Украина инқирози: "Қрим аэропортларини россияликлар ишғол қилди"

Сурат манбаси, c
Украина Ички ишлар вазири Россия денгизчи кучларини Севастопол ҳаво қўнолғасини ишғол қилишда айблаб чиққан.
Арсен Аваков буни "қуролли босқин" деб таърифлаган.
Россия Қора Денгиз Флоти эса, рус қўшинлари бу ишга бош қўшганлари ҳақидаги даъвони рад этган.
Аввалроқ, қуроллилар Севастополдаги эски аэропорт биносини қўлга олишгани ҳақида хабар қилинганди.
Ушбу ҳаво қўнолғасидан учоқлар ҳавога кўтарилмайди, аммо парвозларни назорат қилувчи минора жойлашган.
Қуроллилар ким?
"Қуроллилар тун чоғи юк машиналарида келишган", дейди Украинадаги мухбиримиз. Унинг айтишича, қуролли шахслар махсус белгиси бор ҳарбий кийим-бошда эмас, фақат бошларига каска ва устларига ўқдан ҳимоя қилувчи совут кийишган, бироқ бир хилда эмас. "Оёқларида ҳарбийликникига ўхшаш, аммо кўпроқ оддий одамлар киядиган қора этик", дейди мухбиримиз.
"Уларнинг Украина армиясига тааллуқли эмаслиги аниқ", дейди мухбиримиз. Ўзлари ким эканларини айтишни исташмаган, бироқ россияпараст фаоллардан ёрдам олишгани хабар қилинади.
Қримнинг Симферополдаги ҳаво қўнолғаси ҳам қуроллилар тарафидан ишғол қилинган. Улар россияпараст жангарилар экани тахмин қилинмоқда.
Украина парламенти БМТ Хавфсизлик Кенгашини Қримдаги вазиятни муҳокама қилишга чақирган.
Танглик
Киевда кечган зўравон тўқнашувлар ва Януковичнинг ағдарилишидан кейин Украина инқирози Қримга кўчгандек гўё.
Россия ва Укриана ўртасидаги муносабатлар Президент Янукович қудратдан кетказилганидан бери таранглашган.
Ушбу танглик, айниқса, азалдан россияпараст бўлиб келган ва аҳолисининг аксарияти русларни ташкил қилувчи Қримда яққол кўзга ташланади.
Москвадаги Би-би-си таҳлилчиси Бриджет Кендалга кўра, Қрим Украина янги раҳбарлари ва ҳамон Россияга садоқатли сиёсатчилар ўртасидаги асосий кураш майдонига айланган.
Пайшанба куни номаълум қуроллилар парламент биносига куч билан кириб боришган ва том тепасига Россия байроғини ўрнатишганди.
Кейин Қрим парламенти 25 майда минтақа мухториятини кучайтириш бўйича референдум ўтказиши мумкинлигини эълон қилди.
Маълумки, боя айтганимиздек, аксар этник руслар истиқомат қиладиган Қрим мухтор ўлкаси 1954 йил Россия таркибидан Украинага ўтказилган.
Киевга содиқ этник украинлар ва мусулмон татарларнинг Россияга адовати Иккинчи Жаҳон Уруши пайтига, Сталин томонидан қилинган сургун даврига бориб тақалади. Улар Москвага қайтишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатга қаршилик қилиш учун иттифоқ тузишган.
Россия Украинадаги вазият борасида мавқеини расман қандай изоҳламоқда?
Ҳафта бошларида Россия Президенти Украина билан чегара яқинида қўшинларни жанговор ҳушёр ҳолатга келтиришга буйруқ бериши ортидан Қўшма Штатлар Давлат котиби барча томонларни "ҳар қандай иғвогарона ҳатти-ҳаракатлардан тийилиш"га чақирганди.
Керри жаноблари Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан бу ҳақда гаплашгани ва у Украинанинг "ҳудуди бирлигини" ҳурмат қилишга ваъда берганини айтди.
Россия, шунингдек, АҚШ, Британия ва Франция билан бирга Украина ҳудудий бирлигига оид 1994 йил имзоланган ҳужжатни дастаклашга ваъда берган.
Айни пайтда Россия Президенти Владимир Путин ўз ҳукуматини Киев билан алоқаларни давом эттириш ва ҳатто Ғарбнинг мамлакат иқтисодини дастаклашга оид саъй-ҳаракатларига қўшилишга даъват қилди.
Аммо, жаноб Путин Қрим ҳукуматига инсонпарварлик ёрдам ҳам беришини айтган.












