Исроилнинг Ғазодаги уруши ва мутаносиблик

- Author, Рос Аткинс
- Role, Таҳлилий муҳаррир
- Ўқилиш вақти: 14 дақ
Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиёти ўн минглаб одамнинг ҳаётига зомин бўлди, минглаб бинони вайрон қилди ва озиқ-овқат таъминотини жиддий чеклаб қўйди.
Амалиёт 2023 йил 7 октябрида, Ҳамас Исроилдаги қишлоқлар, ҳарбий постлар ва мусиқа фестивалига ҳужум қилиб, тақрибан 1200 кишини ўлдирганидан ва 251 кишини асирга олганидан кейин бошланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг инсон ҳуқуқлари органи кейинчалик Ҳамас уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган деган хулосага келди.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ўшанда "Ҳар бир давлат каби Исроил ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун дахлсиз ҳуқуққа эга", деди. У ўз мамлакатининг Ғазодаги ҳарбий амалиёти Ҳамасни йўқ қилиш ва барча асирларни қайтаришни кўзлаган "адолатли уруш" эканлигини иддао қилади.
2024 йил январда у "Исроилнинг халқаро ҳуқуққа содиқлиги қатъий" деб айтганди. Бу содиқлик борган сари шубҳа остига олинмоқда.
Етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва баъзи мамлакатлар Исроилни этник тозалашда ва геноцидда айблайди. Нетаняҳу буни рад этади ва бундай айбловларни кескин танқид қилади.
Халқаро ҳуқуқнинг урушларга нисбатан қўлланилишининг муҳим жиҳати мутаносиблик тамойилидир.
Халқаро Қизил хоч қўмитасига кўра, бу "қўлланилаётган уруш воситалари ва усулларининг таъсири кўзланган ҳарбий устунликка нисбатан номутаносиб бўлмаслиги керак", деган маънони билдиради.
BBC Verify халқаро ҳуқуқ бўйича бир қатор экспертлар билан суҳбатлашиб, улар Исроилнинг ҳаракатларини мутаносиб деб ҳисоблайдими-йўқми, деган саволни берди.
Уларнинг аксари, турли даражадаги ишонч билан, бизга Исроил ҳаракатлари мутаносиб эмаслигини айтди. Бу хулосага келишда баъзилари Исроилнинг бутун уруш давомидаги тутумларига ишора қилса, баъзилари сўнгги ойлардаги воқеаларга эътибор қаратди.
"Мен Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини қандай қилиб мутаносиб деб баҳолаш мумкинлигини тушунишга қийналаман", – дейди Оксфорд университети Блаватник давлат бошқаруви мактабидан профессор Жанина Дилл.
Лондондаги Қироллик коллежидан доктор Мария Вараки бизга "Ғазода куч ишлатилишининг мутлақо номутаносиблиги инкор этиб бўлмайдиган, ҳатто баҳсга ўрин қолдирмайдиган ҳолатдир", деди.
Қуддус Иброний университети профессори Ювал Шаний шундай дейди: "Ҳарбий кампанияга энди мутаносиб деб қараш мумкин эмас".
Тел-Авив университети профессори, Исроил мудофаа кучларининг илк ахлоқ кодекси бош муаллифи Аса Кашер бизга ўлдирилган ноҳарбийлар сони "мақбул мутаносиблик баҳолашларининг натижаси сифатида қабул қилиб бўлмайдиган даражада жуда юқори" кўринишини айтди.
Мутаносиблик қандай баҳоланади?
Халқаро ҳуқуқ дунёдаги аксарият мамлакатлар имзолаган бир қатор келишувлардан иборат. Келишувларда давлатлар нима қила олиши ва нима қила олмаслиги батафсил баён этилган. Улар БМТ Низоми ва Женева конвенцияларини ўз ичига олади, Исроил иккала ҳужжатга ҳам қўшилган ва иккаласи ҳам мутаносиблик билан боғлиқ.
Халқаро ҳуқуқ маълум бир жойда тўпланмаган ва марказий орган томонидан бошқарилмайди. Кўриб турганимиздек, унинг маъноси ва қўлланилиши катта баҳс-мунозараларга очиқ.
Мутаносибликка келсак, халқаро ҳуқуқ уни иккита алоҳида усулда кўриб чиқади.
