Исроилнинг Ғазога ҳужумлари 25 кишини ўлдирди - соғлиқни сақлаш вазирлиги

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
Чоршанба куни Исроилнинг Ғазо бўлгасидаги ҳужумларида камида 25 фаластинлик ҳалок бўлди, деб хабар берди Ҳамас бошқарадиган соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу беш ҳафта олдин сулҳ кучга кирганидан бери энг ҳалокатли кунлардан бири бўлмоқда, деди вазирлик.
Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, Ғазо шаҳрининг шарқий Зайтун маҳалласида жойлашган диний вақфлар вазирлиги биносига зарба берилиши оқибатида ўн киши ҳалок бўлди.
Исроил армияси қуролли шахслар сулҳ битимини бузиб, жанубий Хон Юнус шаҳрида Исроил аскарлари фаолият юритаётган ҳудудга қарата ўт очганидан сўнг, "Ҳамас террористик нишонлари"га зарба берганини маълум қилди.
Ҳамас бу даъвони савол остига олди ва сулҳга хавф туғдириши мумкин бўлган "хавфли эскалация"ни қоралади.
Зўравонликнинг авж олиши БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо тинчлик режасини маъқуллаган резолюцияни қабул қилганидан кейин содир бўлди.
Ғазонинг Ҳамас бошқарадиган Фуқаролик мудофааси агентлиги вакили Маҳмуд Бассал BBC га берган интервюсида, Исроил ҳаво, дрон ва артиллерия ҳужумлари билан чоршанба куни қуёш ботганидан кўп ўтмай Ғазо шаҳри ва Хон Юнусдаги бир нечта жойларга зарба берганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар бир неча кунлик нисбий тинчликдан сўнг кескин авж олди.
Фуқаролик мудофааси Зайтундаги зарба диний вақфлар вазирлиги биноси ва унинг атрофидаги иншоотларга жиддий зарар етказганини хабар қилди ва қутқарувчилар вайроналар остида кўмилган икки кишини топаётганини кўрсатувчи видеони жойлаштирди.
Анадолу ахборот агентлиги томонидан чоп этилган фотосуратларда воқеа жойидан топилган учта ёш боланинг жасадлари кўрсатилган.
Жаноб Бассалнинг сўзларига кўра, Ғазо шаҳридаги бошқа бир ҳодисада дрон Ғазонинг шимолий-жанубий асосий йўли бўлган Салаҳ ал-Дин кўчасидаги Шежаия чорраҳасида бир гуруҳ одамларга зарба берганида бир киши ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланган.
Унинг сўзларига кўра, яна бир киши танк снаряди Ғазо шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган уйга тушганида ҳалок бўлган.

Сурат манбаси, EPA
Фуқаролик мудофааси Хон Юнус ҳудудида яна 13 киши ҳалок бўлганини хабар қилди.
Жаноб Бассалнинг сўзларига кўра, улардан учтаси БМТнинг Фаластинлик қочқинлар агентлиги (UNRWA) томонидан бошқариладиган спорт клуби ичидаги гуруҳга қилинган зарбада ҳалок бўлган.
Исроил Мудофаа Кучлари (IDF) ўз баёнотида чоршанба куни "бир нечта террорчилар Хон Юнусда Исроил аскарлари фаолият юритаётган ҳудудга қарата ўт очган"ини айтди.
"Бу ҳаракат сулҳ келишувини бузиш ҳисобланади. IDF да ҳеч ким жароҳат олмаган", деб қўшимча қилди у. "Бунинг эвазига IDF Ғазо сектори бўйлаб ҲАМАС террористик нишонларига зарба беришни бошлади."
Исроил жамоатчилик телерадиокомпанияси Кан хавфсизлик манбасига таяниб, зарбалар нишонлари ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти Изз ал-Дин ал-Қассам бригадасининг Зайтун баталони қўмондони ва унинг денгиз кучлари қўмондони бўлганини айтди.
ҲАМАС Исроил ҳужумларини қоралаб, ўз баёнотида уларни "уруш жиноятчиси [Исроил Бош вазири Бенямин] Нетаняху халқимизга қарши геноцидни қайта бошлашга интилаётган хавфли эскалация" деб ҳисоблашини айтди.
