Мисрда жиҳод аломатлари пайдо бўлмоқдами?

Мўрсийнинг ағдарилгани кимга қўл келади?
Сурат тагсўзи, Мўрсийнинг ағдарилгани кимга қўл келади?
    • Author, Франк Гарднер
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик масалаларида муҳаррири

Бу саволни ўртага отишнинг ўзиёқ аксариятни ғазаблантиради.

Тўпалонлар рўй бераётган минтақалардан узоқларда эса миллионлаб мисрликларнинг ҳаёти аввалгидай давом этмоқда.

Мисрнинг энг асосий муаммоси сиёсий эмас, балки иқтисодийдир.

Аммо Мусулмон Биродарлар мисрликларни “инқилобни танклар билан ўғирлашга интилаётганларга қарши исёнга” чақирар экан, ўнлаб одамлар қурбон бўлди ва Ал Азҳар шайхул уламоси фуқаролар уруши билан огоҳлантирди. Бу эса бошқа бир “ноқулай” саволни ўрта отади. Миср Исломчилар томонидан мулозимларга қарши жиҳод бошлаши арафасида турибдими?

Ақидапараст ақаллият

Ғарб демократиясида исломчиларга жой йўқми деган савол кун тартибига чиқди
Сурат тагсўзи, Ғарб демократиясида исломчиларга жой йўқми деган савол кун тартибига чиқди

Ўтган ҳафта Миср президенти Мўрсий ҳарбийлар томонидан ағдарилар экан, ҳар ҳолда Араб дунёсининг энг аҳолиси кўп мамлакати диний ақидапарастлик асосида зўравонликлар домига тушмайди деган қарашда собит инсонлар талайгина. Хушбинлик бор.

Мисрда икки бора бир неча йилдан яшашимга тўғри келди.

Мен мисрликлар қанчалар очиқкўнгил, тоқатбарор ва одобли эканликларини яхши биламан.

Улар орасида экстремистлар йўқ эмас, аммо ақидапарастлар ақаллиятдир.

Бу ақидапарастлар қанчалар бақир-чақир қилишмасин, аксарият уларни дастакламайди.

Миср тарихда бир неча инқирозлардан омон чиққан мамлакатдир.

1981 йилда мужоҳидлар мамлакат презедентига суиқасд қилишади.

Жангарилик оқибатида ўтган аср тўқсонинчи йиллар охирларида 700 дан ортиқ инсон қурбон бўлади.

1997 йил 58 нафар хорижий сайёҳ қирғин қилинади.

Аммо ўтган ҳафталарда кечган воқеалар манзарасида Мисрда яна “муқаддас уруш” уруғлари экилаётганига кўз юмиб бўлмайди.

“Шаҳидлик” тилларда ва шиорларда

Айрим гуруҳлар армия ва полицияга қарши курашга чақиришмоқда
Сурат тагсўзи, Айрим гуруҳлар армия ва полицияга қарши курашга чақиришмоқда

Мўрсий тарафдорларидан бирининг «биз портловчи ускуналарни олиб юрамиз, қўлларимизга қурол оламиз ва бизни ўлимдан ташқари ҳеч нарса Президент Мўрсийни яна қудратга олиб келишдан қайтаролмайди” деган сўзлари Ал Ҳаёт газетида нашр этилди

Ана шу норозилик намойишларида айрим ёшлар оппоқ матоларни ўраб чиқишди. Бу шаҳидлик рамзидир.

Мўрсий жанобларининг қудратдан четлатилишидан кейин айрим интернет форумлар Миср армиясига қарши қасос амалларига чақирди.

Уларни “Ислом душманлари” деб атади.

Полиция ва аскарларни ҳужумлар учун нишон деб эълон қилди.

Ҳозирча бу даъватлар асосан сўнгги воқеалардан “илҳомланиш”дир.

Қуроллар

2011 йилда Миср президенти Ҳусни Муборак ағдарилар экан, мамлакатда хавфсизлик ёмонлашди.

Аммо Сурия, Ливия , Ироқ ва Яман билан солиштирганда Мисрда ўточар қуроли бор шахслар оз.

Қўшни Ливияда Муаммар Қаддофий режимининг яксон этилиши билан аслаҳахоналарга урилган қулфлар синдирилди.

Аксарият қуроллар жиҳодчи гуруҳлар қўлига тушди.

Қаддофийга қарши қўлланилган қуроллар энди бутун минтақага ёйилмоқда дейилади БМТнинг ҳисоботида.

Ҳисоботга кўра, қуроллар орасида кичигидан тортиб, портловчи қурилмалар, миналар ва ҳатто кичик ҳаво мудофааси аслаҳалари бор.

Ҳисобот апрел ойида нашр этилган ва ўшанда айни қуроллар Синайдаги аскилҳукумат исёнкорлар қўлига тушиб Миср хавфсизлигига таҳдид солиши айтилганди.

Диний зиддиятлар

Насронийларга қарши ҳужумлар оз бўлса ҳам рўй бериб туради
Сурат тагсўзи, Насронийларга қарши ҳужумлар оз бўлса ҳам рўй бериб туради

Мисрнинг қарийб ўн фоиз аҳолиси насронийлардир.

Насронийлар мусулмонлар билан аҳил яшаб келишган.

Аммо айрим ақидапараст гуруҳлар уларни худди Ироқ насронийлари каби қувиб чиқаришни исташади.

Миср насронийлари ва черковларига қаратилган ҳужумлар камдан кам бўлса ҳам рўй бериб туради.

Насронийлар Мўрсий жаноблари уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишига шубҳа қилишарди.

Ана энди Мўрсий жаноблари ағдарилар экан, ҳатто Мусулмон Биродарлари таркибида ҳам бу воқеани насронийлар билан боғлаётганлар бор.

Агар Миср жиҳодчи зўравонлик домига тушса, мамлакат насронийлари ўзларини энг осон нишон деб билишади.

Сиёсий тушкунлик

Миср қаёққа қараб кетади?..
Сурат тагсўзи, Миср қаёққа қараб кетади?..

Яқин Шарқ масалалари бўйича аксарият мутахассислар бир фикрда якдил қолишмоқда.

Мўрсий жанобларининг ҳукумати қанчалар қусурли бўлмасин, уни қудратдан ағдариш исломчилар учун ёмон ва хатарнок хабар етказди.

Исломчилар “мана сизга демократия аҳволи” қабилида хулосага келишлари мумкин.

Яъни, “ Ғарбнинг бақир-чақир қиладиган демократиясида исломчиларга жой йўқ, энди қўлга қурол олса бўлади”, деган бир хатарли хулосадир бу.