'Йирик еттилик Сочи саммитига келмайди'

АҚШ Президенти Обама Россия Президенти Путинни Сурия масаласида ҳам кўндира олмаган эди.
Сурат тагсўзи, АҚШ Президенти Обама Россия Президенти Путинни Сурия масаласида ҳам кўндира олмаган эди.

Ғарб давлатлари раҳбарлари Россиянинг Қримдаги ҳарбий ҳаракатларига қарши кескин баёнотларига Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров жавоб қайтарган.

"Вазиятни босқинчилик деб атаб, турли санкциялар билан қўрқитаётган бизнинг ҳамкорларимиз, ўзлари Украинадаги сиёсий вазиятни мулоқот йўли билан ҳал этилишини хоҳламадилар, Украина шарқ ва жануби ўртасидаги тарангликка эътиборсизлик билан муносабатда бўлдилар, натижада ушбу бўлиниш юзага келди", деб айтган Лавров.

Жаноб Лавров шунингдек, Владимир Путиннинг Россия қўшинларини Украинадаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлашганига қадар ушлаб туриш таклифи Украинадаги радикалларни хушёр қилади, деб умид билдирган.

Сергей Лавров айни пайтда Россиянинг Қора Денгиз флотига қарши бузғунчилик тайёрланаётгани ҳақида хабарлар борлигини уқтирган.

Россия ҳукумати Украинанинг янги ҳукуматини ҳамон ноқонунийликда айбламоқда.

Би-би-си мухбири Россия қўшинлари икки кундирки, Қримдаги базаларни қамал қилиб турганини хабар қилади.

Украина бош вазири Арсений Яценюк Қримни ҳеч кимга берилмаслигини айтди. "Россиянинг Украинанинг тинч фуқароларига қарши куч ишлатиш ва қўшинларини киритишга ҳеч бир асос йўқ эди", деган у матбуот анжуманида.

21 асрда Оврўподаги энг катта инқироз

Киевда Украина раҳбарлари билан учрашаётган Британия ташқи ишлар вазири Уильям Хейг Россиянинг Украинага муносабатини "21 асрда Оврўподаги энг катта инқироз" га қиёслади.

Биз қабул қилиб бўлмайдиган халқаро муносабатни кўриб турибмиз ва бу амал Россияга жуда қимматга тушади, деб таъкидлаган Хейг.

Душанба куни дунёнинг етакчи етти давлати раҳбарлари Россиянинг Украинага қўшин киритганини қоралаб, июн ойида Сочида ўтиши режалаштирилган йирик саккизлик саммитида қатнашишга тайёргарликни бекор қилганлар.

Шунингдек, Россиянинг саккизлик таркибидан чиқарилиши ҳам истисно қилинмаяпти.

"Биз, Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия ва АҚШ раҳбарлари, ҳамда Оврўпо Иттифоқи ва Оврўпо Комиссияси президентлари Россиянинг Украина ҳудудий бирлиги ва мустақиллигига дахл қилганини қоралаймиз", дейилади еттилик мурожаатида.

"Ҳақиқий дунёдан узилган"

Якшанба куни Олмония канцлери Ангела Маркел вазиятнинг мураккаблигига қарамасдан, Россиянинг "йирик саккизлик" таркибидан чиқариш мақсадга мувофиқ эмаслиги, бу Россия билан воситачиларсиз музокара қилиш имконини беришини айтганди.

Унга кўра, Путин Қримдаги вазият борасида халқаро кузатув гуруҳини тузишга розилик билдирган.

New York Times газетининг ўз манбаларига иқтибосан келтиришича, Путин билан мулоқотдан сўнг Обама билан гаплашган Меркел хоним Россия президенти ҳақиқий ҳаётдан узоқлашгани борасида шубҳасини айтган.

Ундан олдин Барак Обама Украинага ўз қўшинларини юбориш билан Россия халқаро қонунларни бузаётганини айтганди Путин билан телефон сўзлашувида.

Президент Обамага жавобан Президент Путин Россия ўз манфаатлари ва Украинадаги рус тилида сўзлашувчи аҳолини ҳимоя қилишга ҳаққи борлигини урғулаган.

АҚШ Украинанинг иқтисодий бўҳрондан чиқиб олиш учун катта миқдорда молиявий ёрдам ваъда қилмоқда.

Душанба куни Украинага АҚШ Давлат котиби Жон Керри ташриф буюриши кутилади.