Америка, Европа, БМТ: Нетаняҳуга босим ўтқаза оладими?

Benyamin Netanyahu
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Исроил Ғазодаги ҳарбий кампанияси ва босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги чекловлар туфайли халқаро босим остида қолмоқда. Можарони тугатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар кучайган бир пайтда, бир қатор муҳим воқеалар юз бермоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш режасини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. БМТ Бош Ассамблеясида Нетаняҳунинг нутқидан олдин Трамп журналистларга: "Бу содир бўлмайди," деди.

Бу баёнот Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли юзага келган халқаро норозилик фонида янгради. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023 йил 7-октабрдан бери 65 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Уруш Ҳамас томонидан жанубий Исроилга уюштирилган ҳужумдан сўнг бошланган эди. Ҳужумда 1 200 киши ҳалок бўлган, 251 киши гаровга олинган.

Буюк Британия Исроил билан савдо музокараларини тўхтатди ва Ғарбий Соҳилдаги радикал яҳудий кўчманчиларга санкциялар жорий қилди. Ташқи ишлар вазири Девид Ламми Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини "ахлоқан оқлаб бўлмайдиган" деб атади. Бош вазир Кеир Стармер эса вазиятни "чидаб бўлмас" деб таърифлади.

Исроил 11 ҳафталик блокадани юмшатиб, Ғазога 93 та ёрдам юк машинасини киритган бўлса-да, БМТ маълумотларига кўра, ҳарбий рухсат кечикаётгани сабабли ёрдам аҳолига етиб бормаяпти. Ғазо аҳолиси озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи танқислигидан шикоят қилмоқда. Кўпчилик оғир шароитларда чодирларда яшамоқда.

Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт Би-би-сига берган интервьюсида Нетаняҳунинг стратегиясини ўзгартиришга фақат ички ва халқаро босим сабаб бўлиши мумкинлигини айтди. У Трампни бу борада ҳал қилувчи шахс сифатида кўришини билдирди.

Тони Блер Ғазо бошқарувида иштирок этиши мумкин

Toni Bler

Сурат манбаси, EPA

Урушдан кейинги Ғазо бошқаруви бўйича режаларда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Сер Тони Блер муҳим рол ўйнаши мумкин. Би-би-си манбаларига кўра, Оқ Уй томонидан қўллаб-қувватланаётган таклифга мувофиқ, Блер БМТ ва Форс кўрфази давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган вақтинчалик маъмуриятга раҳбарлик қилиши мумкин.

Блернинг офиси у Ғазо аҳолисини кўчиришни назарда тутадиган ҳеч қандай режани қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

Август ойида Блер Оқ Уйда Трамп билан учрашиб, Ғазо бўйича режаларни муҳокама қилган. АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Виткофф бу учрашувни "жуда кенг қамровли" деб таърифлади, аммо батафсил маълумот берилмади.

2007 йилда лавозимдан кетганидан сўнг Блер АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва БМТдан иборат Квартетнинг Яқин Шарқ бўйича вакили сифатида фаолият юритган. У Фаластинда иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва икки давлатли ечим учун шароит яратишга эътибор қаратган.

Бироқ, Блернинг мероси 2003 йилда Ироқ урушига Британия қўшинларини жалб қилгани сабабли баҳсли бўлиб қолган. Расмий тергов натижаларига кўра, бу қарор нотўғри разведка маълумотларига асосланган.

Блернинг иштироки ҳақидаги таклиф икки давлатли тинчлик режаси бўйича янги ҳаракатлар фонида пайдо бўлди. Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Трамп ва бошқа халқаро етакчилар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. У Ҳамаснинг Ғазо бошқарувидаги келажакдаги ролини рад этди ва ҳаракатни қуролсизлантиришга чақирди.

Бу ҳафта Буюк Британия, Франция, Канада, Австралия ва бошқа давлатлар Фаластин давлатини расман тан олди. Исроил ва АҚШ бу қарорни "Ҳамасни мукофотлаш" деб танқид қилди.

Ғарбий Соҳилнинг ягона халқаро ўтиш жойи ёпилди

Yo'l ko'rsatgan lavhalar

Сурат манбаси, Reuters

Исроил Ғарбий Соҳил ва Иордания ўртасидаги ягона халқаро ўтиш жойи — Алленби кўпригини номаълум муддатга ёпди. Бу қарор икки миллиондан ортиқ фаластинликни ташқи дунёдан узиб қўйди.

Исроил аэропортлар бошқармаси кўприк "сиёсий раҳбарият кўрсатмаси билан" ёпилганини билдирди, аммо сабаб кўрсатилмади.