Шунингдек, у АҚШни "ўзининг эълон қилинган мажбуриятларини бажаришга ва сулҳни амалга ошириш ва ҳужумларини тўхтатиш учун Исроилга зудлик билан босим ўтказиш"га чақирди.
Аммо АҚШ расмийси Рейтерс ахборот агентлигига ҲАМАС сулҳни бузишни ва қуролсизлантириш мажбуриятини бажармасликни мақсад қилганини айтди.
Душанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10-октябрда кучга кирган заиф оташкесимни мустаҳкамлашга қаратилган резолюцияни қабул қилди.
Аъзо давлатлар Президент Трамп раислик қиладиган Тинчлик Кенгаши деб номланган ўтиш даври бошқарув органини ва "Ғазо секторини қуролсизлантириш жараёни"ни таъминлаш вазифаси юклатилган вақтинчалик Халқаро Барқарорлаштириш Кучларини (ISF) яратишга рухсат беришди.
Трамп резолюцияни "ҳақиқий тарихий лаҳза" деб атади.
Ҳамас Фаластин давлатисиз қуролларидан воз кечмаслигини яна бир бор таъкидлаб, Исроилга қарши кураши қонуний "қаршилик" эканлигини таъкидлади.
Исроилнинг БМТдаги элчиси қуролсизланишнинг муҳимлигини таъкидлаб, унинг мамлакати Ҳамас энди "таҳдид" тугатмагунча "тўхтамаслигини ва таслим бўлмаслигини" айтди.
Исроил ҳарбийлари оташкесим бошланганидан бери уч аскари Ғазодаги ҳужумларда ҳалок бўлганини ва кўплаб жангчиларни нишонга олганини маълум қилди.
Жереми Боуэн: Икки йил ўтгач, Исроил ва Ҳамас урушни тугатиш имкониятидан фойдаланадими?

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Икки йиллик урушдан кейин Ғазода қон тўкилиши ва вайронагарчиликни тугатиш, тирик ва ҳалок бўлган исроиллик гаровдагиларни оилаларига қайтариш бўйича келишувга эришиш имконияти юзага келди.
Бу имконият. Лекин Ҳамас ва Исроил ундан фойдаланадиларми ёки йўқ - аниқ эмас.
Музокаралар айнан икки йил олдин Ҳамас исроилликларга ҳалигача оғриқли бўлган жароҳат етказган кунга тўғри келгани — ғамгин тасодифдир.
2023 йил 7 октябр ҳужумлари 1200 га яқин аксари тинч фуқаро исроилликни ҳалок қилди, 251 киши гаровга олинди. Исроилликлар 20 нафар гаровдаги шахсни ҳали ҳам тирик деб ҳисоблайдилар ва 28 нафарининг жасади қайтарилишини хоҳлайдилар.
Исроилнинг вайронакор ҳарбий жавоби Ғазонинг катта қисмини йўқ қилди ва 66,000 дан ортиқ фаластинликни, асосан фуқароларни, шу жумладан 18,000 дан ортиқ болани ҳалок қилди.
Бу рақамларни Ҳамас маъмуриятининг қолдиқлари таркибидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган.
Уларнинг маълумоти одатда ишончли деб кўрилади.
Лондондаги The Lancet тиббий журналидаги тадқиқотга кўра, бу рақамлар ҳақиқатдагига қараганда кам бўлиши мумкин.
Исроилликлар ҳам, фаластинликлар ҳам уруш тугашини истайдилар. Исроилликлар урушдан чарчаган ва сўровномалар кўрсатишича, кўпчилик гаровдагиларни қайтариш ва урушни тугатиш бўйича келишувга эришилишини хоҳлайдилар. Қуролли кучлар IDF таркибидаги юз минглаб захирадаги инсонлар ойлар давомидаги ҳарбий кийимдаги хизматларидан кейин ўз ҳаётларига қайтишни истайдилар.
