Исроил Ғазога қуруқликдаги амалиётларини бошлаган

Сурат манбаси, Other
Ҳамасга қарши мўлжалдаги ҳужумни бериш учун армия ва танклар Ғазо бўлгасига йўналтирилди, деб айтган Исроил.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху томонлар ўртасида бир неча кунлик ракета ҳужумлари ортидан Ғазога қўшин киритишга буйруқ берган.
Ҳамас матбуот воизи Исроил ўз ҳаракатлари учун қиммат тўлашига тўғри келишини таъкидлади.
Айни вақтда Ғазодан қурбонлар ҳақида янги хабарлар келмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, қуруқликдаги ҳужумлар бошланган бир кун ичида 24 фаластинлик ўлдирилган, 200 нафари яраланган.
Қурбонлар орасида 5 ойлик чақалоқ ҳам бор, деган шифокорлар. Исроил бир вақтнинг ўзида 14 жангарини яксон қилишга муваффақ бўлганини айтмоқда.
Шу билан бирга, Исроил бир аскарини йўқотиб, икки ҳафталик ҳужумлари натижасида илк қурбонини берган.

Сурат манбаси, Reuters
Исроилнинг 8 июлда бошлаган ҳаво ҳужумлари 258 фаластинликнинг умрига зомин бўлди, ўлдирилганларнинг тўртдан уч қисми тинч фуқаролардир, деб хабар беради Фаластин расмийлари.
Оғир тўқнашувлар
Исроил ҳарбийлари таъкидлашича, Ҳамас келишувни рад қилганидан сўнг, ердаги ҳарбий амалиётларни бошлашга қарор қилинган.
Бироқ Ҳамаснинг қуролли ўнг қаноти келишув борасида расман мурожаатни олмаганини айтади.
Ғазодаги Би-би-си мухбири Пол Адамсга кўра, қуруқликдаги ҳарбий амалиётлар борасида тўлиқ тафсилотларни олиш қийин. Шунингдек, ҳали Исроил кенг миқёсдаги амалиётларини бошлаган эмас, дейди Би-би-си мухбири.
Ғазонинг шимол ва жануби бир вақтнинг ўзида ҳаводан кучли ҳужумга тутилган. Исроил ҳарбийсига кўра, армия кучлари чегарадаги ерости йўлини яксон қилишга эришганлар.
Унинг айтишича, армия аҳоли кам шимолий ҳудудда турибди. Ҳарбийлар ичкарига ҳаракат қилишдан олдин ичимлик суви текширишмоқда ва армия учун хавфсизлик даражасини чамалашмоқда.
Лекин Бош вазир Нетаняху жаноблари Ҳамасга кучли зарба бериш мақсадида аҳоли гавжум туманларга киришга қарор берган. Бу тинч аҳоли учун яна фожеали оқибатларга олиб келиши эҳтимолини кучайтиради.
Исроил янги амалиётлар учун пайшанба кечқурун заҳирадаги 18 минг аскарни жалб қилишини айтди.
Ҳамас раҳбари Холид Машъал Исроилнинг ердаги ҳаракатларини барбод этишга ваъда қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
"Босқинчи Исроил ҳаво ва денгиз орқали амалиётлари орқали ниятига эришолмаган экан, ердаги ҳаракатлари билан ҳам мақсадига етолмайди", дейди Ҳамас раҳбари.
Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ердаги рейдлар катта қон тўкилишларга олиб келишидан огоҳлантириб, Исроилни ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Яқиндагина миллий бирликка келишган ФАТХ ва Ҳамас раҳбарлари Қоҳирада Миср расмийлари билан учрашганлар.
Томонлар келишув шартларини муҳокама этишлари кутилади.
Бундан олдин Исроил фаластинликлар озиқ-овқат, дори-дармон ғамлаб олишлари учун қисқа муддат ўт очишни тўхтатди. Келишув беш соат давом этган.
Исроил 8 июлдан бери Ғазога 1960 ҳужумни амалга оширган, фаластин жангарилари 1380 ракета учирганлар.
БМТ ҳисобича, Ғазода 1370 уй буткул вайрон этилган, 18 мингдан ортиқ инсон уйларини ташлаб чиққан.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












