Миср қарама-қаршиликда...

Коҳирда қудратдан четлатилган президент Муҳаммад Мўрсий тарафдорлари ва мухолифлари намойишлари давом этмоқда.
Ҳар икки томон ўзининг нисбати ва қудрати кучлироқ эканлигини намойиш этиш илинжида.
Мамлакат Қуролли Кучлари раҳбари Абдулфаттоҳ ал-Сиссий ҳарбийлар томонидан Президентнинг четлатилишига халқ қўлловини намойиш этиш мақсадида кўчаларга чиқишга даъват қилганди.
Жаноб Мўрсий тарафдорлари бўлган "Мусулмон биродарлари" эса, улар таъбирича, ҳарбий тўнтаришга қаршилик кўрсатиш учун намойишларга чиқишга чақирган.
Жума кунги намойишлар бошланар экан расмийлар Муҳаммад Мўрсийга нисбатан қатор айбловларни илгари суриб, ҳибсга олиш буйруғини бердилар.
Ўта таранглашган сиёсий вазиятда жаноб Мўрсий сўроқ қилиниш учун 15 кунга ҳибсга олиниши ҳақида маълум бўлди.
Айбловларда айтилишича, Муҳаммад Мўрсий 2011 йили Ғазони назорат қилувчи Ҳамас Фаластин Исломий ҳаракати билан тил бириктирган.
Ўша вақтдаги Миср қонунларига мувофиқ бу амал "сотқинлик" дея талқин қилиниши мумкин.
Ҳозирда хонабанд этилган Муҳаммад Мўрсийни Ғарб ва БМТ озод қилинишини талаб қилаётган эканлар, унга қарши айбловларнинг илгари сурилиши уни ҳибс остида ушлаб туриш учун қонуний асос яратаётгандек.
"Мусулмон биродарлари" Муҳаммад Мўрсийнинг президентликка тикланишини талаб қилмоқда ва унинг ҳисбга олиниши ҳақидаги буйруқни мамлакатга собиқ режим қайтиб келганлиги белгиси сифатида талқин қилмоқда.












