Оврўпо Иттифоқи санкциялари ўнлаб Россия мулозимларига таъсир қилиши мумкин

Оврўпо Иттифоқи Россиянинг Украинадаги амалларига қарши жазо чоралари доирасида Оврўпо Иттифоқи давлатларига кириши ман этиладиган ва банк ҳисоблари музлатиладиган Россия мулозимларининг узун рўйхатини тайёрлаган.

Оврўпо Иттифоқи расмийларининг билдиришларича, келгуси бир неча кун ичида якуний рўйхат эълон қилинади. ОИ расмийсига кўра, жазо чораларига тутиладиган мулозимлар рўйхатига "сиёсий аҳамиятли" одамлар киритилади.

Якуний рўйхатда Россия ҳукумати ва армияси вакиллари бўлиши кутилади.

Брюсселдаги Оврўпо Иттифоқи давлатлари элчилари якшанба куни ташқи ишлар вазирларининг расмий учрашуви арафасида йиғиладилар.

"Аъзо давлатлар Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини бузадиган ва унга таҳдид соладиган амаллар учун масъул шахсларнинг Оврўпо Иттифоқига кириши ёки Оврўпо Иттифоқи ҳудудидан ўтишини бартараф қилувчи зарур чораларни қабул қиладилар", - дейилади ҳужжатлардан бирида.

Хабар қилинишича, Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров афтидан музокаралар имкониятини йўқ қилмаслик учун бу рўйхатга киритилмайдилар.

Санкциялар душанба куни 17 мартда Оврўпо Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги учрашувида, яъни Қрим мақоми борасидаги референдумдан бир кун ўтиб расман эълон қилинади. Агар Путин Украина ҳукумати билан бевосита музокаралар ўтказишга рози бўлса, санкциялар эълон қилинмайди.

Украинанинг янги ҳукумати ва Ғарб давлатлари якшанбага мўлжалланган референдумни ноқонуний деб биладилар ва Москвани Россия қўшинларининг Украинага киритилиши ва Қримнинг қўшиб олинишини тўхтатишга чақирмоқдалар.

Агар Россия босимга жавоб бермаса, Оврўпо Иттифоқи кўпроқ чораларни қўллаши мумкин. Бу чоралар сирасига Россияга қурол-аслаҳа сотишга эмбарго, ҳамда бошқа савдо чекловлари кириши мумкин.

Кейинги чоралар Путин шахсига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.