Биринчидан, давлат ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлганда, умумий ҳарбий жавоб қарши чиқилаётган таҳдидга мутаносиб бўлиши зарур. Бундан ташқари, ҳарбий амалиёт давомида у қачондир зарур ва мутаносиб бўлишдан тўхтаса, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи энди амал қилмайди.
Масалан, баъзиларнинг таъкидлашича, Исроилнинг Ҳамасни кучсизлаштиришдаги муваффақияти шундай бўлдики, ҳарбий амалиёт энди Ҳамас айни пайтда келтириб чиқарадиган таҳдидга мутаносиб эмас. Бунинг баҳсли эканлигини таъкидлашим керак.
Халқаро ҳуқуқ мутаносибликни белгилайдиган иккинчи усул можаро доирасидаги ҳар бир алоҳида ҳарбий ҳаракат, масалан, ҳаво ҳужуми билан боғлиқ.
Тинч аҳолига ёки ноҳарбий биноларга кутилаётган зарар ўша муайян ҳаракатдан олиниши кутилаётган ҳарбий устунликка мутаносиб бўлиши лозим.
Бу ўринда ният муҳим аҳамиятга эга. Қандай ноҳарбий зарар кутилмоқда? Ва кутилаётган ҳарбий устунлик бунгa мутаносибми?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Шуни таъкидлаш керакки, тинч аҳолига қасддан зарар етказиш ҳар доим халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади. Агар бу амалга ошса, мутаносиблик эътиборга олинмайди.
Шунингдек, халқаро ҳуқуқ ҳарбий ҳаракат давомида тинч аҳоли ўлдирилиши мумкин бўлган ҳолатларга рухсат берса-да, иложи бўлган ҳамма жойда тинч аҳолига зарарни камайтириш мажбурияти ҳар доим мавжуд.
Қонуннинг ҳар икка соҳаси ҳам аниқ: провокация ёки таҳдид қандай бўлишидан қатъи назар, нима қилиш мумкинлиги бўйича қоидалар ва чекловлар мавжуд – умумий жавобда ҳам, алоҳида ҳаракатларда ҳам. Улар мутаносиб бўлиши зарур.
Келинг, Исроилнинг умумий амалиётининг таъсиридан бошлайлик.

Сурат манбаси, .
Тинч фуқаролар қурбонлари
Исроил кампанияси давомида 64,500 дан ортиқ киши ўлдирилди, Ғазонинг Ҳамас бошқарадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг деярли ярми аёллар ва болалардир. Вазирлик рақамларида жангчилар ва тинч аҳоли ажратиб кўрсатилмайди.
Вазирлик рақамларининг аниқлигига – ҳам умумий сонга, ҳам демографик камайишга Исроил эътироз билдирди, лекин улар БМТ ва бошқалар томонидан қурбонлар бўйича мавжуд энг ишончли статистика манбаи сифатида келтирилади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш яқинда “Ғазодаги ўлим ва ҳалокат даражасининг сўнгги пайтларда ўхшаши йўқ”, деб айтди.
Йил бошида Исроил ҳарбийлари тахминан 20 000 Ҳамас жангариси ўлдирганини айтди, бироқ далил тақдим этилмади ва Ғазога чет эл оммавий ахборот воситалари, жумладан, BBC News нинг эркин киришига рухсат этилмайди. Исроил мудофаа кучлари (ИМК) қурбон бўлган тинч аҳоли бўйича ҳеч қандай рақам бермади.
ИМК бизга "амалиёт ҳаракатлари давомида тинч фуқароларга зарарни камайтиришга интилишини" ҳамда "ҳужумларида тинч аҳолига эҳтимолий зарарни баҳолаш ва ҳисобга олиш учун катта саъй-ҳаракатлар" қилишини айтди.
Исроил шунингдек Буюк Британия, Исроил ва бошқалар террорчи ташкилот деб тақиқлаган Ҳамасни тинч аҳоли ҳудудларида фаолият юритиш орқали қурбонларга сабаб бўлишда айблайди.
Исроил ноҳарбий бинолар, жумладан, касалхоналар остидан ўтган Ҳамас туннеллари ҳақидалигини иддао этган кўплаб видеоларни эълон қилди. Исроилнинг айтишича, Ҳамас бу ер ости тармоқларидан ҳужумларни режалаштириш ва ташкиллаштириш учун фойдаланади. Озод қилинган асирларнинг баъзилари ҳам туннелларда ушлаб турилганини айтган.

