунга келишмаганмиз, – деб ёзди у Truth Social'да, – биз ҳудудга кириб, уларни йўқ қилишдан бошқа чорамиз қолмайди."
Хўш, бугунги Ғазодаги бу вазият Ҳамасни қай аҳволга солди?
Охир-оқибат, ўз халқи учун мислсиз азоб-уқубатларга олиб келган икки йиллик урушдан ва асосий етакчиларининг кўпчилиги ўлдирилганидан сўнг, Ҳамаснинг келажаги қандай бўлиши мумкин?

Сурат манбаси, .
"Қонун ва тартиб йўқолиши"
Икки йиллик узлуксиз азоб-уқубатлар ва, Ҳамас бошқарадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазода 68 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган урушдан мажруҳ ва ҳолдан тойган кўплаб ғазоликлар учун бу хунук якун кутилмаган ҳодиса эмас.
Мен суҳбатлашган ғазоликларнинг ҳар бири – улар орасида ёрдам ходимлари, адвокатлар, шунингдек, Ҳамас етакчисининг собиқ маслаҳатчиси ҳам бор – Ҳамаснинг қурол ташлаб, назоратни топшириши эҳтимоли ҳақида турлича фикрда.
Жойлардаги вазиятни ҳисобга олсак, ҳозир бунинг вақтими?

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
"Қонун ва тартиб бутунлай йўқолганига икки йил бўлди, – дейди ёрдамчи Ҳаня Алжамол Ғазо сектори марказидаги Дайр ал-Балодаги уйидан. – Бизга кимдир раҳбарлик қилиши керак.
"Ҳамас ҳудудни бошқаришда қанчалик лаёқатсиз бўлмасин, улар тўдалардан кўра яхшироқ."
Ҳамаснинг сиёсий етакчиси бўлган Исмоил Ҳаниянинг собиқ маслаҳатчиси доктор Аҳмад Юсуфнинг фикрича, ҳозирда қаттиқ қўл керак.
"Ҳали ҳам қонунни қўлга олишга уринаётган одамлар бор экан, уларни қўрқитиб, бурчакка сиқиб қўядиган кимса керак," дейди ҳозирда Ғазо таҳлил марказини бошқараётган ва Ҳамас раҳбариятига яқин бўлган доктор Юсуф.

"Бу вақт талаб қилади. Кўп вақт эмас. Бир ойда биз Туркия ва Мисрдан келадиган ўша полиция кучлари ва аскарларни қабул қиламиз," дея давом этади у тинчлик режасида кўрсатилган Ғазо учун халқаро барқарорлаштириш кучларини назарда тутиб, улар Миср ва Туркия қўшинлари ҳамда бошқалардан иборат бўлиши мумкин.
"Шунда улар қуролларини четга қўядиган пайт келади."
Бошқа ғазоликлар қўрқувда.
Баъзилар Ҳамас ўз ҳокимиятини ёки қуролларини топширишига ишонмайди.
Ҳамас бир неча бор қамоққа олган ғазолик адвокат Моумен ан-Натур улардан бири.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Ўзининг айтишича, у июл ойидан бери яшириниб юрибди, ўшанда унинг Ғазо шаҳридаги уйига ниқобли Ҳамас аъзолари келиб, сўроқ қилиш учун аш-Шифо касалхонасига боришни буюрган.
"Ҳамас бутун дунёга ва Президент Доналд Трампга... улар ҳокимиятни ҳам, қуролларини ҳам топширмасликларини билдирмоқда.
Агар ҳозир Ҳамас қўлига тушсам, улар видеога олиб, кўчада отиб ўлдиришарди," дейди у Ғазо секторидаги номаълум жойдан бизга юборилган бир қатор видеолардан бирида.
Унинг орқасидаги деворни ўқ тешиб юборган.

