Ғазода очарчилик экани илк бор тасдиқланди

Ғазодаги аҳвол

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан дастакланувчи идора шу соатларда ўзининг ҳисоботини эълон қилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларининг интеграциялашган таснифи идораси (IPC) биринчи марта Ғазо шаҳри ва унинг атрофида очарчилик мавжудлигини тасдиқлади.

Мазкур идоранинг таъкидлашича, бўлгадаги ярим миллиондан ортиқ одам "очлик, қашшоқлик ва ўлим" билан тўқнаш келмоқда.

"Ҳалокатли шароитлар"нинг келаси ой Дайр ал-Балаҳ ва Хон Юнисгача кенгайиши кутилмоқда.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги "Ғазода очарчилик йўқ", дея, янги ҳисоботни рад этди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш инқирозни "техноген фалокат", деб айтди.

У Ғазога инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқсиз киришига чақирди.

Бу Исроил Бош вазири вазирлар маҳкамаси Ғазо шаҳрига янги ҳужум режаларини маъқуллаганини айтган бир пайтга тўғри келди.

21 август: Фаластинликлар Ғазо шаҳридан қочмоқда, Исроил қуруқликдаги ҳужумнинг биринчи босқичини бошлади

Йоланда Кнелл

Дэвид Гриттен ва Габриэла Помрой, BBC News

Видео тагсўзи, Исроил Ғазо шаҳрини бомбалаётган онлар

Фаластинликлар Ғазо шаҳрининг айрим туманларини тарк эта бошлади. Шаҳар расмийлари маълум қилишича, Исроил армияси қуруқликдаги кенг кўламли ҳужумнинг дастлабки босқичини бошлаган.

Бир неча кунлик кучли ҳаво ҳужумлари ва артиллериядан ўт очишлардан сўнг, Исроил қўшинлари бир миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган шаҳар четларида ўз мавқеини эгаллади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш мурожаат қилиб, янги ҳужум "инқироз ва ҳалокат келтириши муқаррар"лигини таъкидлаб, дарҳол ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Исроил халқаро танқидларга қарамай, бутун Ғазо шаҳрини назоратга олиш ниятидан қайтмаслигини кўрсатмоқчи.

Шаҳарнинг Зайтун ва Сабра мавзеларидан юзлаб фаластинликлар шаҳарнинг шимолий ғарбий қисмига қочган. Шаҳарликлар туни билан тинмай ҳаво зарбалари ва артиллериядан ўт очилганини айтмоқда.

— Тун бўйи уйлар биз билан титрайди, портлашлар, самолётлар, тез ёрдам сиреналари ва ёрдам сўраб бақирган овозлар бизларни адо қилмоқда. Портлаш овозлари яқинлашмоқда, аммо қаерга кетамиз? — дейди маҳаллий яшовчи Аҳмад аш-Шанти AFP агентлигига.

Бир ҳафта олдин Сабрадаги уйидан қочган Амал Абдул-Аал эса: "Бир ҳафтадан бери ҳеч ким ухламаяпти. Кечаси осмонда доимий ёруғлик, артиллерия ва ҳаво зарбалари тўхтамаяпти", дейди.

Исроил армияси матбуот котиби Зайтун ва Жабалия туманларида қўшинлар ҳаракат бошлаганини айтди. Улар мудофаа вазири Исроил Кац томонидан тасдиқланган ва ҳафта охирида хавфсизлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужумга замин ҳозирлашмоқда.

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Ғазодаги "террорнинг сўнгги таянчлари"ни эгаллаш муддатларини қисқартираётганини айтди.

Ҳамас ўз баёнотида Исроил раҳбарини "Ғазо шаҳрининг бегуноҳ аҳолисига қарши шафқатсиз урушни" давом эттираётганликда айблади. Ва минтақавий воситачиларнинг ўт очишни тўхтатиш борасида янги таклифини "инкор" қилишда айблади. Исроил ҳозирча бу режага расмий жавоб бергани йўқ.

Исроил хизматдаги шахсий таркибга дам бериш мақсадида сентябр бошида 60 минг захирадаги аскарни чақиради.

