Қатар Исроил зарбасидан сўнг араб-ислом саммитига мезбонлик қилмоқда, АҚШ Исроил билан Доҳага зарба оқибатларини муҳокама қилади, Россия дронлари иккинчи НАТО давлатига кирди

Видео тагсўзи, Исроил Доҳадаги Ҳамас етакчиларига зарба берган тавсирлар
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қатарда араб ва ислом давлатлари раҳбарлари Исроилнинг ўтган ҳафта Доҳада Ҳамас етакчиларига ҳаво зарбаси беришидан сўнг фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда. АҚШ Қуддусда Исроил зарбаси оқибатларини муҳокама қилади. Россия ҳарбий дронлари НАТО аъзоси Руминия ҳудудига кирди.

Reuters агентлиги кўрган Доҳага йиғилаётган давлат раҳбарлари қарор лойиҳасида Исроилнинг "геноцид, этник тозалаш, (ва) қашшоқлаштиришни ўз ичига олган душманона ҳаракатлари" қораланади. Унга кўра, бу ҳаракатлар "тинчлик ва ҳамжиҳатлик истиқболини" хавф остига қўймоқда. Исроил бундай айбловларни кескин рад этган.

Таҳлилчилар фикрича, ҳарбий чора кўриш эҳтимоли йўқ бўлгани учун қандай амалий қарорлар қабул қилиниши ҳозирча номаълум.

Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ал-Тани эса жаҳон ҳамжамиятини "икки хил стандартлар"ни тўхтатишга ва Исроилни жазолашга чақирди.

Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ал-Тани жаҳон ҳамжамиятини "икки хил стандартлар"ни тўхтатишга ва Исроилни жазолашга чақирди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ал-Тани жаҳон ҳамжамиятини "икки хил стандартлар"ни тўхтатишга ва Исроилни жазолашга чақирди

Якшанба куни АҚШ Президенти Доналд Трамп "Қатар жуда муҳим иттифоқчи бўлиб келган. Исроил ҳам, бошқалар ҳам эҳтиёткор бўлиши керак. Биз кимгадир зарба бераётганимизда эҳтиёт бўлишимиз керак", деди.

Шанба куни Исроилга жўнаб кетаркан, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Трампга "Қатарга қилинган ҳужум услуби ёқмаганини" маълум қилди.

Рубио Қуддусда Исроил зарбаси оқибатларини муҳокама қилади

Рубио ва Нетаняҳу

Сурат манбаси, Reuters

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Қуддусда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашмоқда. Суҳбат асосий мавзуси – Исроилнинг Қатардаги зарбаси ва унинг оқибатлари бўлиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафтадаги зарба АҚШнинг яқин иттифоқчиси ҳудудида Ҳамас етакчиларини нишонга олгани учун халқаро норозилик уйғотган ва Президент Доналд Трамп томонидан ҳам танқид қилинган.

Рубио аввалроқ: "Албатта, биз бундан хурсанд эмасмиз. Президент ҳам хурсанд эмасди. Энди олға қараш ва кейинги қадамларни белгилаш вақти келди", деган эди.

Алоқадор мавзулар:

Қатарда йирик АҚШ ҳарбий базаси жойлашган ва расмий Доҳа Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича дипломатик ҳаракатларда муҳим воситачи сифатида қатнашиб келмоқда.

Якшанба куни Нетаняҳу журналистларга АҚШ–Исроил муносабатлари "Ғарбий девор тошларидек мустаҳкам" эканини айтиб, Рубио билан бирга Қуддуснинг эски шаҳридаги муқаддас жойга қисқа ташриф буюрди.

Reuters
Qatar juda muhim ittifoqchi bo‘lib kelgan. Isroil ham, boshqalar ham ehtiyotkor bo‘lishi kerak. Biz kimgadir zarba berayotganimizda ehtiyot bo‘lishimiz kerak.
Donald Tramp
AQSh prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Ташриф давомида уларга АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳаккаби ҳамроҳлик қилди. Рубио девор тирқишига ёзув қўйди. Ҳар иккиси ҳам журналистларнинг Исроилнинг Қатарга зарбасига оид саволларини жавобсиз қолдирди.

