Сурия: БМТ терговчилари кимёвий текширувларни қайта бошлади

БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича терговчилари Сурия пойтахти Дамашқ ташқарисида ўтган ҳафта юз берган ҳужумлар бўйича ўз текширувларининг иккинчи кунини бошлашган.
БМТ гуруҳи Дамашқ ғарбидаги ҳудудга душанба куни сафар қилганида снайперлар ҳужумига учраганлар.
Душанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри у ерда кимёвий ҳужум юз берганига "инкор қилиб бўлмас" далиллар мавжуд эканини айтган.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Сурияга қарши ҳарбий ҳужум қилишни ҳисобга олишмоқда, бироқ Россия бунга қарши огоҳлантириш билан чиққан.
Сурия ҳукумати ва исёнчилар ҳужум учун бир-бирини айблашган.
Чегара билмас шифокорлар ташкилоти Дамашқда ўзи фаолият олиб бораётган учта касалхонада "асаб заҳари" аломатлари бор 3,600 кишига муолажа қилганини айтган. Қабул қилинганларнинг 355 нафари жон берган.
АҚШ расмийлари Президент Башар ал-Ассад ҳукумати бунга масъул эканига "шубҳа кам"лигини айтди.
БМТ терговчилари душанба куни Муадҳамия мавзесида уч соат давомида касалхоналарга борган ва омон қолганлар, гувоҳлару шифокорлар билан суҳбат қилган.
БМТ воизи улар далил-исботлар йиғиб олганларини айтган.
Бироз аввалроқ БМТ каравони мерганлар ўқига учраб, ортга бурилишга мажбур бўлган, бироқ бироз кейин яна сафарга чиққан.
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун мазкур ҳодисани қоралади ва Суриядаги БМТ гуруҳини ҳукуматга арз қилишга чақирди.
Душанба куни кечроқ АҚШ Сурия борасидаги Россия дипломатлари билан режаланган учрашувини кечиктираётганини айтган ва буни "давом этаётган консультациялар" билан изоҳлаган.
Бир неча соат ўтиб Россия бундан таассуф билдирди. Икки томон Сурия можаросига сиёсий ечим топиш йўлида чоршанба куни Гаагада учрашишлари мўлжалланганди.
Британия Бош вазири Дейвид Камерон ўз таътилини эрта якунлаб, Сурия масаласи билан шуғулланиш учун Лондонга қайтган.
Душанба куни жаноб Камерон Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган. Камерон воизига кўра, Путин унга Сурия кимёвий қуролларни қўллагани ҳали исботланмаганини айтган.