Сурат манбаси, Reuters
Роналд Рейган президентлиги даврида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши юридик маслаҳатчиси бўлган, Миллий мудофаа университетининг нуфузли тадқиқотчиси, профессор Николас Ростоу "Ҳамас касалхоналар, мактабларни... ҳарбий амалиётлар базаси сифатида ишлатиб, тинч аҳолини хавф остига қўйди. Уларнинг нияти шу эди", деб таъкидлайди.
Шу боис профессор Ростоу "Исроил номутаносиб ҳаракат қилган дейишга тайёр эмасман", дейди. У Исроил мудофаа кучлари қандай ҳаракатланишини билишини ва "уруш қонунларини ҳурмат қилиш учун қўлидан келганча уринишини" айтади.
Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, Исроил барибир ўн минглаб одамни ўлдирди.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
"Халқаро ҳуқуқ бўйича Фаластин йилномаси" бош муҳаррири ҳамда Лондон университети Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби қошидаги Фаластин тадқиқотлари маркази раҳбари, доктор Нимер Султанининг фикри қатъий. "2023 йил октябридан бери Исроил кампанияси мутаносиб эмас, чунки у Ғазода тинч аҳолига мисли кўрилмаган зарар етказди", деди у бизга.
Лондон Иқтисодиёт мактаби профессори Герри Симпсон қурбонлар сони ва Ғазо учун бошқа оқибатларга ишора қилиб бизга шундай деди: "Кампания уруш қонунлари асосини ташкил этувчи мутаносиблик ва фарқлашнинг умумий тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилганини жиддий даъво қилиш қийин".
Озиқ-овқатга эришиш
Аҳолининг яшаш шароитига таъсир – Исроилнинг умумий жавобининг мутаносиблигини баҳолашда яна бир омил.
Исроилнинг Ғазога товарлар киришини чеклаши янгилик эмас. Бу 7 октябрдан олдин ҳам рўй бераётган эди ва ҳужумдан кейин кучайди.
Кейин, шу йилнинг март ойи бошида Исроил Ғазога ёрдам етказишни тўлиқ блокада қилишни бошлади. Буни ҲАМАСнинг ёрдамларни ўғирлашини ва улардан "ўзининг террор машинасини молиялаштириш"да фойдаланишини тўхтатиш учун қилаётганини айтди. Ҳамас буни рад этади.
БМТнинг юқори мартабали раҳбарлари Исроилни озиқ-овқатдан "уруш қуроли" сифатида фойдаланишда айблади, бу эса халқаро ҳуқуқ бўйича жиноятдир. Бундай ҳаракатлар мутаносиб бўлиши мумкин эмас.
"Сиз очликдан душман жангчилари нисбатан ҳам, тинч аҳолига нисбатан ҳам ҳеч қачон фойдалана олмайсиз, – дейди Индианадаги Нотр-Дам университети профессори Мэри Эллен О'Коннелл. – Тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдами киритилишига рухсат беришингиз керак. Бу халқаро ҳуқуқнинг оддий тамойили. Сиз очликдан фойдалана олмайсиз. Ҳеч қачон ишлатилмаслиги керак бўлган айрим қуроллар бор". Бенямин Нетаняҳу Исроилнинг бундай қурол ишлатишини инкор этади.
БМТ шунингдек Исроилни "тинч аҳолига қасддан ва уялмасдан ғайриинсоний шароитларни келтириб чиқаришда" айблади. Исроил буни ҳам инкор этади.
БМТ қўллаб-қувватлайдиган глобал очлик мониторингига кўра, Ғазодаги чорак фаластинликлар очликдан азият чекмоқда.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Май ойида Исроил ёрдамга блокадани қисман бекор қилди ҳамда озиқ-овқат тарқатишнинг Ғазо Инсонпарварлик жамғармаси (ҒИЖ) деб аталадиган, АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ бошқарадиган янги тизимини жорий қилди.
200 дан ортиқ хайрия ташкилотлари ва бошқа НТТлар Исроил кучлари ва қуролли гуруҳлар ёрдам излаётганларга "мунтазам" ўқ узишини айтиб, ҒИЖни ёпишга чақирди.
