Украина исёнчилари "учоқ ҳалокати борасидаги далилларни йўқ қилишмоқда"

Сурат манбаси, Getty
Украина Россияпараст бўлгинчиларни "Малайзия ҳаво йўллари" учоғи қулаган ҳудуддаги "ҳалқаро жиноятлар" далилларини йўқ қилишда айблаган.
Расмий Киевга кўра, исёнчилар халқаро терговчилар ва украин экспертларини терговни бошлашларига тўсиқлик қилишаяпти.
Ишонилишича, MH17 парвози пайшанба куни шарқий Украинадаги исёнчилар назорат қилувчи ҳудуддан отилган ракета билан уриб туширилган.
"Боинг-777" учоғида бўлган 298 одамнинг ҳаммаси нобуд бўлган.
"Россия бўлгинчиларга кўмак бераяпти"
Жума куни Вашингтонда ўтган матбуот анжуманида Президент Барак Обама Малайзия лайнериянинг ҳалокатига бўлгинчилар бошқараётган ҳудуддан отилган ракета сабаб бўлганини айтди.
Обама бу ҳодисани "мисли кўрилмаган кўламдаги можаро" деб атади ва фожеа ҳақидаги ҳақиқат қалқиб чиқишини шахсан ўзи кузатиб боришини айтди.
Унга кўра, Украина шарқидаги бўлгинчилар аввал ҳам учоқларни уриб туширганлар ва Россия уларга қуроллар, тажрибали инструкторлар ва ҳатто ракеталар билан ёрдам бермоқда.

Сурат манбаси, AFP
Айни дамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда ўтказган йиғинда АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр ҳам Россиянинг Малайзия лайнери ҳалокатига эҳтимолий алоқаси ҳақида гапирди.
Ўз нутқи бошида учоқда ҳалок бўлган болалар ҳақида гапира туриб, ўзини йиғлашдан зўрға тийган Пауэр хоним масъул шахслар маҳкама тортилиши йўлида ҳамма нарса қилинишини айтди.
Унинг айтишича, агар Россия қўллаб-қувватлаётган исёнчилар Малайзия учоғи ҳалокатига масъул бўлсалар, улар ва уларнинг ортида турганлар албатта ўз айбларини исботловчи далилларни яширишга уринадилар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