Учрашувда шунингдек Исроил армиясининг Ғазо шаҳрини эгаллаш режаси ва ишғол этилган Ғарбий соҳилда келгиндиларга янги масканлар қурилиши масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ҳафта охирида Исроил армияси Ғазо шаҳрида турар жой биноларини бузишни давом эттирди ва исроиллик оммавий ахборот воситаларига кўра, энди шаҳарнинг ғарбий маҳаллаларида қуруқликдаги операцияларни бошлаш арафасида турибди.

Россия дронлари Руминия ҳаво ҳудудига кирди – Бу НАТОдаги иккинчи ҳолат

F16

Сурат манбаси, EPA

Руминия Россия дрони унинг ҳаво ҳудудига кирганини билдирди. Бу – НАТО аъзоси бўлган давлатлар орасида иккинчи шундай ҳолат ҳисобланади.

Руминия мудофаа вазирлиги хабарида айтилишича, шанба куни Украинадаги Россия ҳужумлари кузатилаётганда, Руминиянинг ҳарбий самолётлари чегара яқинида дрон қайд этган.

Украина президенти Володимир Зеленский бу ёриб ўтишни хатолик деб бўлмаслигини, бу – "Россия томонидан урушни очиқ кенгайтириш" эканини айтди. Москва эса ҳозирча Руминиянинг иддаоларига изоҳ бермади.

Чоршанба куни Полша камида учта Россия дрони унинг ҳаво ҳудудига кирганини ва уларни уриб туширганини билдирган эди.

Руминия мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, икки F-16 самолёти чегарани кузатаётганда дрон қайд этилган. Бу "Дунайда Украина инфратузилмасига қилинган Россия ҳаво ҳужумлари"дан кейин содир бўлган.

Шу муносабат билан Москва элчиси Руминия ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Дрон "Геран" сифатида аниқланган – у Эронда ишлаб чиқилган "Шаҳед 136" туридаги аппарат бўлиб, Россия томонидан ҳам Украинага ҳужумларда, ҳам кузатув мақсадида ишлатилади. У Килия Веке қишлоғидан 20 км жанубий-шарқда радарга тушган, сўнг йўқолиб қолган.

Вазирликка кўра, дрон аҳоли яшайдиган ҳудуд устидан учмаган ва тўғридан-тўғри хавф туғдирмаган.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас буни "ЕИ аъзоси бўлган давлат суверенитетини яна бир марта қабул қилиб бўлмайдиган бузиш" деб баҳолади.

Ёзда қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, Руминия учувчилари дронни уриб тушириш ҳуқуқига эга бўлган, аммо вазирлик "қўшимча хавфлар баҳоланганидан сўнг отишга қарор қилинмаганини" билдирди. Бу баёнот маҳаллий ОАВ танқидидан кейин эълон қилинди.

Украина президенти Зеленский сўнгги воқеага муносабат билдириб, "Россия армияси дронлар қаерга йўналтирилаётганини ва улар ҳавода қанча вақт парвоз қилиши мумкинлигини аниқ билади", деди.

У Ғарб мамлакатларидан Москвага қарши санкцияларни янада кучайтиришни доимий равишда сўраб келмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса бу ҳафта Россия дронлари ҳаво ҳудудини бузгани ҳақида фикр билдириб, Россияга қарши қаттиқроқ санкциялар жорий этишга тайёрлигини айтди. Аммо бу НАТО давлатлари айрим шартларни бажариши – жумладан, Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишига боғлиқ бўлади.

Россия 2022 йил февралда Украинага тўлиқ босқин бошлаган ва жанг майдонида аста-секин илгарилаб келмоқда.

Трамп урушни тугатиш саъй-ҳаракатларига бошчилик қилиб келаётган бўлса-да, Россия ўтган ой Аляскада Путин ва Трамп саммити ўтказилганидан кейин Украинага ҳужумларни кучайтирди.