Ёпилишдан бир неча кун олдин Иорданиялик қуролланган шахс кўприк яқинида икки исроиллик ҳарбийни отиб ўлдирган, ўзи эса воқеа жойида ўлдирилган эди. Кўприк воқеадан сўнг қисқа муддатга ёпилган, кейин қайта очилган эди.

Фаластинлик сиёсатчи Мустафо Баргҳути Би-би-сига берган интервьюсида бу қарорни "хавфли қадам" деб атади ва Ғарбий Соҳил аҳолисини "қамалда сақлаш" деб таърифлади.

Алленби кўприги — Иордания пойтахти Амман ва Қуддус ўртасида жойлашган бўлиб, Ғарбий Соҳилдан Исроил орқали ўтмасдан чиқиш мумкин бўлган ягона расмий йўл ҳисобланади. Бу кўприк фаластинликлар учун сафар, даволаниш, таълим ва оила билан учрашиш имконини берувчи муҳим йўлак бўлиб келган.

Тинчликка олиб борувчи йўлни қидириш

Ehut Olmert
EPA
Netanyahuning strategiyasini o‘zgartirishga faqat ichki va xalqaro bosim sabab bo‘lishi mumkin. Va menimcha, bu borada hal qiluvchi rolni aynan Tramp o‘ynashi mumkin.
Ehud Olmert
Isroil sobiq bosh vaziri

Ғазодаги гуманитар инқироз чуқурлашар экан, халқаро ҳамжамият тинчлик ўрнатиш ва ёрдам етказишни таъминлашга чақирмоқда. БМТ комиссияси Исроилни Ғазода геноцид содир этганликда айблади, Исроил бу даъволарни рад этмоқда.

Европа Комиссияси Исроил билан савдони чеклаш ва ҳукуматдаги экстремист вазирларга санкциялар қўллаш режасини эълон қилди.

Дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этар экан, Тони Блернинг иштироки, Трампнинг аннексияга қарши позитсияси ва Фаластин давлатини тан олган давлатлар сонининг ортиши халқаро босимнинг кучайганидан далолат беради.

Шунга қарамай, вазият мураккаблигича қолмоқда. Нетаняҳу Ғазо устидан хавфсизлик назоратини сақлаб қолишини ва халқаро танқидларни рад этишини билдирмоқда.

Келгуси ҳафталар минтақанинг келажагини белгилаб бериши мумкин — тинчлик сари йўл очиладими ёки можаро янада чуқурлашадими, ҳозирча номаълум.

25 сентябр 2025. Ҳамас учун "ҳал қилувчи жанг", Исроил Ғарбий соҳил чегарасини ёпди, Ғазога журналистлар киритиладими?

Janglar

Сурат манбаси, Anadolu/Getty Images

Исроил қўшинлари Ғазо шаҳри марказига яқинлашди, Ҳамас эса кўча жангларига тайёргарлик кўрмоқда. Исроилдан Ғазога журналистларни киритиш сўралди. Исроил Ғарбий соҳилни боғловчи ягона халқаро чегара ўтиш нуқтасини ёпди.

Исроил қўшинлари Ғазо шаҳри марказига яқинлашди, Ҳамас жангчилари эса шиддатли кўча жанглари бошланиши олдидан куч тўпламоқда.

Минтақадаги минглаб фаластинликлар ўтган ҳафта Исроил қуруқликдаги ҳужумни бошлаганидан бери шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди.

Исроил Ғазо шаҳрини Ҳамаснинг "сўнгги таянч нуқтаси" деб, мақсад "террорчиларни йўқотиш" ва қолган 48 та гаровдагиларни қутқариш эканини айтмоқда. Улардан 20 нафари тирик, деб тахмин қилинади.

Алоқадор мавзулар:

BBC Исроил танкининг Ҳамид чорраҳасидаги видеолавҳасини тасдиқлади, у марказдаги "аш-Шифо" касалхонасидан тахминан 1,5 км узоқликда турибди. Исроил зирҳли техникалари Ғазо шаҳри жанубидаги БМТнинг асосий марказига ҳам яқин келгани хабар қилинди. Бу ер шаҳар марказидан тахминан 700 метр узоқда.

BBC Ҳамас вакили билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, гуруҳ минглаб жангариларни шаҳарга жалб қилишга тайёр. Бу эса ҳали ҳам минглаб тинч аҳоли яшаб турган зич шаҳар муҳитида қонли тўқнашувлар хавфини кучайтиради.