"Бу ҳукумат эмас, бандитлар," дейди у Ҳамас ҳақида.
"Мен уларнинг Ғазода қолишини истамайман... Мен уларни ҳокимиятда ҳам, хавфсизликда ҳам кўришни истамайман. Уларнинг ғоялари масжидларда, кўчаларда, мактабларда тарқалишини истамайман."
"Ҳамон Ғазода ҳукмрон ўйинчи"
Ан-Натурнинг Ғазо келажаги ҳақида ўз фикри бор.
Унингча, ҳозир Ҳамас ҳужумига учраган турли ҳарбий гуруҳларни янги хавфсизлик тизимига бирлаштириш мумкин. Бироқ, уларнинг бир-бирига зид манфаатлари, баъзан шубҳали ўтмиши ва айрим ҳолларда Исроил армияси билан баҳсли алоқалари туфайли бу муаммоли.
"Ҳамас ҳали ҳам мавжуд ва Ғазода ҳукмрон куч ҳисобланади, баъзида исроилликлар буни тан олиши жуда қийин," дейди Исроил ҳарбий разведкасининг Фаластин ишлари бўйича бўлими собиқ бошлиғи доктор Майкл Милштейн.
"Шубҳали кучларга – кланларга, кўпчилиги ИШИД билан боғлиқ, кўплари Исроилга қарши террор ҳужумларида иштирок этган ҳарбий гуруҳларга, жиноятчи тўдаларга суяниш ва уларни Ҳамасга муқобил деб ҳисоблаш хомхаёл."

Ҳамас расмий вакиллари гуруҳнинг Ғазо устидан сиёсий назоратни топширишга тайёрлигини айтган. Трамп қўллаб-қувватлаган ўт очишни тўхтатиш режаси "технократик, сиёсатдан холи Фаластин қўмитасининг вақтинчалик ўтиш бошқарувини" назарда тутади.
Аммо гуруҳ сиёсий ролдан воз кечишга тайёр бўлса ҳам – бунга кўплаб фаластинликлар ва исроилликлар ҳали ҳам шубҳа билан қарайди – жангда тобланган жангчиларини қуролларини ташлашга кўндириш 2023 йил октябригача ҳам ҳокимияти қурол кучига таянган ташкилот учун катта қадамдир.
Ҳамаснинг юксалиши ва темир ҳокимияти
Ҳамас келажаги ҳақидаги мураккаб саволга жавоб бериш учун у дастлаб ҳокимиятни қандай мустаҳкамлаганига чуқурроқ назар ташлаш керак.
1980-йилларда Миср "Мусулмон биродарлиги"нинг шўъба ташкилоти ва дунёвий Фаластин Озодлик Ташкилотига (ФОТ) рақиб сифатида пайдо бўлган Ҳамас кейинчалик Исроил фуқаролари ўлимига жавобгар бўлган зўравон жангари гуруҳга айланди.
Дастлаб Исроил Ҳамасни ўша пайтда Ёсир Арофат бошчилигидаги ФОТ ва унинг етакчи фракцияси Фатаҳга қарши мувозанатловчи куч сифатида кўриб, яширинча қўллаб-қувватлаган.
"Асосий душман Фатаҳ эди," дейди Исроил ички хавфсизлик хизмати Шин Бетнинг собиқ раҳбари Ами Аялон, "чунки улар Фаластин давлатини талаб қилаётган одамлар эди."
Аммо Ҳамас 1990 ва 2000-йилларда исроилликларга қарши ҳалокатли худкушлик ҳужумларини уюштиргач, Исроил бунга бир қатор суиқасдлар билан жавоб берди.
Фатаҳ билан ҳокимият учун шиддатли курашда, 2006-йилги сайловларда ғалаба қозонган Ҳамас Ғазо сектори назоратини тўла қўлга олди.

Ҳамаснинг ўн саккиз йиллик бошқаруви Исроилнинг ҳарбий ва иқтисодий қамали билан ҳамда 2008-09, 2012, 2014 ва 2021 йиллардаги қуролли тўқнашувлар билан кечди.
2023 йил октябридан бери Исроилнинг "Ҳамас – ИШИД" деган даъволарига қарамай, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳукумати илгари Ҳамасни стратегик таҳдид деб ҳисобламаган эди.
"Унинг сиёсати можарони бошқариш эди, – дейди жаноб Аялон. – У биз буни ҳал қилмоқчи эмасмиз ва икки давлат ғоясига мутлақо қаршимиз, шунинг учун ягона йўл бўлиб ташлаш ва бошқариш қабилида эди."
Ғазода Ҳамас назорати ва босиб олинган Ғарбий Соҳилнинг бир қисмида президент Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин маъмурияти ҳукмронлиги остида фаластинликлар умидсиз, бўлинган ҳолда қолди. Бу эса Исроилга тинчлик музокаралари олиб бориш учун фаластинликларда ягона раҳбарият йўқлигини баҳона қилиш имконини берди.
"[Нетаняҳу] Ғазода Ҳамасни қўллаб-қувватлаш учун ҳамма нарсани қилди, – дейди жаноб Аялон. – У Қатарга уларга 1,5 миллиард доллардан кўпроқ юборишга рухсат берди."