БМТ маълумотига кўра, сўнгги ойларда ёрдам пунктлари ва автокарвонлар атрофида 2000 дан ортиқ киши ўлдирилган. БМТ август ойида бу ўлимларнинг аксарини Исроил армияси содир этганини айтди. Исроил буни инкор этади.
Исроилнинг айтишича, ҒИЖ Ҳамас аралашувини четлаб ўтган ҳолда эҳтиёжмандларга бевосита ёрдам кўрсатади.
Лекин муҳтожларнинг кўпчилиги ёрдам олмаяпти.
Глобал очлик мониторинги (ГОМ)нинг БМТ қўлловида тайёрланган сўнгги баҳолашига баҳолашига кўра, Ғазода фаластинликларнинг чорак қисми очликдан азият чекмоқда.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги бу баҳолашни "Ҳамаснинг сохта кампаниясига мос қилиб тайёрланган махсус ҳисобот" деб атади.
Ёрдам агентликлари, БМТнинг юқори мартабали раҳбарлари, Буюк Британия ҳукумати ва бошқалар Ғазодаги танқислик ва очлик Исроил ҳаракатларининг натижаси эканлигини айтади.
Исроил ёрдам тизимининг ўзгартирилишини Ҳамасни мағлуб этиш учун зарур ҳаракат сифатида асослайди. Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам – бу жуда баҳсли – Исроилнинг мавжуд ишғолчи куч сифатида халқаро ҳуқуқ доирасида Ғазодаги тинч аҳоли олдида мажбуриятлари бор, жумладан озиқ-овқатга етарли эришишни таъминлаши зарур.
Нетаняҳу ҳар қандай озиқ-овқат тақчиллигига ёрдам агентликлари ва Ҳамас айбдорлигини айтади. Шунингдек, ортиб бораётган далилларга қарамай, у очлик борлигини бир неча бор инкор этди.
Вайронагарчиликлар
Умумий амалиёт туфайли тинч аҳолига етказилган зарар биноларга шикаст етиши ёки уларнинг вайрон бўлишини ҳам ўз ичига олади.
Май ойида Исроилнинг ўта ўнгчи молия вазири Бецалел Смотрич "Ғазо тўлиқ вайрон бўлади", деб айтди. Бу тобора яқинлашмоқда.
БМТнинг сўнгги ҳисоб-китобига кўра, Ғазо секторида 42 фоизигача бино вайрон бўлган ва 37 фоизи зарар кўрган.
Сидней университети ҳуқуқшунослик факультетида халқаро гуманитар ҳуқуқдан дарс берувчи профессор Эмили Кроуфорд бизга "тинч аҳолининг омон қолиши учун зарур инфратузилма тўлиқ вайрон қилинишнинг номутаносиблиги аниқ", деб айтди.
Таҳдид солаётгани нарса – вайронагарчилик. Август ойида Исроил мудофа вазири Исраэл Кац Ғазо шаҳрига ҳужумни кутаётганди. У ижтимоий тармоқлардаги пости орқали Ҳамасдан асирларни озод этишни ва қуролсизланишни талаб қилди: "Агар улар рози бўлмаса, Ҳамаснинг пойтахти Ғазо Рафаҳ ва Байт Ҳанун бўлиб қолади."
Ҳар икки шаҳарни Исроил вайронага айлантирган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
BBC Verify таҳлили шуни кўрсатадики, Исроил ҳужумлар пайтида биноларни вайрон қилиш ва уларга зарар етказишдан ташқари ўз назорати остидаги ҳудудларда биноларни тизимли равишда вайрон қилган.
ИМК "мулкни вайрон қилиш фақатгина мажбурий ҳарбий зарурият талаб қилганда амалга оширилади" деб айтди.
Исроил учун ўз амалиётининг умумий "ҳарбий зарурияти" Ҳамасни жиддий заифлаштириш эмас, балки уни тўлиқ мағлуб этишдир.
Буюк Британия Олий судининг собиқ судяси, лорд Самптион яқинда ёзган мақоласида: мақоласида шундай дейди: "Ҳамасни йўқ қилишга ҳойнаҳой ҳар қандай зўравонлик билан эришиб бўлмайди, лекин инсон ҳаётига ўта номутаносиб таъсирсиз буни албатта амалга ошириб бўлмайди."
