'Бедаво тумов манбаи туя эканлиги далили бор'

Сурат манбаси, Reuters
Шифокорлар инсонлар ўлимига сабаб бўлаётган янги вирус туялардан инсонга ўтгани борасида далиллар топишганини айтишмоқда.
Яқин Шарқ Тумови Синдроми дея юритилаётган вируснинг келиб чиқиши ҳайвонлар эканлиги шу вақтгача фақат гумон қилинганди.
New England тиббиёт журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, ушбу синдромни келтириб чиқарувчи вирусни туяларда ва туябоқарларда топишга муваффақ бўлинган.
44 ёшли туябоқар кейинчалик ушбу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Биринчи маротаба 2012 йил июн ойида кузатилган касаликка шу вақтгача 681 киши чалинган ва улардан 204 нафари вафот этган.
Жиддадаги Қирол Абдулазиз касалхонасига келтирилган туябоқар сал аввалроқ унинг туялари касал бўлгани ва уларни бурунга томизувчи дори билан даволаганини айтган.
Тадқиқотда айтилишича, ҳам туялар ва ҳам уларнинг эгасидан олинган ДНК текшируви натижасида улар чалинган вирус бир хил эканлиги намоён бўлган.
Нотингем университетидан профессор Жонатан Боллнинг айтишича, инсонлар ўлимига олиб келаётган бу галги вируснинг манбаи туялар эканлигига ишора қилувчи далиллар талайгина.
"Лекин бир нарсани ҳозирча аниқлай олганимиз йўқ. Бу вирус одамга нафас йўллари орқали ўтганми ё бошқа йўл биланми? Биз текширган туябоқар туяларга бурун орқали дори томизган, лекин бошқа томондан туя сутида ҳам бу вирус борлиги аниқланган", дейди профессор.
Аммо Кембриждаги Wellcome Trust Sanger Institute тадқиқот марказида ишловчи профессор Пол Келламнинг айтишича, туяларни инсон касаликка чалинганидан сўнг текшириб кўрилгани, вирус дастлаб кимдан-кимга ўтганлигини аниқлик билан айтишга асос бермаяпти.
"Буни аниқлик билан айтиш учун дастлаб вирусга чалинган туялар подасини аниқлаб, шундан кейингина инсонга ўтганлигини кузатиб, исботлаш керак бўлади".
Ушбу касалликнинг тарқаши оқибатида ўтган йили муқаддас Ҳаж зиёратига келувчилар учун огоҳ берилганди.
Ҳозир Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти касалликка даво топиш ва унинг тарқалишини жиловлаш учун халқаро мутахассисларни жалб этмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002
Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.












