Ғазода ҳалок бўлганларнинг сони 400 дан ошган

Сурат манбаси, AFP
Исроил Ғазонинг Шежайя туманини бомбардимон қилгани оқибатида 80 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.
Бу 8 июлда Исроил Ғазо бўлгасидаги жангариларни нишонга олиб бошлаган бомбардимонларининг энг кучлиси бўлган.
Ғазо шаҳридан шарқдаги Шежайя тумани ҳужумга тутилиши ҳақида Исроил аҳолини огоҳлантирган, бироқ бу ерда 80 минг аҳоли истиқомат қилиши, ҳамма ҳам туманни тарк этишга қодир эмаслиги айтилган.
"Франс Пресс" ахборот агентлигининг Ғазодаги шифокорларга таяниб хабар беришича, Шежайя ҳужумлари оқибатида 87 инсон ҳалок бўлган.
20 июл куни тушки соат 13:30 дан соат 15:30 гача Исроил ўт очишни вақтинча тўхтатишга рози бўлган.
Ўт очиш икки соат эмас, бир соат давом этган.
Шу бир соат ичида "тез тиббий ёрдам" машиналари ўлган инсонларнинг жасадлари ва жароҳатланганларни олиб чиқиш учун Шежайяга шошилган.

Сурат манбаси, REUTERS
Бу ерда яшайдиган кишилар эса зудлик билан ҳудудни тарк этишга ҳаракат қилганлар.
Би-би-си мухбири Пол Адамс мавзега борган пайтида одамлар фақатгина болаларини олиб қўлларига олиб қочаётганларини кўрган.
Инсонларнинг жасадлари кўчаларда, биноларнинг вайроналари, шу жумладан, масжид вайронаси остида ҳам ётипти, деб айтишган шежайяликлар.
Исроил Ҳамас жангариларига қарши ҳарбий амалиётларини янада кенгайтиришга қарор қилгани ҳақида билдирган.
Фаластин тиббиёт мулозимларига кўра, Исроил амалиётлари бошланганидан бунё ҳалок бўлган инсонлар сони 425 кишига етган.
БМТга кўра, ҳалок бўлганларнинг аксари тинч фуқаролардир.
Айни пайтда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Қатарга борган.
У ерда Пан Ги Мун билан Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан учрашуви мўлжалланган.
Араб Лигаси Шежайя туманига Исроил ҳужумларини қоралаб чиққан, яҳудий давлатини "уруш жиноятлари" содир этаётганликда айблаган ва ҳужумларни "зудлик билан тўхтатиш"га чақирган.
Исроил томони Ҳамас ўз ҳудудини ракета ҳужумларига тутишда давом этаётгани ҳақида айтмоқда.