Сурат манбаси, Getty Images
Қатардан келган пуллар давлат хизматчиларининг маошларини тўлаш ва энг камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган эди, аммо хавфсизлик расмийлари ундан бошқа мақсадларда фойдаланилаётганидан хавотирда эди.
"Шин Бет директори ва Моссад раҳбари бу пуллар ҳарбий инфратузилмага сарфланаётганига аниқ ишонарди", дея қўшимча қилади жаноб Аялон.
Нетаняҳу Қатар орқали Ҳамасга тўловларга рухсат беришни ҳимоя қилиб, бу тинч аҳолига ёрдам учун мўлжалланганини айтганди.
Ҳамас доим урушга тайёргарлик кўрган
7 октябр воқеалари кўрсатганидек, Ҳамас доим урушга тайёргарлик кўрган. Бу ҳолат ҳеч қаерда туннелларнинг мураккаб тармоғидагидек яққол кўринмасди.
Туннеллар 2000 йилда бошланган иккинчи Фаластин қўзғолони ёки "Интифада" пайтида Исроил армияси позицияларига ҳужум учун ишлатилган эди.
2006 йилда Ҳамас жангчилари Керем Шалом яқинидаги ҳарбий постга ҳужум қилиш учун Исроил билан чегара остидаги туннелдан фойдаланган ва икки исроиллик аскарни ўлдирган ва учинчиси Гилад Шалитни асирга олган эди.
У озод этилгунга қадар беш йил ушлаб турилди. 2011 йилда у 1027 нафар фаластинлик маҳбус, жумладан, 2023 йил октябр ойидаги Ҳамас ҳужумларини режалаштирган Яҳё Синвар эвазига озод қилинди.

Сурат манбаси, Getty Images
Вақт ўтиши билан Ҳамаснинг ер ости йўллари тармоғи кенгайиб, устахоналар, қурол ишлаб чиқариш майдонлари ва қўмондонлик марказларини қамраб ола бошлади.
Минтақавий ўзгаришлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. 2012 йилда Ливия диктатори Муаммар Қаддофий қулаши ва Мисрда "Мусулмон биродарлар"нинг қисқа муддатли ҳокимиятга келишидан сўнг, Ҳамас Ғазога тобора мураккаблашиб бораётган қурол-яроғларни, жумладан, снайпер милтиқлари, кўчма ракета отгичлар ва узоқ масофали ракеталар ишлаб чиқариш ускуналарини яширин олиб киришга муваффақ бўлди.
Ҳамас Ливан ва Ироқ каби жойларда ер ости йўллари қазиш тажрибасига эга техник мутахассислар ва жангчилардан ёрдам олган, деб тахмин қилинади.
Эрон ҳам асосий қўлловчи бўлиб, Ҳамасни Исроил ва АҚШга қарши умумий адовати бўлган Яқин Шарқдаги жангари гуруҳлар иттифоқи – "Қаршилик ўқи"нинг табиий қисми сифатида кўрди.
2020 йилда АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Эрон Фаластин жангари гуруҳларига, жумладан, Ҳамасга йилига тахминан 100 миллион доллар маблағ ажратаётгани айтилган.