Лорд Самптион бизга Исроил "Ҳамасни енгиш учун керак бўлса, етказилиши мумкин бўлган вайронагарчилик ва қурбонлар бўйича ҳеч қандай чегара йўқ" деган хулосага келганини айтди. "Бу мутлақо нотўғри", дейди у.

Бошқа экспертлар ҳам Исроилнинг ўзининг ҳуқуқий баҳолашлари ҳукуматга қандай ҳаракат қилиши мумкинлиги борасида катта эркинлик беришини айтади.
Доктор Нимер Султани Исроил "қуролли можаро қонунлари, хусусан, мутаносиблик масаласинининг ҳам соғлом фикрга, ҳам халқаро ҳуқуқнинг нуфузли нормаларига тўғри келмайдиган ёввойи ва ўта бебош талқинларини қайта-қайта илгари сурди", деб ҳисоблайди.
Исроил халқаро ҳуқуққа риоя қилишини ва уни тўғри қўллашини таъкидлайди.
BBC Verify Исроил ҳукуматидан 7 октябр воқеаларига умумий ҳарбий жавобнинг мутаносиб бўлганлигини қўллаб-қувватлайдиган юридик маслаҳат ёки унинг хулосасини сўради.
Биз жавоб олмадик.
Алоҳида ҳужумларни баҳолаш
Илгари айтиб ўтилганидек, халқаро ҳуқуқда мутаносиблик кўриб чиқиладиган иккинчи усул можародаги алоҳида ҳаракатларга тааллуқли.
Муайян ҳаракатдан тинч аҳоли ва ноҳарбий биноларга етиши кутилган зарар кутилган ҳарбий ютуққа мутаносибми?
Бу можарода Исроилнинг Ҳамас аъзоларини нишонга олиши ва бунинг натижасида тинч аҳолининг қурбон бўлиши алоҳида диққат марказида турди.
Масалан, шу йилнинг 27 июнида июнида Ғазо шаҳридаги “Фаластин” стадиони яқинига зарба берилди. Исроилнинг айтишича, зарбанинг нишони "Ғазо секторининг шимолида фаолият юритаётган ИМК аскарларига таҳдид солган шубҳали шахс" бўлган.

Сурат манбаси, Reuters
ИМК BBC Verify га шундай деди: "ИМК Ҳамас террорчисига зарба берди. Зарбадан олдин тинч аҳолига зарар етиши хавфини иложи борича камайтириш чоралари кўрилди".
Тиббиёт ходимлари ва гувоҳларнинг айтишича, бу зарба туфайли камида 11 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлган.
ИМК Би-би-сига уларда "қуролли можаро қонунларини қўллаш"ни таъминлаш учун кенг қамровли процедуралари борлигини билдирди. Айтилишича, юқори ҳарбий қўмондонларга "ҳар бир зарба бўйича ўтказиладиган ҳамда кутилаётган ҳарбий устунлик ва тинч аҳолига эҳтимолий зарарни ҳисобга олувчи таҳлилни осонлаштирадиган" "нишон карточкалари" берилади.
БМТ собиқ прокурори ва адвокат, сэр Жеффри Найс KC Исроилнинг нишонли зарбалари мутаносиблиги ҳақидаги ҳисоб-китоблари борасида шундай дейди: “Ўлдирилган бегуноҳ фаластинликлар сонини биргина Ҳамас аъзосини, у қанчалик юқори мартабали бўлмасин, излаш билан оқлаш жуда қийин кўринади”..
"Исроил учун Буюк Британия юристлари" ташкилоти "Қуролли можаро бўйича халқаро ҳуқуқ ва Ғазо ҳақида савол-жавоблар"ни нашр этди. Унда алоҳида ҳарбий зарбалар ва мутаносиблик ҳақида "ўша пайтда ИМК қўмондонларига маълум бўлган маълумотларсиз буни баҳолаш мумкин эмас" дейилади.
Исроил алоҳида зарбалар бўйича ўз қарорларининг тафсилотларини ошкор қилмайди, шунинг учун бундай баҳолашнинг амалга ошиши қийин. Бироқ алоҳида зарбаларнинг кўриниши Исроил ҳисоб-китобларини тушунишимизга ёрдам бериши мумкин.
