Огоҳ бўлинг: киберфирибгарлар! Тошкентда "кибербункер" фош этилди

Сурат манбаси, Getty Images
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Чилонзор туманида киберфирибгарлар гуруҳи фош этилганлиги хабар берилди.
Бошқарма веб-саҳифасида нашр қилинган маълумотга кўра, фирибгарлар "кибербункер" яратиб, ўша ердан фаолиятларини олиб боришган.
Ушбу "кибербункер" одамларни алдаш йўли билан пул ундириш мақсадида Чилонзор туманида жойлашган кўп қаватли уйнинг ертўласида ташкил этилгани ва у ерда 16 нафар оператор ишлагани ҳам маълум қилинган.
"Кибер фирибгарлик кўпаймоқда"
Ички ишлар бошқармасига кўра, "сўнгги йилларда онлайн савдо ва рақамли тўловлар аҳолига қулайликлар яратмоқда. Бироқ айрим шахслар ушбу имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, машҳур савдо платформалари номидан чиқиш орқали фуқароларни алдашни тизимли фаолиятга, айрим ҳолларда эса "оилавий бизнес" даражасигача олиб чиққани аниқланган".
Бошқарманинг маълум қилишича, одамларни алдаш йўли билан пул ундириш мақсадида Чилонзор туманидаги калл-марказдан фуқароларга қўнғироқ қилиниб, уларни гўёки Uzum Market савдо иловасининг "ютуқли ўйини" ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берилган. Улар "совға" учун тўлов фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан ўзлари айтган ҳисобга пул ўтказилишини, кейинчалик эса ушбу маблағлар уларнинг корхонаси томонидан қоплаб берилишини ваъда қилишган. Натижада қатор жабрланувчилардан маблағлар ундиришга эришишган.
Ички Ишлар бошқармаси шунингдек, бошқа турли йўллар билан ҳам мижозларни алдаш амаллари йўлга қўйилганлигини билдирган.
Бошқарма одамларни огоҳлантириб, номаълум қўнғироқлар, "ютуқ", "лимит ажратилди" каби ваъдаларга ишонмасликка, молиявий операцияларни фақат расмий иловалар ва қонуний шартномалар асосида амалга оширишга даъват қилган.
Жиноий колл-марказ ёки кибербункер нима?

Сурат манбаси, Getty Images
Жиноий ва ноқонуний колл-марказлар ва кибербункерлар алдов йўли билан одамларнинг банк ҳисобларидаги маблағлари ёки шахсий маълумотларини қўлга киритиш, фириб йўли билан молия ундириш, хакерлик ҳужумларини амалга ошириш мақсадида ташкил қилинувчи жиноят туридир.
2025 йил апрель ойида "Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида" ги Ўзбекистон Президенти қарорида бу турдаги жиноятларга қарши жазо чоралари кучайтирилиши айтилганди.
Noma’lum qo‘ng‘iroqlar, "yutuq", "limit ajratildi" kabi va’dalarga ishonmang.
Бу каби жиноятларга қўл урганлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган.
Шу билан бирга, банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатидаги моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилиши ҳам қайд этилганди.
"Huquqiy axborot" Тelegram канали берган маълумотга биноан, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда сайтларни бузиб кириш, вирусли дастурлар тарқатиш каби ҳолатлар ҳақида ҳам хабарлар кўпайган.
Ижтимоий тармоқларда ҳам бу каби жиноят қурбони бўлганлардан ва кибер жиноят амаллардан огоҳлантирувчи хабарлар тез-тез кўзга ташланади.
Кибер жиноят йирик ва долзарб хавф
Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатларида кибер хавфсизлик масалалари бўйича конференцияда мутахассислар хакерлик сингари кибер жиноятлар миллий хавфсизликни таъминлаш ва ҳукуматлар расмий органларининг фаолиятига хавф солувчи омиллардан бири эканлигини урғулашганди.
Жаҳон бўйлаб мамлакатларда ҳам бу турдаги жиноятлар кенг тарқалган.
2024 йилги маълумотларга кўра, кибер жиноят кўлами бўйича жаҳонда Россия етакчи ўринда эди. Ундан сўнг Украина, Хитой, АҚШ ва Нигерия каби давлатларда ҳам кибер жиноятлар кенг тарқалган.
Буюк Британия пойтахти Лондон учун масъул Metropolitan Police маълумотларига кўра, йилига уларга кибер жиноят қурбонлари бўлган бир неча миллион инсондан ариза келиб тушади. Бу улкан кўрсатгич.
Лекин Лондон полициясига кўра, одамлар бир қатор ўта содда чоралар билан ўзларини бу каби жиноятлардан ҳимоя қилишлари мумкин:
- Ҳар бир фойдаланаётган аккаунт учун мураккаб ва турли калит сўзлар – "пароль" ишлатишга ҳаракат қилинг.
- Шахсий маълумотларни онлайн орқали улашманг.
- Компютер ва бошқа жиҳозлардаги вирусга қарши ва ҳимоя дастурларини мунтазам янгилаб боринг.
- Фақатгина ишончли ва қонуний веб-саҳифалардан ҳужжатларни юклаб олинг.
- Ўзингизга нотаниш ёки шубҳа уйғотувчи имейллар орқали юборилган юкламаларни очманг.
- Фақат https://, билан бошланадиган веб-саҳифалардан фойдаланинг, шунда ҳам адресни қайта-қайта текширинг.
- Жамоат ерларида WiFi дан фойдаланмасликка ҳаракат қилинг, ноиложликдан ишлатсангиз VPN орқали киринг.
- Ижтимоий тармоқларда жойлаштирган маълумотларингизни синчикловлик билан кузатинг.
- Интернет ёки телефон орқали сиз билан боғланган номаълум шахс ўзини таништирганидан мутлақо ўзга инсон бўлиши мумкинлигини назардан қочирманг.