Ғазодаги икки миллиондан ортиқ фаластинлик инсонпарварлик фалокатига дуч келганлар, IDFнинг оловли кучи билан очлик ўртасида, Исроил ёрдам киритишга қўйган чекловлари туфайли баъзи ҳудудларда сунъий очарчилик ўртасида "қамалиб қолганлар".
Икки йил олдин Исроилга вайронали куч билан зарба берган Ҳамаснинг мунтазам ҳарбий тузилмалик қобилиятидан айрилганига анча бўлди. Энди у вайроналар орасида IDFга қарши исён ҳаракатларини амалга ошираётган шаҳар партизан кучларига айланган.
Гарчи ҳокимиятни фаластинлик технократларга топширишга рози бўлган бўлса-да, Ҳамас омон қолиш йўлини изламоқда, У ўз ихтиёрида қолган оғир қуролларини топшириш ёки йўқ қилишга рози бўлган, аммо ўзини ҳимоя қилиш учун етарли кучни сақлаб қолишни истайди. Мабодо Ҳамаснинг 20 йиллик шафқатсиз бошқаруви ва фаластинликларга етказган фалокати учун кимдир интиқом олишни истаса, ўзини ҳимоя қилиш учун.
Бу гапни Ҳамас омма олдидаги айтаётгани йўқ, аммо Исроилни йўқ қилишни мақсад қилган дастурга эга ва тарафдорлари сақланиб қолган ташкилот сифатида, у ўзини қайта тиклаш учун етарли куч билан чиқишни ҳам истайди. Ҳамас номи — Исломий Қаршилик Ҳаракати — шуни англатади.
Исроил эса Ҳамаснинг таслим бўлиш шартларини ўзи белгилашни истайди. Аммо Ҳамаснинг жиддий музокара олиб бориш имкониятига эгалиги ҳатто бир ой олдин кўринганига ҳам кўпроқ имкониятлар очиб бераяпти. Ўшанда Исроил Доҳадаги бинога зарба бериб, у ерда тинчлик режаларини муҳокама қилаётган Ҳамас раҳбариятини ўлдиришга уринган, аммо муваффақиятсизликка учраганди. Асосий нишон — Халил ал-Ҳайя — ҳозирда Шарм-аш-Шайхдаги музокараларда Ҳамас делегациясига раҳбарлик қилмоқда. Ал-Ҳайянинг ўғли ҳалок бўлган, аммо раҳбарлар тирик қолган.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг бошида эса бошқа турдаги омон қолиш режаси. У ўз ҳокимиятини сақлаб қолишни, коррупция бўйича суд жараёнини кечиктиришни, келгуси йилдаги сайловда ғалаба қозонишни ва тарихда яҳудийлар учун Холокостдан кейинги энг ҳалокатли кун учун масъул раҳбар сифатида қолмасликни истайди.
Бу мақсадга эришиш учун у "тўлиқ ғалаба"ни эълон қилишнинг ишончли йўлини топиши керак — бу иборани у бир неча бор ишлатган. Унинг таърифига кўра, бу гаровдагиларни қайтариш, Ҳамасни йўқ қилиш ва Ғазони демилитаризация қилишни ўз ичига олади. Агар у бунга эришолмаса, Исроил сўнгги икки йилда Ливан ва Эрондаги душманларига ҳақиқий шикаст етказди, деб айтолмайди.
Ҳамас ва Исроил музокарачилари юзма-юз учрашмайдилар. Миср ва Қатар расмийлари воситачи бўладилар, Америка расмийлари эса катта таъсирга эга бўлади — эҳтимол, ҳал қилувчи даражада.

Сурат манбаси, .
Музокаралар асоси — Доналд Трампнинг 20 банддан иборат Ғазо тинчлик режаси. У, Трампнинг ижтимоий тармоқлардаги "абадий тинчлик" ҳақидаги даъволарига қарамай, Исроил ва Фаластинликларнинг Иордан дарёси билан Ўрта Ер денгизи ўртасидаги узоқ йиллик ер талашувини тугатмайди. У Ғарбий Соҳилнинг келажагини назарда тутмайди — бу ҳудуд Буюк Британия ва бошқа давлатлар томонидан Фаластин давлати сифатида тан олинган.
