Қозоғистон Украина ва Россияни муаммони куч ишлатмасдан ечишга чақирди

Сурат манбаси, UNIAN
- Author, Шодиёр Сайф
- Role, Би-би-си, Олма-ота
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ечим халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланиши кераклигини билдирган.
Қозоғистонлик бир гуруҳ фаоллар эса Россия элчихонаси олдида норозиклик акцияси ўтказиб агрессияни тўхтатишни талаб қилишган.
Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон ўз позициясини максимал мувозанатда қуришга ҳаракат қилганини билдирган.
“Қозоғистон Украинадаги ҳодисаларнинг ривожидан ўзининг чуқур хавотирини билдиради. Тангликнинг бундан кейин ҳам ортиб бориши минтақавий ва глобал миқёсда кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Қозоғистон икки томонни ҳам вазиятни тўғрилашнинг куч ишлатар вариантларидан воз кечишга ва вужудга келган муаммони музокаралар орқали ечиш учун максимал сиёсий куч ишлатишга чақиради. Ушбу ечим халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принципларига асосланиши керак”, - деган Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Жонбўлат Усенов.
Россия ва Украина ҳодисалари манзарасида президент Валидимир Путин Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоевни 10-11 март кунлари Москвага таклиф қилди.
“11 март куни белгиланган музокараларда икки томонлама ҳамкорлик ва долзарб халқаро муаммолар олий мақомда муҳокама қилинади”, - дейилади Кремл матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Бир гуруҳ қозоғистонлик фаоллар Олма отадаги Россия элчихонаси олдида тўпланиб Россиянинг Украинага қўшин киритиш қарорига норозилик билдирди.
“Ҳурматли дўстлар, ҳозир дунёда жамоатчилиги Россиянинг агрессиясига қарши чиқмоқда. Сепаратизмга йўл бермаслигимиз керак. Урушга бутун олам қарши. Ҳуқуқи ва асоси бўлмаган Россия Украинадан қўлингни торт”, - дейди сиёсатчи Мухтар Тайжан.
Қозоғистонлик фаоллар Украина ҳодисаси Қозоғистоннинг ҳам бошига тушиши мумкинлигидан хавотирга билдиришмоқда.
“Украинадаги русларга ва русийзабонларга Россиянинг фуқаролигини бериб, паспортини тарқатяпти. Шу орқали улар бошқа бир давлатда яхлит Украина диёрида сепаратизм вазиятини юзага келтиряпти. Бизнинг шимолдаги Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Шарқий Қозоғистон, Ўрол вилоятларимизнинг ҳаммасида руслар кўплигини биласизлар. Ушбу одамларга эртага Путин, Россия келиб паспорт тарқатиши мумкин”, - дейди журналист Қасим Аманжол.
Йиғилганлар Украина ва Қозоғистон мадҳиларини жўр бўлиб куйлашди.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари Украинадаги сўнгги ҳодисаларга расмий муносабат билдиргани йўқ.
Минтақадаги Тожикиистон ва Қирғизистон ҳудудларида Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган. Ташқи савдодаги асосий ҳамкори Россия саналадиган Ўзбекистон ҳукумати ҳам ушбу ҳодисаларга бирор муносабат билдирмаган.