Ғазо шаҳридаги юз минглаб фаластинликларга уйларини тарк этиб, бўлганинг жанубига кетиш буйруғи берилиши кутилмоқда.

Iqtibos

Исроилнинг кўплаб иттифоқчилари ушбу режани қоралашди.

Франция президенти Эммануэл Макрон, уни "икки халқ учун ҳам ҳалокат олиб келиши ва бутун минтақани узоқ муддатли уруш ўчоғига тортиб кетиши мумкин"лигидан огоҳлантирди.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси эса янги қочқинлар оқими ва жанговар ҳаракатларнинг кучайиши 2,1 миллион аҳолиси бор Ғазо учун "шусиз ҳам ҳалокатли бўлган вазиятни" бадтар қилишидан огоҳлантирди.

Алоқадор мавзулар:

Исроил ҳукумати ўтган ой Ҳамас билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича билвосита музокаралар самарасиз тугагач, бутун Ғазо сектори устидан назорат ўрнатиш ниятини эълон қилди.

Чоршанба куни телемурожаатда Исроил мудофаа кучлари (IDF) расмий вакили, генерал Эффи Дефрин Ҳамас 22 ойлик урушдан сўнг "чок-чокидан узилгани ва заифлашганини" айтди.

— "Биз Ҳамаснинг сиёсий ва ҳарбий террори таянчи бўлмиш Ғазо шаҳрига янада катта зарар берамиз. Ер устидан ҳам, ер остида ҳам террор инфратузилмасига қақшатгич зарба берамиз ва аҳолининг Ҳамасга қарамлигини камайтирамиз," — деди у.

Дефриннинг таъкидлашича, армия амалиёт бошланиши сабрсизлик билан кутмоқда:

— "Биз дастлабки амалий ҳаракатларни бошлаб юбордик. Айни дамда IDF қўшинлари Ғазо шаҳри четларини эгаллаб турибди."

Унинг айтишича, иккита бригада Зайтун мавзусида амалиёт олиб бормоқда. Шу кунларда улар ер остида қурол сақланган туннелни аниқлаган. Учинчи бригада эса Жабалия ҳудудида фаолият кўрсатмоқда.

Фуқаро ҳимояси агентлиги маълумот беришича, чоршанба куни Исроил ҳаво зарбалари ва артиллерияси натижасида ҳудуд бўйлаб 25 киши ҳалок бўлган. Улар орасида Ғазо шаҳри ғарбидаги Шати қочқинлар лагерида яшаган оила — уч нафар бола ва уларнинг ота-онаси ҳам бор.

Дефрин IDF гаровда сақланаётган 50 нафар шахсга зарар етмаслиги учун "барча чораларни кўраётганини", улардан 20 нафари тирик экани тахмин қилинаётганини билдирди. Уларнинг оила аъзолари эса Ғазо шаҳридаги ердаги ҳужум гаровдагилар ҳаётига хавф солишидан хавотир билдирди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси эса уруш кучайиши ҳам фаластинлик аҳоли, ҳам гаровдагилар учун "фалокатли вазият" яратишидан огоҳлантирди.

"Ойлаб, тинимсиз давом жтаётган жанговар ҳаракатлар ва қайта-қайта кўчирилишдан кейин Ғазо аҳолиси бутунлай ҳолдан қолди. Уларга яна босим эмас, енгиллик керак. Қўрқув эмас, нафас олиш имкони керак. Улар муносиб ҳаёт учун зарур бўлган асосий эҳтиёжларга — озиқ-овқат, дори-дармон, тозалик воситалари, ичимлик суви ва хавфсиз бошпаналарга эга бўлиши шарт," — дейилган ташкилот баёнотида.

"Ҳарбий ҳаракатларнинг ҳар қандай фаоллашуви, азоб-уқубатларни янада кучайтиради, оилаларни пароканда қилади ва ортга қайтмас гуманитар инқирозга олиб келиши мумкин. Гаровдагилар ҳаёти ҳам хавф остида қолиши эҳтимолдан холи эмас," — дейилади баёнотда.