Геноцид нима ва Ғазо урушини ким геноцид демоқда? - Видео

Ғазодаги Зиким чегара пунки яқинидаги ёрдам тарқатиш маркази ёнида тўпланган фаластинликлар. Атрофда бомбардимонлардан вайрон бўлган бинолар қолдиқлари

Сурат манбаси, Khames Alrefi/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТга кўра, Ғазода очарчилик ва кенг тарқалган очлик далиллари ортиб бораяпти
    • Author, Луис Барручо
    • Role, BBC Жаҳон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ғазо уруши дунёда Исроил геноцид содир этмоқдами-йўқми, деган катта баҳс-мунозарани кучайтирди. Халқаро ҳуқуқда энг оғир жиноят сифатида эътироф этилган геноцид масаласи яна марказга чиқди.

Август ойи ўрталарига қадар Исроилнинг ҳарбий амалиёти натижасида Ғазода 61 мингдан ортиқ одам, асосан, оддий аҳоли ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда Ҳамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бу уруш 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумига жавобан бошланган эди. Ўшанда ўлдирилган 1200 кишининг ва асирга олиб кетилган 251 кишининг кўпчилиги тинч аҳоли эди.

Алоқадор мавзулар

Қурбонлар сони кўпайиб кетгани ва вайронагарчилик ўткир танқидларга сабаб бўлди. Туркия ва Бразилия каби давлатлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда БМТнинг айрим мутахассислари Исроилнинг ҳаракатларини геноцид деб баҳолади.

2023 йил декабрида Жанубий Африка Республикаси Исроилга қарши Геноцид тўғрисидаги 1948 йилги Конвенция бузилгани даъвоси билан Халқаро судга (ICJ) мурожаат қилди.

Бир ойдан сўнг суд вақтинчалик қарор чиқариб, фаластинликларнинг «геноциддан ҳимояланиш ҳуқуқи мавжуд бўлиши мумкин»лигини билдирди. Судьялар Жанубий Африка Республикаси келтирган айрим далиллар тасдиқланса, улар конвенция татбиқ қилинадиган соҳага тушиши мумкинлигини айтди.

Ғарб давлатлари – жумладан Буюк Британия ва Германия – Исроил ҳаракатларини геноцид деб аташдан тийилди. Франция президенти Эммануэл Макрон эса бу сўзни сиёсий етакчилар эмас, балки «ўз вақтида тарихчилар айтиши керак», деди.

Исроил геноцид айбловларини «ўта ёлғон» деб рад этади ва ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланмоқдамиз, дея таъкидлайди. Бу позицияни унинг энг йирик ҳамкори АҚШ ҳам қўллаб-қувватлайди.

Геноцид нима ва унга ким баҳо беради?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Геноцид таърифи нима?

Полшалик яҳудий ҳуқуқшунос Рафаэл Лемкиннинг оқ қора сурати

Сурат манбаси, Bettmann Archive/Getty Images

Сурат тагсўзи, Полшалик яҳудий ҳуқуқшунос Рафаэл Лемкин Геноцид Конвенцияси лойиҳасини тайёрлашда ёрдам берган

"Геноцид" атамасини 1943 йилда яҳудий-поляк ҳуқуқшуноси Рафаэл Лемкин илк бор қўллаган. У юнонча genos («ирқ, қабила») ва лотинча cide («ўлдириш») сўзларидан ясалган.

Барча оила аъзолари ҳалок бўлган Холокост қирғинидан кейин, Лемкин геноцидни халқаро ҳуқуқда жиноят сифатида тан олиш учун курашди.

Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида 1948 йил декабрида БМТнинг Геноцид тўғрисидаги Конвенцияси қабул қилинди ва 1951 йил январдан кучга кирди. 2022 йилга келиб, уни 153 давлат ратификация қилган.

Конвенциянинг 2-моддасида геноцид қуйидагилардан ҳар бири сифатида таърифланади (миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни бутунлай ёки қисман йўқ қилиш мақсадида):

  • Гуруҳ аъзоларини ўлдириш
  • Жисмоний ёки руҳий оғир зиён етказиш
  • Гуруҳ йўқ қиладиган турмуш шароитларини қасддан яратиш
  • Гуруҳ ичида туғилишлар олдини олиш
  • Болаларни мажбуран бошқа гуруҳга ўтказиш

Конвенция иштирокчи давлатларга геноцид «олдини олиш ва жазолаш» мажбуриятини ҳам юклайди.

Қайси амални геноцид деб ҳисоблашни ним ҳал қилади?

Мусулмонча кийинган фаластинликлар аёллар Исроилнинг қамали ва ҳужумлари давом этиб турган Ғазода бўш идишлари билан хайрия ташкилоти томонидан овқат тарқатилишини кутишаяпти

Сурат манбаси, Abdalhkem Abu Riash/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил ғазоликлар очарчилик таҳдиди остида эканини рад этади

БМТ таъкидлашича, у вазиятни мустақил равишда геноцид сифатида баҳоламайди. Бундай қарорни фақат халқаро суд органлари қабул қилади.

