Сурия: Душманлар бир хонада, лекин воситачи орқали гаплашмоқда

....Уруш туфайли 9,5 миллион одам уйини тарк этган. Ҳомс ишғол остида

Сурат манбаси, AFP Getty

Сурат тагсўзи, ....Уруш туфайли 9,5 миллион одам уйини тарк этган. Ҳомс ишғол остида

Сурия мухолифати ва ҳукумати Женевада "Сурияни асраб қолиш"га қаратилган музокараларда юзма-юз учрашмоқдалар, лекин бир-бири билан фақат воситачи орқали сўзлашадилар.

Ҳукумат вакиллик гуруҳининг аъзоларидан бири Би-би-сига мазкур музокараларнинг мақсади "террорчилик ва зўравонликка нуқта қўйиш" экани, бироқ баъзи мухолифатчилар "нафратга тўла" эканликларини айтди.

Томонлар тўлиқ тинчлик битими эмас, балки кичик ён босишларга умид қилишмоқда.

Дипломатик манбалар умид қилишича, томонлар Ҳомснинг ишғол остидаги ҳудудларига инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш борасида муросага келадилар.

Би-би-сининг Женевадаги мухбири Лина Синжабнинг айтишича, дипломатик саъй ҳаракатлар ўзаро ишончни уйғотиш, кичик маҳаллий оташкесинлар, тутқунларнинг озод қилиниши ва инсонпарварлик ёрдамига йўл очиб бериш каби жиҳатларга асосий эътиборни қаратмоқда.

Сурия Миллий Коалицияси раҳбари Аҳмад ал Жарба қийноққа солиниб ўлдирилгани даъво қилинган одамлар суратларини тақдим этди

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Сурия Миллий Коалицияси раҳбари Аҳмад ал Жарба қийноққа солиниб ўлдирилгани даъво қилинган одамлар суратларини тақдим этди

Бу каби кичик қадамлар ҳукуматдаги каттароқ ўзгаришларга йўл очиб бериши мумкин деб умид қилинади.

Ҳукумат делегацияси таркибида бўлган Суриянинг БМТдаги элчиси Башар Жафарий Би-би-сига "энг устивор масала террорчилик ва зўравонликка чек қўйиш" эканини айтди.

Аммо, айни дамда, у мухолифат коалициясини ҳукуматга нисбатан нафрат билан ёндошишда айблади.

Элчи жаноблари икки томон ҳар қандай мавзуда, ҳеч қандай шартларсиз ва яширин мақсадларсиз, мунозара олиб боришлари кераклигини айтди.

У Президент Башар Ассаднинг қудратдан кетиши ҳақида гапиришга ҳали "жуда эрта" эканини айтди ва бу масала "устивор" эмаслигини урғулади.

Президент Ассаднинг қўшинлари бир йилдирки исёнчилар ҳудудларини ўраб олган Ҳомсга инсонпарварлик ёрдамини олиб кириш йўлидаги дастури амал ишлаб чиқилган ва, агар келишилса, ёрдам яқин кунларда бу ҳудудларга кириб бориши мумкин.

Суриядаги фуқаролик уруши 2011 йилда бошланганидан бери 100 мингдан ошиқ одамни нобуд қилди.

Зўравонлик 9,5 миллион одамларни уйларидан қочишга мажбурлаб, Сурия ва унинг қўшнилари учун ўта йирик инсонпарварлик инқирозини яратган.