"Энди [Исроил] улар мутаносиб бўлганини исботлаши керак", дейди сэр Жеффри.
Ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи
Исроил кампанияси асосида унинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳақидаги даъвоси ётади. Бу БМТ низомининг 51-моддасида "қуролли ҳужум содир бўлса, ўзини алоҳида ёки биргаликда мудофаа қилишнинг ажралмас ҳуқуқи" сифатида белгилаб қўйилган.
Илгари айтиб ўтганимиздек, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқ мутаносибликни белгилайдиган биринчи усул билан боғлиқ.
Савол: ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи қўлланганда, умумий ҳарбий жавоб қарши чиқилаётган таҳдидга мутаносибми?
7 октябрдан кейиноқ кўплаб мамлакатлар, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи борлигини очиқ-ойдин билдирди.
"Исроил учун Буюк Британия юристлари" ўзининг "Урушда мутаносиблик бўйича қисқа қайд"ида "Исроил ўзини ҳимоя қилиш доирасида ўша ташкилот [Ҳамас]ни ўз қаттол мақсадини такрорламаслиги учун йўқ қилиш мақсадида ўша ҳудуд [Ғазо]га кириш ҳуқуқига эга" деб айтади.
Лондондаги Қиролича Мэри университети профессори Неве Гордон "Исроилнинг ишғоли" китоби муаллифидир. У яқинда Исроилнинг Ғазодаги уруш жиноятларида Буюк Британиянинг ролини текшириш деб тавсифлаган икки кунлик тадбирда иштирок этди.
Ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳақида у шундай дейди: "Менимча, ҳар қандай соғлом фикрли инсонга кўриниб турибдики, Ҳамас 7 октябрда қақшатқич ҳужумни амалга ошириб, юзлаб тинч аҳолини қирди ва менимча, аксар давлатлар бундай ҳужумга жавоб қайтарар эди."
Лекин у бунинг қонуний жиҳатдан мураккаблигини қўшимча қилади.
Дарҳақиқат, биз гаплашган бир қатор экспертлар бу ҳолатда Исроилнинг БМТ низоми билан белгиланган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи баҳсли эканлигини таъкидлади.

Сурат манбаси, EPA
Франческа Албанезе – босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги (Ғазо ва Ғарбий соҳил) инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ махсус маърузачиси. У Исроил ҳаракатларининг кескин танқидчиси ва 7 октябрдан кейинги “Исроил зулмлари” ҳақида изоҳлари туфайли Исроилга кириши тақиқланган.
Албанезе бизга Исроил "халқаро ҳуқуқдаги фарқлаш тамойиллари, ҳарбий зарурат тамойили, эҳтиёткорлик ва мутаносиблик тамойилларининг мавжуд қўлланилишини тўлиқ остин-устун қилиб юборди", деб айтди.
Ўзини ҳимоя қилиш масаласида у БМТ Халқаро судининг 2004 йилдаги тавсиявий хулосасини келтирди, унга кўра Исроил ўзи босиб олган ҳудуддаги аҳолига нисбатан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллай олмайди.
Исроил бу далилни рад этади. У 2005 йилда ўз қўшинлари ва келгиндиларини олиб чиққани боис 7 октябрдан олдин Ғазони ишғол этиб турмаганини иддао қилади.
Бироқ БМТ барибир Ғазони ишғол қилинган ҳудуд деб ҳисоблайди, чунки Исроил Ғазонинг осмони, соҳили ва қуруқликдаги чегарасининг катта қисми устидан назоратни сақлаб қолган. БМТ Халқаро судининг ўтган йилги тавсиявий хулосасида Исроилнинг Ғазони ишғол қилиши 2005 йилда тугамаганини ва Исроилнинг Фаластин ҳудудини эгаллаб олиши ноқонуний эканлиги қайд этилди.
Лондон университет коллежи профессори Ралф Уайлдга кўра, 7 октябрдан олдинги Ғазонинг мақоми ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи амал қилиши ёки қилмаслигига боғлиқ. У ўтган йили БМТ Халқаро судида Исроил ва Фаластин ҳудудлари бўйича ишларда Араб лигаси давлатларига вакиллик қилди.