Сурат манбаси, Yousef Masoud/SOPA Images/LightRocket via Getty Images
Баъзи ер ости йўллари 70 метр чуқурликда қазилган, қурилиши йилларча давом этган ва ҳар бири ўнлаб миллион долларга тушган. Булар Ҳамаснинг юқори лавозимдаги қўмондонларини ҳимоя қилиш ва узоқ масофали қуролларни сақлаш учун мўлжалланган эди.
Ер ости йўллари ҳақида кенг маълумотга эга маҳаллий мутахассис Би-би-сига бутун лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 6 миллиард долларни ташкил этишини айтди.
Аниқ рақамларни келтириш қийин, аммо тарқоқ тармоқ узунлиги атиги 42 километр ва энг кенг жойида 11 километр бўлган қуруқлик ҳудудда 400 километргача чўзилган деб тахмин қилинади.
Ер ости йўллари: сир тутилган лойиҳа
Ер ости йўллари ҳақида ошкора муҳокама қилган, уларнинг жойлашуви ёки нархи ҳақида гапирган ғазоликлар жосусликда айбланиши, қамоққа олиниши ва ундан ҳам ёмонроқ оқибатларга дучор бўлиши мумкин эди. Аммо кўпчилик нима бўлаётганини биларди.
Маҳаллий аҳоли огоҳлантирувчи белгиларни кўрарди: қум ва тупроқ олиб ташланаётгани, кутилмаганда янги кириш йўллари пайдо бўлаётгани ва тунда ускуналар олиб келинаётгани.
Ғазонинг қамал қилинишига жавоб сифатида бошланган жараён ўттиз йил давомида кўп қатламли ер ости саноат ва ҳарбий мажмуасига айланди.
Кейинчалик маълум бўлишича, унинг катта қисми Ғазонинг фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, шифохоналар, мактаблар – Ҳамас маълумотлар маркази жойлашган ер ости йўли ҳолатида эса – БМТ Ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) офиси остида яширинган экан.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
2023 йил 7 октябрда Ҳамас жангарилари Исроилга бостириб кириб, 1200 га яқин одамни ўлдирган ва 251 кишини гаровга олганидан сўнг, бу ер ости йўллари улкан ер ости қамоқхонасига айланди. Гаровга олинганларнинг ҳаммаси ҳам ер ости йўлларига яширилмаган, лекин кўпчилиги, айниқса, уруш давом этаётган пайтда шундай қилинган.
Олиб кетилганларнинг энг кўзга кўринганларидан бирига айланган Эли Шараби биринчи марта 491 кунлик асирликнинг 52-кунидан сўнг хавфсиз уйдан ер ости йўлига кўчирилган.
"Оёқ ва қўлларимизни арқон билан боғлашди, – деди у шу ой бошида Би-би-си билан суҳбатда. – Оғриқдан вақти-вақти билан ҳушимни йўқотардим. Бир сафар қовурғамни синдиришди."
У озодликка чиққунга қадар, феврал ойида 30 килограммдан ортиқ озган эди.

Сурат манбаси, EPA
Ҳамас гаровга олинганлардан ўт очишни тўхтатиш ёки Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш учун савдолашиш воситаси сифатида фойдаланди. Уларнинг тақдири бўйича музокаралар давом этар экан, Ҳамас Исроил жамоатчилигини шафқатсиз видеолар серияси билан таъминлаб турди, кўпинча гаровга олинганларни ўта оғир вазиятларда кўрсатди.
Охир-оқибат, доктор Юсуфнинг айтишича, ички ва ташқи босим ҲАМАСни бу стратегиядан воз кечишга мажбур қилди.
"Қатар, Миср ва Туркия, шунингдек, кўчирилганлар лагерларидаги одамлар Ҳамас раҳбарларига "етар" деган кучли сигнал берди."

Сурат манбаси, Getty Images
Шу билан бирга, Исроил ер ости йўллари тармоғидан имкон қадар кўпроқ қисмини йўқ қилмоқда, бу жараёнда кўпинча тепада жойлашган фуқаролик мажмуаларини вайрон қилмоқда.
Иш эса ҳали тугалланмаган.
"Мудофаа идораси нашрларига кўра, ҳисоб-китоблар ер ости йўлларининг 25 фоиздан 40 фоизигача қисмига зарар етказилганини кўрсатади," дейди исроиллик фуқаролик муҳандиси ва Ҳайфанинг Технион университетида ер ости уруши тадқиқотчиси Еҳуда Кфир.
"Шубҳасиз, [Ҳамас] инфратузилмани, жумладан, Исроил мудофаа кучлари зарарлаган ер ости йўлларини тиклашга интилмоқда."
Пароканда етакчилар
Туннелларни тиклаш бир масала, ташкилотни қайта тузиш эса бошқа. Сўнгги икки йилдаги воқеалардан кейин ҲАМАС раҳбарияти пароканда бўлиб кетди.
Исроил Ғазо, Эрон, Ливан ва Қатарда гуруҳнинг асосий сиёсий ва ҳарбий арбобларини йўқ қилиш учун жуда катта куч сарфлади.
ҲАМАС ўзининг энг таниқли, халқаро миқёсда эътироф этилган, ўз ғояларини тарғиб қилиш учун дунё кезадиган раҳбарларидан тортиб, Ғазодаги батальон қўмондонларигача, деярли барча муҳим аъзоларини йўқотди.
Исроил 2024 йил июлда Теҳронда ҲАМАСнинг қудратли етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирди.
Уч ойдан сўнг, Ҳаниянинг вориси, қўлга тушириш қийин бўлган Яҳё Синвар Рафаҳдаги уй харобалари остида ҳалок бўлди.

