"Мусулмон биродарлар" террорчи ташкилот деб эълон қилинди

"Мусулмон биродарлар" курашни давом эттиришини айтган
Сурат тагсўзи, "Мусулмон биродарлар" курашни давом эттиришини айтган

Мисрнинг ҳарбийлар томонидан дастакланаётган муваққат ҳукумати "Мусулмон биродарлар"ни террорчи гуруҳ деб эълон қилган.

Ҳукумат шу ҳафта бошида полиция қароргоҳига уюштирилган ҳужум учун айни гуруҳ масъул эканини айтган.

Мисрнинг ҳарбийлар томонидан ағдарилган Президенти Муҳаммад Мурсий мансуб бўлган "Мусулмон биродарлар" бунгача ҳам расман тақиқланган эди.

Ташкилотнинг минглаб тарафдорлари ҳибсга олинган.

"Мусулмон биродарлар"нинг муҳожиротдаги раҳбари норозиликлар давом этишини айтган.

Ташкилотни террорчи гуруҳ деб эълон қилиш ҳақидаги қарор Бош вазир ўринбосари Ҳоссам Исса тарафидан эълон қилинган.

У гуруҳ аъзолари, уни молиялаган ва дастаклаганларнинг ҳаммаси жазога тортилишини айтган.

Муваққат ҳукуматнинг қарори сешанба куни Мансур шаҳридаги полиция қароргоҳига уюштирилган ҳужумга жавобдир.

Ҳужумда 16 киши ҳалок бўлган, 100дан ортиқ одам жароҳатланган.

"Миср, шимолдан то жанубга қадар, "Мусулмон биродарлар" содир этган даҳшатли жиноятдан ларзага келди", деб айтган жаноб Исса.

У Миср ҳукумати 1998 йилда терроризмга қарши биргаликда курашиш ҳақидаги битимни имзолаган бошқа араб давлатларини ҳам ўз қароридан огоҳ этишини билдирган.

"Мусулмон биродарлар"нинг ўзи Мансурдаги ҳужумга алоқадорлигини рад этади.

Ҳужум учун масъулиятни Ал-Қоидага алоқадор деб кўриладиган бошқа бир гуруҳ ўз зиммасига олган.

Айни пайтда пайшанба куни пойтахт Қоҳирадаги автобус яқинида юз берган бомба портлашида, Миср соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра 5 киши яраланган.

Хавфсизлик хизматидаги манбаънинг Би-би-сига айтишича, портлаш юз берган жой яқинида иккинчи бомба зарарсизлантирилган.

"Мусулмон биродарлар" тарафдорлари мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган биринчи Президенти Муҳаммад Мурсий шу йил 3 июлида ҳокимиятдан ағдарилганидан буён норозилик намойишлари ўтказиб келадилар.

85 йиллик тарихга эга исломий ташкилот 1954 йилда Мисрнинг ҳарбий бошқарувчилари томонидан тақиқланган, аммо шу йилнинг март ойида "Мусулмон биродарлар уюшмаси" номли ноҳукумат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга эришган.

2011 йилда тузилган Озодлик ва Адолат партияси ташкилотнинг сиёсий қаноти сифатида кўрилади.

Президент Мурсийнинг ағдарилиши ортидан Миср маъмурий маҳкамаси "Мусулмон биродарлар"нинг ҳуқуқий мақомини қайта кўриб чиқишга буйруқ берган.