Профессор Уайлд бизга шундай деди: "Исроилнинг 7 октябрдан кейинги куч ишлатиши янги куч ишлатиш эмасди. Бу илгари мавжуд бўлган куч ишлатишнинг давоми бўлиб, уни энг юқори даражага етказди. Шундай экан, бу ноқонуний куч ишлатишнинг давоми эди".
Исроил бундай далилни рад этади.
Баъзилар ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи 7 октябрга тааллуқли эмас деб ҳисоблашининг иккинчи сабаби бор. Франческа Албанезе бу ҳуқуқ фақатгина бошқа давлатдан келганда амал қилади деб таъкидлайди.
Биз суҳбатлашган айрим халқаро ҳуқуқ экспертлари бу фикрга қўшилмайди.
Лорд Самптион бизга бундай позиция ҳақида "деярли баҳс қилиб бўлмайди", деди.
Сидней университети ҳуқуқшунослик факультети профессори Кроуфорд бизга "11 сентябр ҳужумларидан кейин кўплаб давлатлар халқаро ҳуқуқ бўйича ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи нодавлат субъектларнинг давлатга қарши куч ишлатишига нисбатан қўлланишини қабул қилишга тайёр" бўлганини билдирди. Бошқача айтганда, бу Ҳамасга ва 7 октябрга тегишли.
Бу мунозара Исроилнинг умумий жавоби мутаносиб ўзини ҳимоя қилиш акти деб ҳисобланиши мумкинми деган саволга тааллуқли.
Бироқ Лондон иқтисодиёт мактаби оммавий халқаро ҳуқуқ профессори Герри Симпсон шундай қўшимча қилади: "Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлса ҳам, уни амалга ошириши номутаносиб бўлди."
Тел-Авив университети профессори Кашернинг айтишича, Ҳамас Исроил ва унинг аҳолиси учун таҳдид туғдирар экан, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи амалда бўлишда давом этади. "Мақсад мудофаа бўлса, ўзини ҳимоя қилиш яхшигина асосланган бўлади", дейди у.
Лекин мақсаднинг мудофаа эканлиги ёки эмаслиги баҳсли.
Исроилнинг мақсадлари
Исроил молия вазири Бецалел Смотрич май ойида ўз мамлакатининг мақсади "Ғазо секторида қолган ҳамма нарсасини йўқ қилиш" эканлигини айтди. У шунингдек "Ғазони забт этиш, тозалаш ва Ҳамас йўқ қилинмагунча у ерда қолиш" ҳақида гапирди.
Исроил ОАВ хабарига кўра, Исроил мудофаа вазири июль ойида Ғазодаги барча фаластинликларни шу ҳудуднинг жанубидаги лагерга кўчиришни таклиф қилган. БМТ аввалроқ ишғол қиланган ҳудуддан тинч аҳолини мажбуран кўчириш "этник тозалашга тенг" эканлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
“Гуманитар шаҳар” ташкил этиш таклифи Исроил вазирлар маҳкамасида кўриб чиқилди, аммо олдинга силжиш бўйича ҳеч қандай режалар эълон қилинмади.
Исроилнинг баёнотлари, таклифлари ва ҳаракатлари баъзиларда унинг мақсадлари ва ҳаракатлари ўзини ҳимоя қилиш доирасидан ташқарига чиқадими деган саволни туғдирмоқда.
"Бу – мақсади мағлубиятга учратиш бўлган уруш эмас, – дейди Қиролича Мэри университети профессори Неве Гордон. – Бу – мақсади вайронгарчилик бўлган уруш".
Лондон иқтисодёт мактабидан профессор Герри Симпсоннинг бизга айтишича, "Исроилнинг жавоби "ўзини қонуний ҳимоя қилиш"дан кўра қасос олишга ёки Фаластиннинг ўзлигини узоқ муддатли йўқ қилишнинг давомига ўхшайди".

Сурат манбаси, Reuters
Профессор Янина Дилл эса бизга шундай деди: "Агар биз Исроил хавфсизлик кучлари ва Исроил сиёсатчиларини тингласак, [Ҳамасни таъсирсизлантириш] Исроилнинг Ғазода эндиликдаги ёки асосий мақсади эмаслигини тушунишимиз керак".
Исроил бу тахлит ҳар қандай фикрни рад этади.