Халқаро ҳуқуқда фақат бир нечта ҳолат расман геноцид сифатида тан олинган:

  • 1994 йил Руанда геноциди
  • 1995 йил Босниядаги Сребреница қирғини
  • 1975–1979 йилларда Камбоджада Қизил кхмерларнинг озчиликларга қарши кампанияси

Геноцид юзасидан қарор чиқарадиган энг йирик судлар – Халқаро суд (ICJ) ва Халқаро жиноят суди (ICC). Шунингдек, БМТ Руанда ва собиқ Югославия бўйича махсус трибуналлар тузган эди.

Халқаро суд БМТнинг энг олий суд органи бўлиб, давлатлар ўртасидаги низоларни ҳал қилади. Масалан, Украина 2022 йилда Россияга қарши иш очган. Киев Кремлни Донбассда «геноцид содир этилди» деган ёлғон даъво билан босқинни оқлашда айбламоқда.

Самолётлардан парашютларда Ғазо шаҳрига улоқтирилаётган озиқ овқат

Сурат манбаси, Mahmoud Abu Hamda/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Май ойида Исроил буткул ёрдам қамалини енгиллатди

Яна бир мисол – 2017 йилда Гамбиянинг Мьянмага қарши даъвоси. Унда мусулмон рохинжаларга қарши «тизимли ва кенг кўламли тозалаш амалиётлари» орқали геноцид содир этилгани айтилган эди.

2002 йилда Рим статути асосида тузилган Халқаро жиноят суди (ICC) эса шахсларни жавобгарликка тортади. Ҳозирда унга 125 давлат аъзо, аммо АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон аъзо эмас.

Халқаро жиноят суди геноцид айбловларини тергов қилган, аммо ҳозиргача фақат бир шахсга – 2019 йилда қарийб 30 йиллик ҳукмронликдан сўнг ағдарилган Суданнинг собиқ президенти Умар Ҳасан Аҳмад ал-Баширга айб қўйган. У ҳали ҳам озодликда.

Давлатларнинг қонун чиқарувчи ёки ижроия органлари «геноцид» атамасидан фойдаланиши мумкин, аммо БМТ таъкидлашича, бундай баёнотлар ўз чегарасидан ташқарида ҳуқуқий кучга эга эмас.

Масалан, сўнгги йилларда бир қатор давлат ва парламентлар 1932–33 йилларда Иосиф Сталиннинг коллективлаштириш сиёсати сабабли Украинада миллионлаб одамлар ҳалок бўлиши – Голодоморни геноцид сифатида тан олди.

Буюк Британия эса буни рад этган. Сабаби унинг узоқ йиллик позициясига кўра, геноцид фақат ваколатли халқаро суд қарори билан аниқланиши мумкин.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Конвенцияга қарши танқидлар

Конвенция қабул қилинганидан бери унга қарши турли танқидлар янграб келади. Асосий эътирозлар – унинг қўлланиши қийинлиги. Айримлар таъриф жуда тор деса, бошқалар унинг кўп ишлатилиши оқибатида қадри пасайганини айтишади.

«Геноцид учун белгиланган мезон деярли имконсиз даражада оғир», дейди Халқаро жиноят суди билан ишлаган эксперт Тийс Баувкнегт AFPга берган интервьюсида.

«Сиз ният бўлганини исботлашингиз керак – шу ният содир бўлган воқеаларнинг ягона изоҳи эканини кўрсатишингиз шарт», дея қўшимча қилади у.

Танқидчилар, шунингдек, нишонга олинган сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг таърифдан чиқариб ташланиши ва қанча ўлим геноцид ҳисобланиши масаласини ҳам кўтаришади.

Баувкнегтнинг айтишича, суднинг геноцид ҳақида расмий қарор чиқариши учун йиллар кетиши мумкин. Масалан, Руанда мисолида БМТ ташкил этган трибунал қарийб ўн йилдан сўнг геноцид содир бўлганини расман эътироф этган.

1995 йилда Босниянинг Сребреница шаҳрида 8 мингга яқин мусулмон эркак ва ўғил бола ўлдирилган қирғин эса 2007 йилда Халқаро жиноят суди томонидан геноцид сифатида тан олинди.

Йорк университети криминологияси бўйича мутахассис Рейчел Бернснинг таъкидлашича, геноцид содир этганларнинг жуда кам қисми жавобгарликка тортилган.

«Руанда, собиқ Югославия ва Камбоджада қанча жиноятчи бўлгани номаълум, аммо фақатгина саноқлилари айбдор деб топилган», дейди у.

Экспертлар таъкидлашича, агар бирор вазият юридик жиҳатдан геноцид сифатида тан олинса, Конвенцияга қўшилган давлатлар унинг олдини олиш ёки тўхтатишга мажбур. Бу чоралар дипломатиядан тортиб санкциялар ёки ҳатто ҳарбий интервенциягача бўлиши мумкин.

Масалан, Руанда геноциди пайтида АҚШ ҳукуматининг махфий ҳужжатлари очиқланганда маълум бўлишича, расмийлар "геноцид" сўзини атай ишлатмаган. Бу қисман Конвенция орқали юзага келадиган ҳуқуқий ва сиёсий мажбуриятлар олдини олиш учун қилинган эди.

"БМТ таърифи мавжуд бўлса ҳам, амалда ҳамон аниқ таъриф бериш, чора кўриш ва жавобгарликка тортишда муваффақиятсизликлар кузатилмоқда", дейди Бернс.