Anadolu/ Getty Images
Xalqaro jurnalistlar endi G‘azoga kirishi shart. Shunda u yerdagi falastinlik muxbirlar bilan yukni bo‘lishib, faktlarni butun dunyoga yetkazamiz.
Devid Dimblbi
BBC (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Унинг айтишича, гуруҳнинг ҳарбий қўмондони Изалдин ал-Ҳаддад бутун Ғазодаги барча жангариларга шаҳарга тўпланиш ва "сўнгги, ҳал қилувчи жанг"га тайёр туриш буйруғини берган.

Исроил Мудофаа Кучлари (IDF) ўтган ҳафта шаҳарда 3 000 гача Ҳамас жангариси борлигини тахмин қилди. Ҳамас вакили эса уларнинг 5 000 жангариси борлигини айтди ва ҳатто худкушлик ҳужумлари билан таҳдид қилди. Аммо сўнгги тўқнашувларда Ҳамас бу усулни кенг қўлламаган. BBC бу рақамларни мустақил текшира олмайди ва Ҳамас расмий изоҳ бермади.

BBC ва ахборот агентликлари Исроилдан хорижлик журналистларни Ғазога киритишни сўраб филм чиқарди

Ga'zo

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

BBC ва учта халқаро ахборот агентлиги Исроилдан хорижлик журналистларни Ғазога киритишни сўраб, қисқа филм чиқарди.

У BBC, Agence France-Presse (AFP), Associated Press (AP) ва Reuters ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Унга BBCнинг тажрибали журналисти Дэвид Димблби овоз берган.

"Халқаро журналистлар энди Ғазога кириши шарт. Шунда у ердаги фаластинлик мухбирлар билан юкни бўлишиб, фактларни бутун дунёга етказамиз", дейди у.

Хорижлик журналистлар Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябр ҳужумидан кейин Исроил Ғазода ҳарбий амалиёт бошлаганидан бери мустақил равишда кириши мумкин эмас. Фақат саноқли журналистлар Исроил қўшинлари назоратида қисқа муддатга киритилган.

Исроил Мудофаа Кучлари (IDF) аввалроқ "журналистларнинг Ғазода хавфсиз хабар беришини таъминлаш учун" улар фронтга борганда ҳарбийлар ҳамроҳлик қилишини айтганди.

BBC бу масалада изоҳ сўраб Исроил ташқи ишлар вазирлиги ва IDF билан боғланди.

Ўтган йили Исроил Олий суди Ғазога кириш чекловларини хавфсизлик нуқтаи назаридан тўғри деб топган эди.

"7 октябрда Ҳамаснинг жиноятларига дунё гувоҳ бўлганига қарийб икки йил бўлди. Ўшандан бери Ғазода уруш давом этмоқда, аммо халқаро журналистлар у ерга киритилмаяпти. Энди биз Ғазога киритилишимиз керак. Фактларни бутун дунёга етказиш учун, маҳаллий журналистлар билан бирга ишлашимиз керак,", дейди BBC News бош директори Дебора Турнесс.

Исроил ягона чегара нуқтасини ёпгани учун Ғарбий соҳилдаги фаластинликлар қийин аҳволда қолди

G'arbiy sohil

Сурат манбаси, Reuters

Исроил Ғарбий соҳил билан қўшни Иорданияни боғлайдиган ягона чегара ўтиш нуқтасини ёпди. Бу икки миллиондан ортиқ фаластинликларни ташқи дунёдан узиб қўйди.

Алленби кўпригини назорат қилувчи Исроил аэропортлар бошқармаси чегара ўтиш нуқтаси чоршанба тонгидан номаълум муддатгача ёпилишини билдирди. Бу қарор "сиёсий раҳбарият кўрсатмасига кўра" қабул қилинганини айтди, аммо сабабини ошкор этмади.

Натижада Ғарбий соҳилдаги кўплаб фаластинликлар режалаштирилган сафарларини амалга ошира олмаяпти. Чет элдаги фаластинликлар эса уйларига қайта олмаяпти.

Бу воқеа кўприк яқинидаги отишмадан кейин содир бўлди. Иорданиялик бир киши икки нафар исроиллик ҳарбийни отиб ўлдирди ва ўша ернинг ҳужумчи ҳам ўлдирилди.

Ўшанда чегара қисқа вақтга ёпилган, кейин яна очилган эди.

Таниқли фаластинлик сиёсатчи Мустафо Барғутий BBCга чегарани ёпиш "хавфли қадам" эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу Ғарбий соҳил аҳолисини "қамаб қўйиш" ва "уларни ягона чиқиш йўлидан маҳрум қилиш" дегани.