Шарм-аш-Шайхдаги музокараларга катта нарса тикилган. Бу араблар ва яҳудийлар ўртасидаги юз йилдан ортиқ давом этган тўқнашувлар тарихидаги энг вайрон қилувчи ва қонли урушни тугатишга олиб келиши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш имкони.
Энг биринчи мушкуллик — гаровдаги исроилликларни умрбод қамоқ жазоларини ўтаётган фаластинликлар ва уруш бошлангандан бери судсиз ушлаб турилган ғазоликлар озод қилиш шартларини белгилаш. Бу осон вазифа эмас.
Президент Трамп тез натижага эришилишини истайди. У Яқин Шарқда катта келишувга эришиш орзусини қайта тиклашни истайди — бунинг марказида Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида яқинлашув бўлади. Аммо бу, агар Исроил Ғазода минглаб фаластинликларни ўлдиришда давом этаверса, инсонпарварлик ёрдамларини чеклаб, азоб-уқубатларга сабаб бўлаётган бўлса ва Ҳамас исроиллик гаровдагиларни ушлаб турган пайтда амалга ошмайди. Саудия Арабистони ҳам бир қатор расмий баёнотларда бу яқинлашув мустақил Фаластин давлатини яратишга олиб борадиган ва ортга қаймас йўлсиз амалга ошмаслигини очиқ айтган.
Трамп Нетаняҳуни кўпчилик эътирофига кўра, ноаниқ ҳамда Фаластин мустақиллиги эҳтимоли мубҳам қолдирилган ҳужжатни имзолашга мажбур қилди. Нетаняҳу эса бу ҳақдаги баёнотдан сўнг, фаластинликлар ҳеч қачон ўз давлатига эга бўлмаслиги ҳақидаги ваъдасини такрорлаб, бу қисмни инкор этди. Трамп ҳужжатида Исроилнинг Ҳамас ҳокимиятини тугатишда нималарни хоҳлаётгани ва Ғазонинг келажак бошқарувига жуда муҳим жиҳатлар бор.
Аммо Нетанҳу Оқ Уйда ўз хоҳишини амалга оширишга одатланган. Бу сафар эса Трамп уни Қатар бош вазирига Ҳамас раҳбариятини йўқ қилишга қаратилган ҳаво зарбаси учун расмий кечирим сўрашга мажбур қилди. Ўзининг Яқин Шарқни қайта қуриш режаларини амалга ошириш учун Трампнинг Қатарга эҳтиёжи бор.
Бир савол ўртага чиққан: нега Исроил Ғазодан чиқиши ва урушни тугатиши учун аниқ муддат бўлмай туриб Ҳамас гаровдагиларни озод қилишга тайёрлигини билдирди? Эҳтимол, Қатарликлар уларни ишонтирган — агар Ҳамас Трампга гаровдагиларни қайтариш орқали ғалаба даъво қилиш имконини берса, у бу жараённи амалга оширишни таъминлайди.
Шундай бўлса ҳам Трамп исроилликлар эшитишни хоҳлаётган Нетаняҳу ибораларини қўллаяпти: масалан, агар Ҳамас келишувни рад этса, уни йўқ қилиш учун Исроилни "тўлиқ қўллаб-қувватлайман" деган ваъда.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ҳамаснинг жиддий эканини аниқлаш учун бир неча кун етарли бўлишини айтди. Аммо мураккаб келишувни таъминлайдиган техник жиҳатларини келишиш кўпроқ вақт талаб этилади. Ҳозирча уларда фақат Трампнинг чизиб берган жадвали бор.
