Сурия бўйлаб жанглар "янада шиддатлироқ тус олган"

Сурия бўйлаб жанглар шиддатли тус олмоқда
Сурат тагсўзи, Сурия бўйлаб жанглар шиддатли тус олмоқда

Женевада тинчлик битимига эришиш ҳаракатлари давом этар экан, Суриядаги фаоллар мамлакат бўйлаб жанглар янада шиддатлироқ тус олганини хабар қилишмоқда.

Суриянинг Инсон Ҳуқуқларини кузатиш гуруҳи ўтган уч ҳафта давомида ҳар куни 200дан ошиқ одам ҳалок бўлганини билдирган.

Унга кўра, ҳам ҳукумат кучлари ва ҳам исёнчилар кўпроқ ҳудудларни ўз назоратлари остига олишга уринмоқдалар.

Унинг қўшимча қилишича, бу уларга музокаралар чоғида кучлироқ мавқега эга бўлишга ёрдам бериши мумкинлиги билан изоҳланади.

Швейцарияда Сурия ҳукумати ва мухолифат гуруҳлари орасидаги музокаралар давом этмоқда, аммо қандайдир келишувга эришилишига ишора йўқ.

Фаолларга кўра, 22 январдан бери уч ҳафта давомида 4959 одам ҳалок бўлган.

Уларнинг учдан бир қисми оддий фуқаролар, жумладан 515 аёл ва болалардир.

Уларнинг айтишича, можаро 2011 йил мартида бошланганидан бери бу уч ҳафта ичида юз берган энг катта талафотдир.

Мухолифатга алоқаси бўлмаган Суриянинг Инсон Ҳуқуқларини кузатиш гуруҳи иддаоларини мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Чоршанба куни БМТ дастури асосида қамал ичидаги Ҳомснинг Эски шаҳар ҳудудидан оддий одамларни олиб чиқиш ва озиқ-овқат етказиб бериш ишлари давом этган.

Жума куни оташкесинга эришилганидан бери юздаб одамлар Ҳомсдан олиб чиқилган.

Бироқ, Сурия ҳукумат кучлари ушлаб турган ҳарбий ёшдаги эркакларнинг тақдири борасида хавотирлар сақланиб қолмоқда.

Чоршанба куни, шунингдек, Сурия ҳукумат қўшинлари Ливандаги шиа иттифоқчилари бўлмиш Ҳизбуллоҳ ёрдамида Ливан чегарасига яқин мухолифат қўлидаги стратегик шаҳар – Ябрудга ҳужумларини оширган.

Шаҳарга камида 13 марта ҳаводан ҳужум уюштирилган.

Ливан расмийларининг Би-би-сига айтишларича, ўнлаб оилалар йирик ҳарбий амалиёт хавфи туфайли чегара оша Ливанга қочиб ўтмоқдалар.

Ҳақорат алмашиш

Айни дамда Россия бутун Сурия бўйлаб кўмак ходимларига йўл очиб берувчи БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига қарши чиқиши ортидан, Вашингтон ва Москва ўртасида кескин сўзлар алмашинилган.

Президент Обама Россия резолюцияга тўсиқ бўлиши билан Сурия ҳукумати билан бир қаторда “очидан ўлаётган оддий фуқарлар” учун жавобгар эканини айтди.

Россия ташқи ишлар вазирлигининг воизи бу танқидни “нохолис” дея тасвирлаб, Россиянинг Ҳомсдаги оташкесинга эришишдаги ролини урғулаган, ва Россия Вашингтон каби Суриядаги инсонпарварлик вазиятидан хавотирда эканини таъкидлаган.

Бироқ, Бирлашган Миллатлардаги Би-би-си мухбири Ник Брайантга кўра, Россия резолюция лойиҳасини рад этган бўлсада, у муқобил резолюция қабул қилинишига қарши бўлмаслиги мумкин.

Женевада Сурия ҳукумати ва мухолифат музокарачилари чоршанба куни яна юзма-юз кўришганлар.

Мухолифат оташкесин бузилмаслигини таъминлаш учун Муваққат бошқарувчи идора ташкил этилишини таклиф қилган.

Бу идора Суриядан барча хорижий жангчиларни чиқариб юбориш, инсонпарварлик ёрдамига йўл очиб бериш ва урушга сиёсий ечим топиш билан шуғулланиши таклиф этилган.

Лекин, Дамашқ вакиллари бу режани муҳокама қилишдан бош тортганлар. Уларга кўра, бу режа сиёсий саволларга муддатидан аввал қўл теккизмоқда.

БМТ элчиси Лахдар Браҳими музокараларда олдинга силжиниш бўлмаётганини қоралаган. У икки томонга ҳам босим ўтказилиши учун Россия ва АҚШ расмийларининг учрашувини бир кун олдинга сурган.

Музокараларнинг биринчи раунди ўтган ой ҳеч қандай келишувларсиз, ва ўзаро хақоратлар алмашинуви билан якун топди.

Президент Башар ал-Ассад ҳукумати ҳар қандай ҳукумат ўзгариши таклифига қарши чиққан.

Суриядаги фуқаролик уруши уч йил давомида 100 минг одамни нобуд қилди ва 9,5 миллион сурияликларнинг уйларини ташлаб қочишларига мажбур қилди.