Исроил мудофаа кучлари BBC Verify га шундай деди: "Ғазо секторидаги террорчи ташкилотлар тизимли равишда халқаро ҳуқуқни бузади ва атайлаб тинч аҳоли орасида ҳарбий амалиётлар ўтказади. ИМК қачон ва қаерда зарур бўлса, Ғазо секторидаги террорчи ташкилотларга қарши амалиётларни давом эттиради."
Жавоб берилиши керак бўлган иш?
2024 йил охирида Халқаро жиноят суди судялари Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер бериб, унинг Ғазодаги уруш пайтидаги уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун "жиноий жавобгарлик"ка тортилишига асосли сабаблар борлигини айтди.
Шунингдек, Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва Ҳамаснинг ўша пайтдаги ҳарбий раҳбари, Исроил ўлдирилганини айтган Муҳаммад Дайфнинг ҳибсга олиниши учун ҳам ордер берилган.
Нетаняҳу қарорни антисемит деб атади ва АҚШ кейинроқ Халқаро жиноят судининг тўрт нафар судясига санкция қўллаб, судни сиёсийлашганликда айблади. Сўнг суд расмийлари ва БМТ маърузачиси Франческа Албанезега ҳам санкция қўлланди..
Жанубий Африка Республикаси 2023 йилда Исроилни гецоидда айблаб Халқаро жиноят судида иш қўзғатди. Исроил бу айбловни асоссиз деб инкор этди. Иш ҳамон давом этмоқда.
Халқаро суд кўпинча ишларни ҳафталаб ва ойлаб эмас, йиллаб ва ўн йиллаб кўриб чиқади. Низо давомида ёки ундан кейин суднинг нима қила олишига чекловлар мавжуд. АҚШнинг Нетаняҳуни ҳибсга олиш бўйича ордерга душманлиги Исроилнинг дунёнинг суперкучи томонидан сезиларли қўллаб-қувватлашга эгалигини кўрсатади.
Бироқ халқаро ҳуқуқни қўллайдиган институтлар вақти-вақти билан якуний хулосалар бериши мумкин ва беради ҳам. Бу қарорлар қонунларнинг ўзи каби муҳим. Қанчалик номукаммал бўлса-да, улар аксар мамлакатлар томонидан маъқуллаган ҳамда нима қила олишлари ва нима қила олмасликларини белгилаб берадиган қоидалардир. Шундай экан, улар ҳали ҳам катта аҳамиятга эга.
Биз суҳбатлашган экспертларнинг кўпчилиги Исроил ҳаракатларининг барча ёки баъзи жиҳатлари, хусусан, умумий амалиёти мутаносиб бўлмаганига ишонади. Улар турли сабабларга кўра ва турли даражадаги аниқлик билан шундай хулосага келган.
Нотр-Дам университети профессори О'Коннелл бизга шундай деди: "Қоидалар бор ва уларга риоя қилинмаяпти".
Қуддус Иброний университети профессори Ювал Шанийнинг айтишича, Исроилнинг ҳаракатлари дастлаб мутаносиб бўлганига далил бор эди. Лекин "Ҳамас шунчалик заифлашдики, моҳиятини, кўлами, миқёси ва оқибатларини ҳисобга олган ҳолда ҳарбий кампанияни давом эттиришни энди мутаносиб деб ҳисоблаб бўлмайдиган палла келган кўринади".
Лондон иқтисодиёт мактаби профессори Ховелл Би-би-сига шундай деди: "Халқаро ҳуқуқдаги мутаносиблик анча тўмтоқ восита. Бу стандартни кўплаб замонавий можароларда қўллаш қийин бўлиши мумкин. Лекин Ғазода, афсуски, бу кундек равшан. Исроил кампанияси ўта номутаносиб бўлди."
Можаро ҳамон давом этмоқда. Анча кучсизлашган Ҳамас ҳали ҳам жанг қилмоқда, ҳали ҳам асирларни ушлаб турмоқда ва ҳали ҳам Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини рад этмоқда.
Исроил бу можаро давомида халқаро ҳуқуққа риоя қилганини ва ҳаракатлари мутаносиблигини таъкидлайди. Лекин биз суҳбатлашган экспертларнинг деярли бари бунга ишонмайди.
Жемима Херд томонидан қўшимча маълумотлар