Сурат манбаси, Reuters
Ушбу етакчи шахсларни ва қуролли қанотининг минглаб аъзоларини йўқотганига қарамай, гуруҳ радикаллашган ёш жангчиларнинг янги авлодини ёллаб, кичик ҳужайраларга бўлиниб, партизан услубида операцияларни давом эттирди.
Бироқ 2025 йил октябрдаги Ҳамас 7 октябр ҳужумларини уюштирган ташкилотнинг шарпасига айланган. Бугунги раҳбарлар унчалик таниқли эмас ва энг муҳими, сиёсий тажрибаси оз.
55 ёшли Иззиддин ал-Ҳаддод ҳозирда Ҳамаснинг қуролли қаноти – "Иззаддин ал-Қассам бригадалари"га раҳбарлик қилувчи беш аъзолик ҳарбий кенгашга бошчилик қилаяпти.

Сурат манбаси, EPA/ Shutterstock
Ғазодан ташқарида гуруҳ сиёсий раҳбарияти қолдиқлари орасида Холид Машъал (1997 йилда Иорданияда Исроилнинг муваффақиятсиз суиқасд уриниши қурбони бўлишига оз қолган), Халил ал-Ҳайя ва Муҳаммад Дарвиш бор.
Уларнинг барчаси 9 сентябр куни Исроил учоқлари Қатар пойтахти Доҳадаги бинога ҳужум қилганида, АҚШнинг сўнгги тинчлик таклифларини муҳокама қилиш учун учрашувда бир ўлимдан қолгани тахмин қилинмоқда.
ҲАМАС "урушдан чарчаган"
Ғазода зўравонлик давом этаётганига қарамай, Ҳамаснинг собиқ маслаҳатчиси Аҳмад Юсуфнинг айтишича, гуруҳ урушдан чарчаган.
7 октябрни тўғридан-тўғри тилга олмасдан, у уруш сабабини "даҳшатли хато" деб атайди ва "бошқача ёндашув" кераклигини таъкидлайди.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
"Мен уларнинг кўпчилиги билан гаплашяпман ва улар Ғазони бошқаришдан энди манфаатдор эмасликларини айтишмоқда," дейди у.
"Аммо Ҳамаснинг 100 мингдан ортиқ аъзоси бор ва бу одамлар йўқолиб кетмайди."
Унинг таъкидлашича, Ҳамас келажакда сиёсий рол ўйнашда давом этиш учун ўз қиёфасини ўзгартирмоқчи. Бу жараённи у ANC'нинг апартеиддан кейинги Жанубий Африкада партизан урушидан сиёсий бошқарувга ўтишига ўхшатади.
"Агар эртага сайловлар бўлса, – дейди у, – ишончим комилки, Ҳамас бошқа номлар остида пайдо бўлади, бу эса унинг тинчроқ ва сиёсий ҳаётнинг бир қисми бўлишга тайёрроқ эканлигини кўрсатади.
Зўравонлик ҳеч қандай сиёсий партиянинг қисми бўлмайди."
Доктор Милштейн бунга шубҳа билдиради.
"Ғазода янги маҳаллий бошқарув бўлган тақдирда ҳам, албатта, парда ортида Ҳамас ҳукмрон ўйинчи бўлади," дейди у.
Қуролсизланиш эҳтимоли янада камроқ: у келгуси беш йилда Ғазода яна бир уруш бўлишини башорат қилади.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Аммо Шин Бетнинг собиқ раҳбари Ами Аялон Исроил душман билан курашишнинг бошқа йўлини топиши керак, деб ҳисоблайди.
"Агар мафкурани енгмасак, улар гуллаб-яшнайди," дейди у.
"Мафкурани мағлуб этишнинг ягона йўли Фаластин ва Исроил халқига янги истиқболни яратиш ва тақдим этиш. Икки давлат истиқболи."
Ҳозирча бундай бўладиган кўринмаяпти, бу эса, эҳтимол, доктор Милштейннинг башоратини Ами Аялоннинг умумий келажак ҳақидаги тасаввуридан кўра реалликка яқинроқдек кўрсатади.
Аммо Ҳамас ҳар қанча заифлашган бўлмасин, батамом йўқ қилинмаган. Исроил бу муаммо билан яна анча вақт шуғулланишига тўғри келади.
Қўшимча ахборот: BBC Monitoring
Илк фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images га тегишли












