"Мусулмон Биродарлар" тарафдорлари Қоҳирадаги университет биносига ўт қўйишган

Ёнғин имтиҳон кетаётганда рўй берган.
Сурат тагсўзи, Ёнғин имтиҳон кетаётганда рўй берган.

Миср пойтахтида яқинда тақиқланган "Мусулмон Биродарлар" исломий ҳаракатининг тарафдорлари "Ал-Азҳар" университетининг икки биносига ўт қўйишди, деб хабар беради Миср телевидениеси.

Университет ҳудудида талабалар ва полиция ўртасидаги тўқнашувдан сўнг бу ҳодиса рўй берган.

Хабарда айтилишича, ёнғин университетнинг тижорат ва қишлоқ хўжалик факультетлари биноларида содир этилган.

Хавфсизлик ходимларига кўра, талабалар имтиҳон топширишларига йўл қўймаслик мақсадида атайин ўт қўйилган.

Жума куни Қоҳира ва бошқа шаҳарларда полиция билан тўқнашувлар натижасида уч киши ҳалок бўлганди.

Шунингдек автобус портлашидан беш киши жароҳатланган.

Миср ҳукумати полиция идораси олдида ҳудкуш ҳужумчининг 16 киши ўлими ва 100 дан ортиқ инсоннинг жароҳатланишига сабаб бўлган ҳаракати орқасидан "Мусулмон Биродарлар" ни террористик ташкилот деб эълон қилган.

"Мусулмон Биродарлар" эса ўзига қўйилаётган барча айбловларни инкор қилиш билан бирга, ҳақиқат тикланмагунча асло чекинмаслигини билдирган.

Миср муваққат ҳукумати июл ойидан буён "Мусулмон Биродарлар" ташкилотини таъқиб қилиб келади.

Муҳаммад Мурсийдан сўнг у бошчилигидаги исломий ташкилотнинг етакчи аъзолари ҳам бирин-кетин ҳибсга олинди. Ўтган ойда улар маҳкама қаршисига келтирилган. Маҳкама жараёни кейинги йил феврал ойида давом эттирилиши айтилган.

"Мусулмон биродарлар" тарафдорлари мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган биринчи Президенти Муҳаммад Мурсий шу йил 3 июлида ҳокимиятдан ағдарилганидан буён норозилик намойишлари ўтказиб келадилар.

85 йиллик тарихга эга исломий ташкилот 1954 йилда Мисрнинг ҳарбий бошқарувчилари томонидан тақиқланган, аммо шу йилнинг март ойида "Мусулмон биродарлар уюшмаси" номли ноҳукумат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга эришган.

2011 йилда тузилган Озодлик ва Адолат партияси ташкилотнинг сиёсий қаноти сифатида кўрилади.

Президент Мурсийнинг ағдарилиши ортидан Миср маъмурий маҳкамаси "Мусулмон биродарлар"нинг ҳуқуқий мақомини қайта кўриб чиқишга буйруқ берган.

"Ал-Азҳар"

Минг йил олдин ташкил қилинган "Ал-Азҳар" университети дунёдаги энг қадимий университетлардан бири саналади. Ал-Азҳар мусулмон оламининг энг нуфузли ва Яқин Шарқдаги энг катта ўқув даргоҳидир. Университет таркибидаги дунёвий факултетлар ўтган асрнинг 60 йилларида киритилган.

Охирги вақтда ҳукуматнинг университет ҳудудида бир неча бор полиция ва исломий талабалар ўртасида қарама-қаршиликлар келиб чиққан.