Исроил ва Фаластин ўртасидаги узоқ ва ҳал қилинмаган можаро икки йил олдин Ғазо урушига айланганди. Энди эса қон тўкилишини тугатиш ва икки халқнинг яқин келажагини таъминлаш катта муаммога айланган. Бу мураккаб дипломатия ва тафсилотларга чуқур ёндашувни талаб қилади — Трампнинг 20 бандли режасида эса бундай деталлар деярли йўқ. Бу бўшлиқларни аниқ сўзлар билан тўлдиришга уриниш кўплаб тўсиқларни келтириб чиқариши мумкин.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Трампнинг келишувлар устаси экани ҳақидаги қобилиятига ўзидан бошқа ҳеч ким юқори баҳо бермайди. Аммо ташқи сиёсатдаги шу вақтгача эришилган натижалар унинг ваъдаларига мос келганича йўқ. Трамп қатор урушларни тугатганини даъво қилди, аммо бу рақамлар у қандай гапиришига қараб ўзгариб туради. Энг машҳур ваъдаси - президентликка киришиши билан Россия-Украина урушини тугатишнинг уддасидан чиққани йўқ. Бироқ Трампда бир малака бор, умрбод кўчмас мулк бозоридаги тажрибаси орқали шаклланган қобилият - босим ўтказиш йўли билан ўзининг истагига эришиш қобилияти.
Мисрдаги билвосита музокаралар Трампнинг ҳар икки томонга босим ўтказа олгани учун амалга ошаяпти. Агар рози бўлмаса Ҳамасни ер юзидан йўқ қилиб юбориш таҳдиди - бу режа ичидаги энг осон қисми эди. АҚШ президентлари 2006 йилда Ҳамас Фаластин сайловларида ғалаба қозонганидан ва кейинги йили Фатаҳни Ғазодан куч билан чиқариб юборганидан бери халқаро босимларга етакчилиб қилиб келадилар.
Доналд Трампнинг Клинтон, Обама ва Байденлардан катта фарқи шундаки, Бенямин Нетаняҳунинг Трампни манипуляция қилиш уринишларига демократик президентлардан кўра қаттиқроқ ва қатъийроқ жавоб билан зарба беришидир.
Трамп Ҳамаснинг "ҳа, лекин..." деб жавоб берганини тинчлик учун етарли деб қабул қилди. Бу унга олға юриш учун етарли бўлди. Axios ахборот агентлиги хабар беришича, Нетаняҳу "Ҳамас вақтни чўзмоқчи бўлаяпти" деб ишонтиришга уринганида, Трампнинг жавоби шундай бўлган: "Нега сен бунчалар салбийсан?"
Исроил АҚШга қарам. Урушда АҚШ Исроилнинг тўлиқ шериги бўлди. Американинг ёрдамисиз Исроил Ғазога шунчалар шафқатсиз ва узоқ муддатли зарба беришга қодир бўлмасди. Исроил қуролларининг кўп қисми АҚШдан келади, шунингдек, сиёсий ва дипломатик ҳимоя ҳам — БМТ Хавфсизлик Кенгашида Исроилга босим ўтказишга қаратилган бир неча резолюцияларга АҚШ томонидан вето қўйилди.
Ўзини "ирландиялик сионист" деб атаган Жо Байден Исроилнинг АҚШга боғлиқлигидан келиб чиқадиган таъсир кучини ҳеч ҳам ишга солмади. Трамп эса Америка манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, Исроилга нисбатан яширин босимни ишлатди, Нетаняҳуни истагини ўзгартиришга мажбур қилди, ҳуч қурса музокараларга қўшилиш борасида. Бу босим давом этадими — ҳали номаълум, чунки Трамп фикрини тез-тез ўзгартириб турадиган одам.
Ҳам Ҳамас ва ҳам Исроил делегациясининг ўз уйларида кучли танқидчилари бор, улар урушни давом эттиришни истайдилар. Ҳамас манбаларининг Би-би-си айтишларича, Ғазода қолган ҳарбий қўмондонлар ҳалигача охиригача жанг қилишга ва имкони борича кўпроқ исроилликни ўзлари билан олиб кетишга тайёрланаяптилар.
Бенямин Нетаняҳунинг коалицияси эса Ғазодаги фаластинликларни чиқариб юбориш ва уларнинг ўрнига яҳудий келгиндиларни жойлаштириш орзусига яқинмиз деб ўйлаётган ултра-миллатчи экстремистлар қўллаб-қувватлашига таянган.
Агар Мисрдаги музокаралар муваффақиятсизликка учраса, ҳар икки сценарий ҳам амалга ошиши мумкин.












